muslim.uz

muslim.uz

     بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لله الَّذِي جعل الزكاة من أركان الإسلام، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

Закот молиявий ибодат

Ҳурматли жамоат! Аллоҳ таоло инсонларни икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилган шариатларда молиявий ибодат – закот беришни фарз қилган. Жамиятдаги бой қатлам кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишлари уларнинг диний мажбуриятлари саналади.Аллоҳ таоло охир замон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни “закот” деб номлади.

Закотни адо этиш – Аллоҳ таолонинг амридир;

Закот – имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотини адо этар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилган ҳисобланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

  وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

яъни:Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз (Нур сураси 56-оят).

Қуръони каримнинг йигирма еттита ўрнида “закот” калимаси “намоз” билан бирга зикр қилинган. Бу эса ушбу икки ибодат билан бир мартабада эканига далолат қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:  

﴿إِذَا أَدَّيْتَ الزَّكَاةَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ﴾ (رواه الامام الحاكم والامام البيهقي)

яъни: “Молингизнинг закотини адо қилсангиз, батаҳқиқ, зиммангиздаги(бурч)ни бажарибсиз”, деганлар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривоятлари).

Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”.

Закот Охиратда улкан ажру савобларга сабабчидир;

Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас Каломида шундай марҳамат қилади:

 فَالَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَأَنْفَقُوا لَهُمْ أَجْرٌ كَبِيرٌ

яъни: “Бас, сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир”, (Ҳадид сураси 7-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ушбу маъно таъкидланади:

 مَا تَصَدَّقَ أَحَدٌ بِصَدَقَةٍ مِنْ طَيِّبٍ وَلاَ يَقْبَلُ اللهُ إِلاَّ الطَّيِّبَ إِلاَّ أَخَذَهَا الرَّحْمَنُ بِيَمِينِهِ وَإِنْ كَانَتْ تَمْرَةً فَتَرْبُو فِي كَفِّ الرَّحْمَنِ حَتَّى تَكُونَ أَعْظَمَ مِنَ الْجَبَلِ كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ أَوْ فَصِيلَهُ

(رَوَاهُ الامام البُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Қай бир киши ҳалол-покдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалол-покдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ у (садақа)ни ўнг қўли билан қабул қилиб олади. Агар у бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида ўсади. Ҳаттоки, тоғдан ҳам катта бўлиб кетади. Худди бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилганидек” (Имом Бухорий ривоятлари).

Арабларда бир киши совғани мамнуният билан қабул қилиб олишини – “ўнг қўли билан қабул қилиб олди”, дейилади. Набий алайҳиссалом ҳам мазкур ҳадиси шарифда араблар тушунадиган услуб – мажоз орқали тушунтирмоқдалар. Яъни, адо этилган хайру садақани Аллоҳ рози бўлиб қабул қилиб олишини таъкидламоқдалар.

Шунингдек, ҳадисдаги “Раҳмоннинг “кафти”да ўсади” жумласи ҳам мажозий маъно бўлиб, банда адо этган хайру-садақа Қиёматга қадар Аллоҳ таолонинг иноятида бўлиши, ажру савоби кўпайиб тоғдек бўлиши назарда тутилган.

Закот мол-мулкнинг қўрғонидир; 

Закоти берилган мулк – бойлик камбағаллар ҳаққидан пок­ланади ва кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади. Тобеинларнинг саййиди Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинишича:

حصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ

 (رواه الامام الطبراني في المعجم الأوسط)

яъни: “Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг”, дейилган (Имом Табароний ривоятлари).

Закот кишини бахиллик сифатидан халос қилиб, Аллоҳга яқин бандалардан қилади;

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда Пайғамбари­миз алайҳиссалом:

السَّخيُّ قريبٌ مِنَ اللَّهِ، قَرِيبٌ مِنَ النّاسِ، قريبٌ مِنَ الجنَّةِ بَعِيْدٌ مِنَ النّارِ وَالبَخِيلُ بَعِيدٌ مِنَ الجَنَّةِ بَعِيْدٌ مِنَ النَّاسِ قَرِيْبٌ مِنَ النَّارِ وَلَجَاهِلٌ سَخِيٌّ أَحَبُّ إلَى اللَّهِ مِنْ عالمٍ عَابِدٍ بَخِيْلٍ

(أخرجه الاما  الترمذي)

яъни: “Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳ­дан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир. Ўзи жоҳилу, бироқ сахий киши обид бўлса-да, бахил бўлган кишидан кўра Аллоҳга севиклироқдир”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Закотнинг бундан бошқа кўплаб фойдалари бор: Закот берувчи Аллоҳ таоло ҳузурида итоатли мўмин банда деб мақталади. Хулқи сахийлик фазилати билан зийнатланади. Гуноҳларига каффорат бўлади. Камбағаллар ичида ҳурмати ошади. Қиёмат кунида эса, бошига соябон бўлиб, юқори даражаларга эришади.

Муҳтарам жамоат! Ояти карима ва ҳадиси шарифларда закотларини берган бойларга ажру азимлар ва яхши ваъдалар берилиши билан бирга, унга қодир бўлатуриб, бу илоҳий мажбуриятдан бош тортган, закотни ўз вақтида адо этмаган мўминларга қаттиқ ваъидлар ҳам айтилган, унинг ҳалокатли оқибатидан огоҳлантирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:  

مَا مِنْ صَاحِبِ كَنْزٍ لَا يُؤَدِّي زَكَاتَهُ إلَّا أُحْمِيَ عَلَيْهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَيُجْعَلُ صَفَائِحَ فَيُكْوَى بِهَا جَنْبَاهُ وَجَبْهَتُهُ حَتَّى يَحْكُمَ اللَّهُ بَيْنَ عِبَادِهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ، ثُمَّ يُرَى سَبِيلُهُ، إمَّا إلَى الْجَنَّةِ، وَإِمَّا إلَى النَّارِ

яъни: “Ким бойлик жамғариб, унинг закотини адо этмаса, Қиёмат куни ўтдан тамға қилинади ва ёнбошига, пешо­насига ҳамда орқасига босилади. Бу бир куни эллик минг йиллик кунга тенг бўлган кунда Аллоҳ бандаалари ўртасида ҳукм қилиб бўлгунига қадар давом этади. Сўнгра унга ё жаннатга бўлган ёки дўзахга бўлган йўли кўрсатилади” (Муттафақун алайҳ).

Динимиз кўрсатмаси бўйича инсоннинг қўлидаги мол-дунё унга Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган омонатдир. Ўзининг меҳ­нати, донолиги билан эришган бўлса ҳам “Бу меники, пешона терим, ҳеч ким хўжайин эмас”, деб ўйламаслиги керак. У молининг бир қисмини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлаши – энг аввал закотини адо этиши, Ра­ма­зонда фитр садақа ва бошқа ихтиёрий инфоқ-эҳсонлар қилиб туриши керак. Ана шунда Аллоҳ таоло берган мол-мулкининг ҳақини адо қилган бўлади.

Муҳтарам жамоат! Закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллар­дан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пул­лар­дан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кунда­лик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, авто-улов, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.

Демак, кимнинг моли нисобга етиб, бир йил тўлса ёки шун­га қиймати тенг молга бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақ­дорга чиқариб беради. Моли­дан закотини ажратаётганда шу­ни ният қилади.

Нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.

Закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмай­ди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди.

Муҳтарам азизлар! Закот олишга ҳақдорлар ким? Кимларга закот берса бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ

وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 60-оят).

Демак, закот бериладиган саккизта тоифа инсонлар бор:

  1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
  2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
  3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
  4. Диллари Исломга ошно қилинувчи – ғайри динлар;
  5. Мукотаб қуллар. Мукотаб – хўжайини билан маълум миқдордаги маблағни тўлаш эвазига озод бўладиган қул;
  6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
  7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
  8. Йўлда қолганлар (муҳтож бўлиб қолган мусофирлар).

Юқорида санаб ўтилганлардан “диллари исломга ошно қилинувчилар” ҳазрати Умар даврида  закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд эмас.

Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир.

Закот берилаётган киши чиндан ҳам фақир ва муҳтож киши бўлиши лозим. Акс ҳолда бойнинг зиммасидан закот соқит бўлмайди. Шунинг учун уни суруштириб, аниқ бир муҳтожга бериш керак бўлади.

Ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали таъйини йўқ кишилар томонидан: “Закотингизни толиби илмларга ёки мискинларга олиб бориб берамиз”, деган чақириқлар билан чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу билан содда мўмин-мусулмонларимизни алдаб, не умидлар билан адо этган молиявий ибодатларини низоли ҳудудлардаги дин душманларига жалб қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунинг учун бундай ҳолатлардан хушёр бўлмоғимиз даркор. Қолаверса, фуқаҳоларимиз закотни ўзини юртидаги муҳтожлар қолиб, бошқа юртдаги мискинларга бериб юборишни ҳам мукруҳ амаллардан санаганлар.

Муҳтарам жамоат! Мусулмон киши Аллоҳ фарз қилган намоз, закот ва Рамазон рўзасини ўз вақтида адо этиши – динимиз талабидир. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, закот беришга қодир бўла туриб, уни адо қилмаган ёки шаръий узрсиз рўза тутмаган киши гуноҳкор бўлса-да, уни имонсиз демаймиз. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда баъзи бир кишилар томонидан рўза, закот ва намоз каби шариатимизда фарз қилинган амалларни бажармаётган кимсаларни имонсизликда айблаб, уларни кофирга чиқариб, қонини ҳалол санамоқдалар. Ваҳоланки, Ислом таълимотига кўра, намоз, рўза ва закот каби фарз амалларни бажармасликни ўзи билан киши имонидан ажралмайди, балки бу амалларни фарзлигига ишонмаса, уларни бажариш шарт эмас деб, инкор қилсагина, имонига таъсир қилади. Аммо фарзлигига ишониб, уни тасдиқласаю дангасалик ва бепарволик билан фарз амалларни бажармаса, гарчи гуноҳкор бўлса-да, имонидан ажралмайди. 

Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:  “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

“Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган мусулмон кишини динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадиси шарифда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамнибузуқ” ва “кофир” деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда ўтириб олиб, мусулмонларни кофирга чиқараётган нодонлар ушбу ҳадиси шарифлар борлигини унутмасинлар! Шунингдек, бировларга туҳмат қилиб, охиратларини куйдирмасинлар!

 Мазкур ҳадиси шарифлар ва улардан бошқа ривоятларни пухта ўрганган “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодидаги уламоларимизнинг кўрсатмаларига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

  Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” асарларида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берганлар: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг Қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган.

Афсуски, айрим ёшларимиз Интернетда насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиши номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда аянчли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавм-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.

Азизлар! Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2021 йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарорини эълон қиламиз:

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги ЗАКОТ нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг. буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг. арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг. майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, ФИТР садақасининг миқдори:

  • буғдойдан 2 кг. 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан 4 кг. 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
  • майиздан 2 кг. 80 000 (саксон минг) сўм;
  • хурмодан 4 кг. 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати ўртача 25 000 (йигирма беш минг) сўмга тўғри келганидан, бу йилги ФИДЯ миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Аллоҳ таоло халқимизнинг фаровонлигини зиёда айлаб, барчаларимизни закот берадиган, хайру садақотлар қилиб, Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин! Омин!   

 Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин” дедилар (Бақара, 185). 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундур ва унинг мукофотини Мен –Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Раббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар). 

Бошқа бир ривоятда: ”Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди” дейилган. 

Имон келтирган инсон комил мўмин бўлиш учун бутун умри асносида Аллоҳ таоло буюрган ва Унга маъқул бўладиган хайрли амалларни кўплаб бажариб, Аллоҳнинг ризолигини топишни ва бу билан намои аъмолларига ажру савобларни орттириб ёзилиши ҳаракатида бўлади. Аллоҳнинг Ўзи яратган бандаларига марҳамати жуда кенг эканлигини ва бир қилган солиҳ амалимизга баъзи ҳолларда ўн ёки етти юз баробаригача ёки ундан ҳам зиёд (Валлоҳи аълам) мукофот бериш ваъдаси борлигини ҳам юқорида келтирилган биргина ҳадиси шарифдан кўриб турибмиз. Ана шундай намои аъмолларимизга ажру савобларни  ёзилиши ҳаракатида бўладиган бу муборак улуғ ой ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойидир. Бу улуғ ой ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хутба қилганлар. 

Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: 

“Шаъбон ойининг охирги кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бир хутба ўқидилар. 

Эй инсонлар! Улуғ ва баракотли ойнинг сояси устингизга тушди. Бу ойда минг ойдан-да хайрлироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг кундузларида рўза тутишингизни фарз ва кечалари туриб, намоз ўқишингизни суннат қилган. Бу ойда ким заррача яхшилик қилса, бошқа ойларда бир фарз амал қилгандек савоб олади. Ва ким бу ойда бир фарз адо этса, бошқа ойларда етмиш фарз амал бажаргандек бўлади. Бу ой сабр ва қийинчиликларга чидаш ойидир. Сабрнинг эвази эса жаннатдир. Бу ой фақир ва йўқсилларга ёрдам ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда бир кишининг бир рўзадорни ифтор қилдириши гуноҳларнинг кечирилишига ва жаҳаннам оловидан қутилишига васила бўлади. Бундан ташқари унга рўзадорнинг савобидан камайтирилмасдан унинг савобичалик савоб ёзилади, дедилар. 

Саҳобалар: 

 – Ё Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор беришга кучимиз етмайди-ку, дейишди. 

Аллоҳнинг Расули: 

Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир хурмо ёки сув қўшилган бир қултум сут билан ифтор эттирганга ҳам беради. Бу ойнинг боши раҳмат, ўртаси мағфират ва охири оловдан қутулишдир. Ким бу ойда хизматкор жорияларига кам иш буюрса, гуноҳлари кечирилади ва (жаҳаннам) оловидан қутулади. Бу ойда қўлингиздан келганча шу тўрт нарсани қилинглар. Бу тўрт нарсадан иккитаси билан Раббингизни хушнуд қиласиз. Иккитасига эса ўзингиз муҳтожсиз. Раббингизни хушнуд қиладиган икки нарса “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” деб шаҳодат келтиришингиз ва истиғфор айтишингиздир. Сизлар муҳтож бўлган икки нарса Аллоҳдан жаннатни сўрашингиз ва жаҳаннам оловидан паноҳ тилашингиздир. Ким бир рўзадорнинг чанқоғини қондирса, Аллоҳ таоло ўша одамга Менинг ҳовузимдан сув ичириб, жаннатга киргунича чанқатмайди”,дедилар (Мунзирий; Ибн Ҳузайма, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, “Ат-Тарғиб”, 2-жилд, 218-бет). 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Демак, ихлос ва имон билан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутишимиз, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига сабаб бўлади. Ҳар биримиз  бу раҳматга, баракотга тўла бўлган ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойини ғанимат билайлик. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизнинг қилаётган барча тоат- ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин. Омийн. 

 

Яқуб ЖУМАМУРАТОВ тайёрлади.

samedi, 17 avril 2021 00:00

Дуо қилиш одоблари

"Ўзбекистон" радиоканали

"Зиё" медиа маркази

Рамазон зиёси” дастури

Дастур меҳмони: Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

Top