muslim.uz

muslim.uz

Бугун кечқурун ўзбекистонлик ҳожиларининг биринчи гуруҳлари Ватанга соғ-саломат қайтдилар.

Тошкент халқаро аэропортда зиёратчиларимизни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа давлат ва жамоат вазирлик ва ташкилот вакилари кутиб олдилар.
Кўтаринки кайфиятда қайтган зиёратчиларимиз юқори савияда ташкил этилган зиёрат учун миннатдорчиликларини билдирдилар.
Жумладан, Тошкент шаҳар 3-гуруҳ зиёратчиси Азизов Маҳмуд шундай дейди: "бу йилги Ҳаж мавсуми саудиянинг иссиқ иқлими ва ҳавосига тўғри келган бўлсада, Мино, Арофот водийларида ҳавони совитувчи мосламалар, ҳожиларга салиқин ичимликлар тез-тез бериб турилгани сабабли иссиқ пайтлар ҳам осон ўтказилди.
Биз ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбари ва шифокорларнинг айтганларига риоя қилганимиз учун, Яратганимизга шукур, соғ-саломат юриб қайтдик. Барчаси учун ҳукуматимизга каттадан катта раҳмат".   
Тошкент 2-гуруҳ зиёратчиси Каримова Зумрад шундай деди: "Яратганимизга шукур орзу қилиб юрган сафаримиз ниҳоясига етди. Хормай толмай саломат етиб келдик. Тошкентдан чиқиб, мана ҳозиргача бирн нарсага ҳам уринмадик. Жойларда бизга хизматқилиб юрган ишчи гуруҳи, элкибошиларимиз, шифокорлар, ошпазларнинг моҳир қўлари дард кўрмасин. Юртимизни тинчи сақласин.
Бизга эътибор бериб келаётган ҳукуматимиз, сафардалигимизда ҳоли ҳаётдан бевақт кўз юмган муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилдик. Илоҳим биринчи Президентимизни раҳмат қилсин.
Ҳукуматимизни ўз паноҳида сақласин".

 

Алвидо, Макка! Ассалом, Она юрт!

Макка шаҳрида ҳаж ибодатини ниҳоялаган юртдошларимиз энди Она Ватанга қайтиш учун тараддуд кўрмоқдалар. Ана шундай бир гуруҳ ҳожиларимиз Наманган вилоятидан ташриф буюрган юртдошларимиздир. Барчаларининг тилларида шукроналик, дилларида эзгулик, қўлларини дуога очиб, Яратгандан қилган тоат-ибодатларининг қабул бўлишини, оилалари тинч, фарзандлари баркамол ва халқимиз ҳамиша омонда бўлишини сўраб дуо-ю хайрлар қилмоқдалар.

lundi, 19 septembre 2016 00:00

Имоми Аъзамнинг жавоби

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) одатдагидек талабаларга дарс берарди. Бир киши талаба ва шогирдлари олдида у зотни уялтириш мақсадида саволлар билан мурожаат қилди:

“Бир одамни биламан, уни ҳамма мусулмон дейди, лекин сўзларида куфрнинг аломати учрайди. Мен унинг ҳукмини билмоқчи эдим”.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): “Хўш, у нималар дейди”? деб сўради.

У бундай дейди, деб унинг айтганларини бирин-кетин санай бошлади:

  • жаннатдан умид қилмайман,
  • Аллоҳдан ва дўзахдан қўрқмайман,
  • ҳеч иккиланмасдан ўлимтик гўштни истеъмол қиламан,
  • намозни руку ва саждасиз адо этаман,
  • ҳақиқатни ёмон кўраман, фитнани яхши кўраман,
  • кўрмай туриб, гувоҳлик бераман.

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирдларига юзланиб, сизлар бу одам ҳақида қандай фикрдасиз? деб сўради.

Шогирдлари унинг бу сўзлари Худога шаккоклик қилишдир, деб жавоб бердилар.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирдларининг жавобидан қониқмай, ўзи ушбу сўзларнинг ҳикматини изоҳлашга киришди.

Бу одам ҳақиқий, имони мустаҳкам мўминдир. Унинг жаннатдан умид қилмайман, дегани жаннатнинг яратувчиси Аллоҳдан умид қиламан деганидир.

Дўзаҳдан қўрқмайман, дегани унинг эгасидан қўрқаман деганидир.

Аллоҳдан қўрқмайман дегани – Аллоҳнинг ҳукми адолатсиз бўлмай, бандага ҳеч қандай зулм қилинмаслиги ва адолатли ҳукмдан умидвор бўлишини англатади.

Ўлимтик гўштни ейман, дегани балиқни ейман деганидир.

Руку ва саждасиз намозни адо этаман, деганда жаноза намозини назарда тутган.

Ҳақиқатни ёмон кўраман деганда ўлимни ёмон кўраман деган. Ўлим ҳақлигини билсак-да, уни ҳаммамиз ҳам яхши кўрмаймиз. Мўмин-мусулмон кўпроқ савобли амалларни қилиш мақсадида узоқ умр кўришни истайди.

Фитналарни яхши кўраман, дегани бойлик ҳамда бола-чақани яхши кўраман, деганидир. Чунки Қуръони каримда мол-дунё ҳамда фарзандлар фитна сифатида зикр этилган.

Кўрмай туриб гувоҳлик бераман, дегани Аллоҳ ва қиёматнинг ҳақ эканига гувоҳлик бераман деганидир.

Имоми Аъзамнинг жавобларини тинглаган одам ўзига-ўзи мен шундай олимни ўзимга душман билиб юрибман-ми, нақадар ўткир зеҳнли ва фаросатли инсон экан дея Абу Ҳанифанинг қўлидан тутиб, кечирим сўради. 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсон зотини жуфти билан, эр ва хотин қилиб яратди, улардан насл тарқалиши ва кўпайишини ирода қилди. Инсоннинг жуфти билан, эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикмати шундаки, у ҳалол йўл билан, никоҳ орқали оила қуриши, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлаши керак. Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, набирали бўлиш ҳам инсон учун улкан неъмат ҳисобланади. Шу тариқа ер юзида инсон насли сақланиб, давом этиб боради.  Шу билан бирга, эрлар ва хотинлар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун улар ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

 وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

яъни, “Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Бошқа бир оятда:

وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّهِ هُمْ يَكْفُرُونَ

 

«Наҳл»  Яяъни, “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!” дейилади. (Наҳл сураси, 72-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг хурсанд қиладиган, амр қилсанг итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

 Аллоҳ таоло инсон зотини яратгач, наслни давом эттириш учун уларни оила бўлиб яшашга ҳам чақирган. Оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Кўп ҳолларда эрнинг ота-онаси ҳам ёш келин-куёв билан бирга яшашади.

Оналар табаррук, улуғ зот. Ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар оғир гуноҳ. Шундай экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас» деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нега керак? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш қайноналарнинг оналик фитратига ҳам асло мос келмайди.

Бир оқил инсон «Агар келини билан аҳил яшайдиган, уни ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсангиз, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Буниси ҳам ҳолва экан. Яқинда мутахассислар қайнона ва келин мавзуида тадқиқот ўтказишиб, унинг натижаларини ўрганишса, оиладаги жанжалларнинг 50 фоизи қайнонанинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишониш қийин бўлса-да, на илож, рақамлар ҳақиқатни кўрсатиб турибди.

Унда нима қилиш керак? Унда исломий муносабатларга ўтиш, шариат кўрсатмаларига бўйсуниш керак, холос. Бу хушхулқли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик кўрсатиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга киришиш керак, деганидир.

Оиладаги тотувликка, оилани чинакам фароғат қасрига айлантиришга кўп ҳолларда қайнона ва келинлар ўртасида пайдо бўлиб қоладиган ихтилофлар, келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади. Бу эса икки ёшнинг, қолаверса катталарнинг ҳам турмушини оғуга айлантиради. Бундай кўнгилсиз воқеаларда ҳар икки томоннинг ҳам айби бор. Баъзи хонадонларга келинга худди хизматкор ёки қул каби муносабатда бўлишга ўрганиб қолинган. Куёв у ёқда қолиб, унинг яқинлари, ҳатто қайнинилар ва қайнсингилларнинг ҳам хизматини қилишга мажбурланади.

Аммо оила аъзолари, айниқса қайноналар «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.

Энг алам қиладиган жойи, ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган можаро бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?».

Азиз намозхонлар! Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки талоқ ҳазил эмас, ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларза келишини тушунишмаса? Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир аёл сабабсиз эридан талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Эр-хотиннинг турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан «хато» топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.

Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Аллоҳ таоло бундай деб, марҳамат қилади:

 الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни, Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар. ( Оли Имрон, 134 оят)

Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда вақтинчалик ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» деганларидай, икки ошифта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши, шайтоннинг бўйнини синдириб, муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб яшнатиб юборади.

 «Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, ахлоқий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?! Бу ишда катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган қайноналарнинг қилмишлари кўпроқ сабаб бўляпти.  

Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш эрнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота-қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур. Лекин айрим қайноналар рўзғорнинг барча камию кемтигини келин томонга юклаб қўйиш пайида бўлишади, барча можаролар, “қилди-қилмадилар” мана шундан кейин бошланади. Шу билан бирга, бу талаблар бажарилган тақдирда ҳам уни миннат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, зиммасидаги вожиб амални адо этган киши ўз бурчини адо этган бўлади, холос.

Бир ота-онадан қизининг ўз қайнонасидан қилган шикоятига қулоқ солайлик. Уларнинг айтишларича, қуда хотин янги келинга: «Менга чўри бўлсанггина бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман», дер экан. Келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, орага талоқ тушибди. Келин ота-онасининг уйига қайтибди. Икки тараф хижолат. Бировнинг боқиб, тарбиялаб, вояга етказган қизини келин қилишга сўраб борган тараф ўғлига умр йўлдош топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота-онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?! Шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими?

Имомларимизнинг олдига оилавий муаммо билан савол сўраб келаётган кишиларнинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам онасининг ёки қайнонасининг зўрлаши сабабли оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар оналар боласига: «Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оқ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ» каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўладилар. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, бош уришга мажбур бўлади. У Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота-она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг   китобларида алоҳида таъкидлаганлар.

Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга ҳам боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтлари бахтсизликка айланиб, ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра тақдирга там беришга мажбур бўлишади.

Муҳтарам жамоат! Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг бемаъни истак-хоҳишларидан воз кечишса, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, айниқса қайнона ва келин ўртасида ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-бирларимизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин, оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин. Омин!

Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг бебаҳоси – дини ва Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик  даврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир!

Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади.

Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб майда ҳашаротларгача ўз Ватанини севадилар. Демак, бу мавжудотлардаги Аллоҳнинг одати, чиқарган қонуни! Уни инсон фитратига Аллоҳ солиб қўйди. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда уларни яшашга нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир.

Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта:

  • ўз Ватанига чин муҳаббат қўйиш;
  • Ватанини обод этиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди  (Ҳуд, 61).

  • Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг (Аъроф,56). 

 Ҳамаср олимлардан шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган жуда гўзал  таъриф айтган:

“Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Муҳаббати юракка сингиган, инсон унда бўлганда хотиржам, йироқ кетганда талпинадиган, ҳужум қилинганда асрайдиган, камситилганда ғазабланадиган макон Ватандир”.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтганларини бироз шарҳлайлик.

Бу туйғу – муҳаббатни инсон ўзидан ўзи пайдо қилган эмас. Уни бандаси қалбига солган, қон-қонига, жон-жонига сингдириб қўйган, яратишда муҳаббати ила қориб яратган зот унинг Холиқидир. Демак, бу илоҳий туйғудир. Қалбга муҳаббатни Аллоҳ солганидан кейин гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам уни яхши кўраверади. Имкониятларни чегараланганлиги, ризқининг танглиги ва шароитнинг торлигига эътибор бермайди, ундан шикоят ҳам қилмайди. Чунки Лайлининг ҳақиқий жамолини кўраман деганлар унга Мажнуннинг кўзи билан қарамоғи керак!

Ҳақиқатда инсон қийналса-да ўз Ватанида бошқа жойга қараганда хотиржам, ҳур яшайди. “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл”, ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Камбағал инсон ўз юртида подшоҳлар каби ҳаёт кечиради. Ҳикматларда: “Кишининг ризқи ўз ватанида бўлиши саодатдир”, дейилган.

Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсоннинг хору зор бўлиши учун Ватани ва яқинларидан айрилишнинг ўзи кифоя!”, деган.

Ватанни-ку қўйинг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Мўмин-мусумон  Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса, ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга Ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб қўймайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг. Зеро, Ватанга муҳаббат қўйиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос қолгандир.

                                                                  

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме

                                                     масжиди имом-хатиби

 

Янгиликлар

Top