www.muslimuz

www.muslimuz

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларининг ушбу қисмида Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га ҳар бир мўмин ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўрашини тавсия қилганлар. Ҳақиқий мўмин ҳеч қачон Ундан ўзгага суянмайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларининг яна бирида бундай марҳамат қилинади. Исмоил ибн Муҳаммад ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан, у бобоси (розияллоҳу анҳум)дан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Менга васият қилинг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг қўлига қарама. Бу бойликдир. Тамадан сақлан. У фақирликдир. Намозингни худди видолашаётган одамдек ўқи. Узр сўраладиган нарсалардан сақлан”, дедилар».

Доно халқимиз ҳам ҳадисларда келган маъноларни чуқур англаган ҳолда, “Бахтни бировларнинг остонасидан қидиришнинг ўзи бахтсизликнинг боши” ёки “Бировнинг ёғли нонидан ўзингнинг зоғоранг яхши” каби мақоллари воситасида тамахўрлик ва бировларнинг қўлига қарам бўлиб қолишдан огоҳлантирган.

Ўз қадрини билган инсонлар бошқалардан асло умидвор бўлмайди. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Парвардигордан сўрайди. Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг фазлидан сўранг” (Нисо, 32), деб марҳамат қилган. Дуосининг қабул қилинишига ишониб, ўтиниб сўраса, Аллоҳ таоло, шубҳасиз, ижобат қилади. Ҳожатларни Аллоҳ таолодан сўраш бандаликнинг асосидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранг. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Гоҳида баъзи одамлардан: “Худони тинч қўйсанг-чи, арзимас нарсалар учун ҳам безовта қилаверасанми”, деган бемаъни сўзларни эшитиб қоламиз. Бу нотўғри тушунча. Бирор нарсанинг арзирли ёки арзимас бўлиши бизнинг қарашимизга кўрадир. Аллоҳ таолога нисбатан эҳтиёжларимиз катта-кичик бўлишининг эътибори йўқ. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло учун (бандасига) инъом этган ҳеч нарсаси улкан туюлмайди” (Имом Термизий ривояти). Ҳақиқатда, битмас-туганмас хазиналар Эгаси Ҳақ таоло ҳеч қачон бандаларининг сўрови ва илинжидан малолланмайди. Шу сабабли ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло дуо-илтижо қилмай қўйган бандасидан ғазабланишини айтиб: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади. Ҳар бирингиз барча ҳожатини, ҳатто оёқ кийимининг узилиб кетган боғичини ҳам Парвардигоридан сўрасин!” деганлар.

Агар банда ўзининг бирорта дунёвий ҳожатини сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат этади ёки сўраганидан ҳам яхшироқ ўзга бир неъмат беради. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган фазлу марҳаматидан ҳисобланади.

Энди ўйлаб кўрайлик, наҳот шунча таъкиддан кейин ҳам бировларга нарса беришдан оғринадиган ва илтимосларни малол оладиган ожиз инсондан умидвор бўлсак?! Шоирлардан бири айтганидек:

Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,

Сўранг, саховати чекланмас Зотдан.

Аллоҳ ғазаб қилур сўрамай қўйсак,

Инсонлар дарғазаб илтимос қилсанг.

Улуғларимиз Аллоҳ таолодан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир, деб билган. Чунки одамлардан бирор нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик етказишади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини синдиради. Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалардан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ, Абу Зарр Ғифорий, Савбон ва Авф ибн Молик (розияллоҳу анҳум) ана шундай байъат берганлар сафида эди. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб оларди. Бировлардан илтимос қилмасдилар.

Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан бўлиши керак. Зеро, мадад тилаш ибодат моҳияти саналади. Аслида, ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Бунга фақат Аллоҳ таоло қодирдир. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлиш оқиллар иши эмас. Дунёда инсон ўзига ўхшаган оддий бир инсоннинг қўлига қарам бўлишидан, унинг ҳузуридаги мавжуд нарсага муҳтож бўлишидан хунукроқ ҳолат бўлмаса керак.

Албатта, бу ўринда моддий жиҳатдан имкониятли бўлган одамлар ёрдамларига муҳтож бўлиб турган инсонларни қуруқ қайтармасликлари лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли, деб ўйлаймиз. Инсон бошида ҳар хил кунлар бор. Шундай кунлар бўлади, бир оғиз ширин сўзга ёки тасалли берувчи ҳамдардга муҳтожлик сезади. Гоҳида эса, молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун дўстлари ёрдамига муҳтож бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам у атрофидаги кишиларга кўз тикади ва мана шу одам менга ёрдам беришга қодир, деб ўйлаган кишисининг ҳузурига йўл олади... Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёрдам сўраб келган кишини қуруқ қайтармасликни қаттиқ таъкидлаганлар. Аллоҳ таоло йўлида қарз бериш ва муҳтожларга ёрдам кўрсатишнинг фазли борасида кўплаб оят ва ҳадислар келган. Муҳтож учун берилган қарз зоҳиран унга берилган бўлса-да, лекин Аллоҳ таоло унга гўё Ўзи учун олган қарздек эътибор қилган ва бунинг эвазига бир неча баробар қилиб қайтариш ваъдасини берган. Нафсининг бахиллигини енгган кишиларни “нажот топувчилар” деб сифатлаган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгиллик беради. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”, дея марҳамат қилганлар».

Динимизда инсонларга яхшилик қилишга ва саховат кўрсатишга шунчалик тарғиблар бўлса-да, ичимизда нафсининг бахиллигини енга олмаган ҳамда охиратдаги мукофотдан бу дунёдаги “нақд”ини афзал кўрган кишилар учраб туради. Халқимизда “Қишда қор сўрасанг бермайди” каби мақоллар бежизга айтилмаган. Ҳаётда шундай инсонларга дуч келасиз, бахиллик, мумсиклик ва қизғанчиқлик уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Улардан бирор нарса сўраб хижил бўлишдан кўра муҳтожлик афзал.

Шунинг учун ҳам барча эҳтиёжлар бахилликдан сахийликни устун қилиб қўйган Қодир Зотдан сўралади. Зеро, биз доим каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Ушбу эҳтиёжларимизни эса, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қондира олмайди.

Аллоҳ таолодан бирор эҳтиёжимизни сўрасак, дуо қилиб сўраймиз. Дуоларимиз қабул бўлишига умид қиламиз, сўраганларимиз тезроқ амалга ошишига ошиқамиз. Истагимиз амалга ошса, ниҳоятда шодон бўламиз. Лекин хоҳишимиз озгина кечикса ёки рўёбга чиқмаса, жазавага тушиб, шикоят бошлаймиз. Аслида, бу ожизлигимиздан ва шошқалоқ эканимиздан ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳикматини ва биз учун нима яхши-ю, нима ёмонлигини билмаганимиздан. “Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман” (Бақара, 186) мазмунли ояти каримани, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Кимга дуо қилиш неъмати берилган бўлса, ижобат ҳам берилибди. Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Менга дуо қилинглар, сизлар учун ижобат этаман”» (Имом Табароний ривояти) деганларини ўқиймиз-да, ўзимизча “Нима учун Аллоҳ таоло менинг дуоимни ижобат қилмаяпти”, деб ўйлаймиз. Қалбимизга мана шундай хаёл оралаганида, камчиликни ўзимиздан қидирайлик ва ўзимизга савол берайлик. Сўраш одобларига риоя қиляпмизми? Дуоларимиз тил учида бўлмасдан, қалбдан чиқяптими? Сабр-матонат билан сўраяпмизми? Балки сўраётганимиз берилмаётгани биз учун яхшироқдир?! Шу каби саволларга жавоб ўрнида қуйидагиларни айтиш лозим деб ўйлаймиз.

Фазилатли вақтларни ғанимат билиш, таҳорат ва намоздан кейин тавба-тазарру билан дуо қилиш, қиблага юзланиб, икки қўлни кўтариш, дуо аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавотлар айтиш, фақат ўз ғамини емасдан, барча мўминларни дуо қилиш ҳамда Аллоҳ таолодан ижобатини умид қилиш дуо одобларидан ҳисобланади.

Ушбу дуо одобларига риоя этган ҳолда, дуо қилишдаги шартларга ҳам амал қилиш зарур бўлади.

  1. Дуоси қабул бўлишига қаттиқ ишониб, қалбдан дуо қилиш. Инсон амалга оширмоқчи бўлган ишига нисбатан умиди бўлмаса ёки ўша ишга сидқидилдан ҳаракат қилмаса, уринмагани маъқул. Чунки умидсизлик ва лоқайдлик билан ёндашилган ишнинг амалга ошишидан кўра ошмаслиги кўпроқ аниқ бўлади. Дуода ҳам ушбу жиҳатларга эътибор қилиш муҳим ўринда туради.

Имом Термизий ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ижобат этилишига аниқ ишониб, Аллоҳга дуо қилинглар. Аллоҳ таоло ғофил, парвойи фалак қалбдан чиққан дуони қабул этмайди”, деб марҳамат қилганлар».

  1. Қатъий қарор билан дуо қилиш. Инсон дуо қилишда иккиланмасдан, Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиши керак. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, хоҳласанг, мени мағфират эт. Ё Аллоҳ, хоҳласанг, менга раҳм қил!” тарзида истиғфор айтиш ва дуо қилишдан қайтарганлар. Ҳадисга мувофиқ чин дилдан, сабот билан дуо қилиш зарур.
  2. Дуони тўхтатмасдан қилиш. Аллоҳ таоло бандасининг муттасил дуода бўлиб, муҳтожлигини изҳор қилиб туришини яхши кўради. Ана шунда Аллоҳ таоло банданинг дуосини қабул қилади. Инсон умидини узмасдан, ижобат этилишига ишониб, сабр билан астойдил дуо қилса, бир куни тилагига эришади. Зеро, эшикни тинмасдан қоқиб турган кишига, албатта, эшик очилади. Аъроф сурасининг 56-оятида бундай марҳамат қилинади:

﴿وَلَا تُفۡسِدُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ بَعۡدَ إِصۡلَٰحِهَا وَٱدۡعُوهُ خَوۡفٗا وَطَمَعًاۚ إِنَّ رَحۡمَتَ ٱللَّهِ قَرِيبٞ مِّنَ ٱلۡمُحۡسِنِينَ٥٦

«...Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч, ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир».

Дарҳол ижобат этилмагани туфайли дуо қилишни ташлаб қўядиган кимсалар ижобат марҳаматидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Банда ижобатдан умидвор бўлиб дуо қилиши лозим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сабр-тоқат билан дуо қилувчиларни севади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Модомики қай бирингиз шошма-шошарлик қилиб: “Аллоҳга дуо қилгандим, ижобат этмади”, деб айтмаса, унинг дуоси ижобат бўлади», деб марҳамат қилганлар.

  1. Ейиш-ичишига эътибор бериш. Дуо ижобат бўлишининг муҳим сабабларидан бири – ҳалолликка ниҳоятда эътибор бериш. Топганининг ҳалол-ҳаромлигига аҳамият бермайдиган кимсаларнинг дуоси ижобат бўлмайди. Қўлларини кўкка чўзиб: “Ё Аллоҳ, Ё Аллоҳ!” деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” деганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъдга буюриб: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси мустажоб киши бўласан!” деганлар.

Ушбу келтирилган шартлардан ташқари, дуо қилувчи дуосининг қабул бўлиши ёки қабул бўлмаслигига нисбатан эътиқоди Абу Саид (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қилган ривоятдагидек бўлиши айни муддаодир: “Қайси бир мусулмон дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки силаи раҳмни узишга етаклайдиган сўз бўлмаса, Аллоҳ унга қуйидаги учта нарсанинг бирини беради: сўраганини тезда ижобат қилади ё дуосини охиратга захира қилиб қўяди ёки ундан шу баробардаги бир зиённи аритади”, дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Саҳобалар: “У ҳолда биз дуони кўпайтирамиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ янада кўпроқ яхшилик беради”, дедилар.

Қалб Аллоҳ таоло измидадир, Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўяди. Шунинг учун, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида таваккул этайлик. Аллоҳ таоло: “...Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар...” (Талоқ, 3), дея марҳамат қилган.

Инсон қўлидаги мавжуд неъмат оз бўлса ҳам, шукр ва сабр қилиши лозим. Олдида турган кунлари учун ортиқча ташвишга тушиб, сабрсизлик қилиши ўзи учун зарардир. Чунки бу ҳолат Аллоҳ таолога исён қилишгача олиб бориши мумкин. Мўмин ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз имконияти даражасида ҳаракат қилиб, қолганига Аллоҳ таолога таваккул қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида бундай марҳамат қиладилар: “Агар Аллоҳга ҳақиқатан таваккул қилсангиз, у эрта билан оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантиради”.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний бундай насиҳат қилган: «Эй фарзанд! Одамлардан бирор нарса сўрама, эрта учун озуқа жамлама, чунки Аллоҳ ризқингга кафилдир. Аллоҳ дейди: “Эй Одам фарзанди, мен ҳар куни сенинг ризқингни бераман!” Таваккул қилувчиларга Аллоҳ дейди: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилади”. Эсингда бўлсин, ризқ Аллоҳ томонидан тақсимлангандир».

Имом Ғаззолий “Мукошафатул қулуб” асарида қуйидаги ибратли воқеани келтиради: «Шақиқ Балхий ризқ топиш учун ҳеч ҳаракат қилмас эди. Бир вақт ҳаж сабаб бўлиб у киши Иброҳим Адҳам билан Маккада учрашиб қолди. Иброҳим Адҳам ундан ризқ топиш учун бундай ҳаракат қилмаслигингга сабаб нима, деб сўради. Шақиқ Балхий бунинг сабабини айтиб: “Бир кун чўлда қаноти синган бир қушни кўрдим. У ҳаракат қила олмас, учолмасди. Бирдан оғзида чигиртка билан бир қуш учиб келди-ю қаноти синиқ қушнинг оғзига чигирткани солди. Бу воқеани кўриб, ўзим-ўзимга дедим: “Бу қаноти синиқ қушни таъминлаган Аллоҳ мени ҳам таъминлагай!” Шундай дедим-да, кечаю кундуз ибодатда банд бўлдим”, деди. Иброҳим Адҳам: “Нечун сен ногирон қушни таъминловчи соғлом қуш бўлмайсан? Ҳаракат қилувчи қуш бўлсанг, янада фазилатли ва яна шарафли бўлардинг! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Берувчи қўл олувчи қўлдан хайрлироқдир”, деганларини эшитмаганмисан?” деди. Шунда Шақиқ Балхий ўз хатосини англади».

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) бошидан ўтган воқеани бундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир нарса сўраш учун келдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни: “Ким сабр кўрсатса, Аллоҳ унга сабр беради. Ким ўзини тийса, Аллоҳ унга иффат беради. Ким беҳожатлик сўраса, Аллоҳ уни беҳожат қилади”, деб гапириб турган ҳолларида топдим. Шунда мен: “Бугундан эътиборан сиздан бирор нарса сўрамайман”, дедим».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар инсонлар қўлидаги нарсаларга кўз тикувчи, тамагир бўлиб қолишдан сақланишларини ҳамда Умар (розияллоҳу анҳу) назарда тутган таваккул қилувчилардан бўлишларини истар эдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) Яман аҳлидан бўлган бир қавмнинг олдидан ўтатуриб: “Сизлар кимсиз?” деб сўради. Улар: “Биз таваккул қилувчилармиз”, деди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Ёлғон гапиряпсизлар... сизлар таваккул қилувчи эмассизлар... Албатта, ерга уруғ ташлаб, Аллоҳга таваккал қилган киши ҳақиқий таваккалчидир”, деган эди.

Мўмин мол-дунёга қул бўлиб қолишдан сақланиши, Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлиши лозим. Зеро, кифоя қиладиган озгина нарса туғёнга кетказадиган кўпдан яхшироқдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Оз бўлиб кифоя қилгани кўп бўлиб банд қилганидан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу борада Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ! Дунёдан менга нима кифоя қилади?” дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Очлигингни тўсиб, авратингни ёпадиган нарса. Агар сенга бошпана бўладиган уйинг бўлса, бу мулк. Ва агар уловинг бўлса, қандай яхши”, дедилар». Яъни, инсон учун ҳаётда қорни тўядиган даражада таоми, авратини ёпадиган бир сидра кийими ва ўзига муносиб бошпанаси бўлса, кифоя қилади. Ушбу ҳадисни саҳобалар тўғри тушуниб етишган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўринбосари, меросхўри, адолат тимсоли Умар (розияллоҳу анҳу) бир куни суҳбатдошларига: “Сизларга Аллоҳнинг молидан нимага ҳақли бўлганимни айтайми?” деди. “Ҳа”, дейишди. У: “Қишки ва ёзги жилбоб (узун кўйлак), ҳаж ва умра қилишим учун ёрдам берадиган улов. Бундан кейин менинг озуқам Қурайшдан бўлган бир кишининг озуқаси кабидир... мен уларнинг энг юқориси ва энг пасти ҳам эмасман...”, деган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирига муҳтож қилиб яратган. Бирида бўлган имконият ёки иқтидор бошқасида йўқ, табиий. Бу дунёнинг мувозанати ҳам мана шу билан барқарор бўлиб туради. Чунки инсоннинг ҳеч кимга муҳтож бўлмаслиги туғёнга кетказиб қўйганидек, ўта муҳтож ҳолда бўлиши умидсизликка дучор қилиб қўяди. Демак, инсон ожиз экан, атрофидаги инсонлар ёрдамига муҳтож бўлади. Ҳаёти давомида олдида турган муаммолар ечимини топишга бир ўзининг моддий ёки маънавий имкониятлари етмайди. Шу сабабли гоҳида шароит уни атрофидаги кишилардан бирор нарса сўрашга мажбур қилади. Ушбу ҳолатда аввал вазиятни тўғри баҳолаши лозим. Муаммоларни ҳал қила олмаётгани ўзининг дангасалиги, ланжлиги оқибатидан эмасми? Ҳақиқатдан ҳам у мана шу нарсага ўта муҳтожми ёки нафс ҳавосининг истагидан келиб чиқяптими? Сўраш одат тусига айланиб, қалбида тама уруғининг томир отишига сабаб бўлмайдими? Сўралаётган одам олдида ўзининг хорланишига олиб бормайдими? Агар мана шу нарсалардан бирортаси вужудга келадиган бўлса, ожизликда ўзига ўхшаш инсондан сўрамагани маъқул. Зеро, у ушбу иши билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сизлардан бирингиз арқон олиб, бир қучоқ ўтинни орқасига ортиб келиб, юзини (сарғайишдан) сақлаши унинг учун инсонлардан сўрашидан яхшидир. Инсонлар унга берадилар ёки бермайдилар”, деган сўзларига амал қилган бўлади.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний инсонни хорлик ўринларига тушиб қолишидан сақлаш маъносида бундай насиҳат қилади: “Эй фарзанд, фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, бирор киши сени мақтаса, ғурурланма, танқид қилса, ранжима. Инсонлардан ҳеч нарса сўрама, тама қилма, футувват (саховат) аҳлидан бўл, Ҳақ таоло сенга нима берган бўлса, халққа тарқат... Бирон бир мансаб-мақомга интилма”.

Шоирлардан бири эса, ушбу маъноларни қуйидаги шеъри билан ифодалаган:

Тама қилиб, махлуққа бўйинсунмагин,

Бундай қилиш динга берган зарарингдир.

Аллоҳ хазинасидан сўра ризқингни,

Чунки у “коф” ва “нун” ўртасидадир.

Ушбу мавзунинг хулосаси сифатида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар ёрдам талаб қилсанг, Аллоҳдан талаб қил” (Имом Термизий ривояти) деган қисқа, аммо пурмаъно тавсияларини келтириб ўтиш етарли бўлса керак, деб ўйлаймиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ЕТТИНЧИ ВАСИЯТ:

Зиёрат;

Қабрларни зиёрат қилиш;

 

33 - كَرَامَاتُ الْوَلِيِّ بِدَارِ دُنْيَا      لَهَا كَوْنٌ فَهُمْ أَهْلُ النَّوَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Дунё диёрида валийларнинг кароматлари, уларда (кароматларда) мавжудлик бордир, чунки улар (валийлар) инъом аҳлидирлар.

 

Назмий баёни:

Дунёда валийлар кароматлари

Бўлиши шубҳасиз, улар инъом аҳли.

 

Луғатлар изоҳи:

كَرَامَاتُ – мубтадо, музоф. Хабари тақдирий حَقٌّ дир.

الْوَلِيِّ – бу калимадаги اَلْ “истиғроқия” (батамом қамраб олиш) учун келган жинсия اَلْ дир. Шунинг учун муфрад бўлса ҳам “валийлар” дея таржима қилинди.  

بِ – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

دُنْيَاِ دَار – мажрур, музоф, музофун илайҳ. دُنْيَا  калимаси аввалги ҳарфи دُ нинг заммаси билан айтилиши машҳурдир. Баъзи уламолардан دِنْيَا шаклида аввалги ҳарфини касралик қилиб ўқилгани ҳам ривоят қилинган. Дунё луғатда “яқин” маъносига тўғри келади. Дунё калимасидан нима тушунилиши ҳақида икки хил қараш бор:

– Ҳаво кенгликлари билан биргаликда ер юзидаги барча нарсалар;

– Барча махлуқотлар.  

Иккинчи қараш мўътабар ҳисобланади ва бу ўринда ҳам ушбу қараш ирода қилинган.  

لَهَا – жор ҳарфи فِي маъносида келган. Замир билан келгани учун фатҳали бўлиб турибди. Замир  كَرَامَاتُ га қайтади.

كَوْنٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Унинг хабари олдин келган لَهَا дир.

فَ – “таълилия” (изоҳламоқ) маъносида келган. 

هُمْ – мубтадо. Жам музаккар ғоиб замири.  

أَهْلُ – хабар. Музоф. Аҳл калимаси бу ўринда “эга” маъносида келган. 

النَّوَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “тортиқ”, “ҳадя” каби маъноларни англатади.

 

Матн шарҳи:

Ушбу байтда Аҳли сунна вал-жамоанинг валийлар ва уларнинг кароматлари тўғрисидаги эътиқодлари қисқа ва лўнда баён қилинган. Чунки ушбу масалада ҳам мўътазилий фирқасининг нотўғри қарашлари бўлган.  

Валий луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”[1].

 

Валийларнинг мартабалари

“Ақидатул муъмин” китобида валийларнинг тўрт мартабада бўлишлари баён қилинган. 

  1. “Энг олий мартаба – бу мартаба набий ва расулларнинг мартабасидир. Аллоҳ таоло тарафидан уларга ато қилинган кароматлар мўъжизалар бўлган. Улар бу мўъжизаларни тўғри йўлга чақириш учун ҳужжат қилиб келтирганлар.
  2. Юқори мартаба – бу мартаба пайғамбар алайҳиссаломларга эргашган, уларнинг яқин ёрдамчилари бўлган пешқадам кишиларнинг мартабасидир. Буларнинг мартабалари Аллоҳнинг элчисига қанчалик яқин бўлганлари эътиборидан бир-бирларига нисбатан турли даражаларда бўлган.
  3. Ўртача мартаба – бу мартаба ўртача даражадаги ўнг тараф эгаларидан бўлган иймон ва тақво аҳлларининг мартабасидир.
  4. Паст мартаба – бу мартаба иймон ва тақвода заиф бўлган, ўзларига зулм қилган кишиларнинг мартабасидир.

Ояти каримада солиҳ бандалар ҳақида шундай баён қилинган:

﴿ثُمَّ أَوۡرَثۡنَا ٱلۡكِتَٰبَ ٱلَّذِينَ ٱصۡطَفَيۡنَا مِنۡ عِبَادِنَاۖ فَمِنۡهُمۡ ظَالِمٞ لِّنَفۡسِهِۦ وَمِنۡهُم مُّقۡتَصِدٞ وَمِنۡهُمۡ سَابِقُۢ بِٱلۡخَيۡرَٰتِ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَضۡلُ ٱلۡكَبِيرُ٣٢

“Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир”[2].     

Ушбу ояти каримада инсонларнинг уч тоифаси зикр қилинган:

  1. Ўзларига зулм қилувчилар;
  2. Ўртачалар;
  3. Яхшиликларга ўзувчилар.

Кейинги ояти каримада мазкур уч тоифанинг барчалари жаннатга киришлари, тилло билакузуклар ва инжулар билан безанишлари, либослари ипакдан бўлиши баён қилинган. Бу нарса эса иймон ва тақвода заиф бўлган кишилар ҳам агарчи баъзи заруриятларни тарк қилган ёки баъзи ножойиз ишларни қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг дўстларидан саналишларига далолат қилади. Фақатгина уларнинг иймон ва тақволари заифликлари сабабли пешқадамлардан паст ва ўртачаларнинг даражаларига ҳам етмаган энг паст даражада бўладилар”[3].     

 

Кароматнинг турлари

Каромат луғатда “иззат икром”, “қадр қиммат”, “олийжаноблик” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “Аллоҳ таолонинг Ўзи севган бандаларига қилган иззат-икроми каромат, дейилади”. 

Каромат икки хил бўлади:

  1. Туғма каромат;
  2. Меҳнат билан эришиладиган каромат.

Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ таоло инсон қилиб яратган. Инсон қилиб яратилганлар эса мўмину кофирликларидан қатъи назар бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйилган, яъни ҳозирги баҳс нуқтаи назаридан қаралса, одам боласи бўлиб, дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ таолонинг уларни иззат-икром қилганидир. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, бошқа жониворнинг боласи ҳолида дунёга келишлари ҳам мумкин эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни одам фарзанди сифатида дунёга келишларини ирода қилган. Одам болаларини эса бошқа кўплаб жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйган.  Ушбу азизу мукаррам қилиниш, инсониятнинг туғма кароматидир. 

﴿۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا٧٠

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”[4].          

Яъни Аллоҳ таоло Одам наслига ақл бериб, илм бериб, нутқ бериб, коинотдаги барча нарсаларни уларга тобе қилиб, бошқа махлуқотлардан уларни азизу мукаррам қилиб қўйган. Уларга ҳайвонларни улов қилиб берган ва кемаларни ҳам кўтаришга салоҳиятли қилиб қўйган. Лаззатли таомлар ва ширин сувларни ризқ қилиб берган. Муқотил: “Бу ояти карима “Биз одам болаларига сариёғ, асал, қаймоқ, хурмо каби покиза нарсаларни ризқ қилиб бердик, бошқа ҳайвонларга эса сомон, суяк каби нарсаларни ризқ қилиб бердик” маъносини англатади”, – деган. 

Кароматнинг иккинчи тури, яъни меҳнат билан эришиладиган каромат эса фақат тақводор мўминлардагина ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу каромат мўминларга хос эътиқод ва ҳаракатлар билан ҳосил бўлади.

 Қуръони каримда инсонлар орасидаги энг ҳурматли, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор банданинг сифати баён қилинган: 

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”[5].  

Бу хитоб бутун башариятга қарата айтилган. Яъни эй одамлар, Биз сизларни битта аслдан яратганмиз. Сизларни бир ота ва бир онадан вужудга келтирганмиз. Шунинг учун ота-боболар билан мақтаниш ҳам, насабга суяниш ҳам беҳудадир. Сизлар барчангиз Одамдан тарқалгансизлар, Одам эса тупроқдан яратилгандир! Башариятнинг халқлар ва қабилалар қилиб қўйилиши ота-боболар билан фахрланиш учун эмас, балки бир-бирларининг насабларини таниб олиш, оталаридан бошқага нисбат бермаслик учундир.

 Насаб урфда ҳам, шариатда ҳам эътиборга олинса-да, лекин унинг Аллоҳ ҳузурида қадри баланд бўлишда ҳеч қандай эътибори йўқдир. Аллоҳ ҳузурида азиз бўлиш иймон ва тақво билан бўлади. Бу азизлик олдида қолган азизликлар худди қуёш чиққанида юлдузлар ғойиб бўлгани каби кўзга ташланмай қолади. Ҳа, одамлар наслу насаб билан эмас, тақво билан азиз бўладилар. Сўфи  Оллоҳёр бобомиз айтганидек: 

Ишонма отага, қолма талабдин,

Сўралмасдур қиёматда насабдин.

Яъни мен фалонийлар авлодиданман, деб алданиб қолмагин, чунки ҳисоб-китоб кунида насл-насабингдан сўров бўлмайди, балки қилган амалларингдан сўров бўлади. Аммо дунёда бировнинг ҳам амали яхши, ҳам насаби яхши бўлса, нур устига нур бўлади. Бироқ амали ёмон бўлса...

Ҳикматли сўзда: “Амали ортга сурган кимсани насаби олдинга сура олмайди”, – дейилган.

Шунинг учун, кимки дунёю охиратда азизу мукаррам бўлишни, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор бўлишни хоҳласа, албатта, тақводор мўмин бўлиши лозим! 

 

Фаросат – ярим каромат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:    

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال اِتَّقُوا فِراسَةَ الْمُؤْمِنِ فَإِنَّهُ يَنْظُرُ بِنُورِ اللّهِ ثُمَّ قَرَأَ ﴿إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّلۡمُتَوَسِّمِينَ٧٥    أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади, – дедилар сўнгра Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир,[6] оятини ўқидилар”. “Сунани Темизий”да келган.  

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис мўмин банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш фаросати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар”, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади.

Фаросат луғатда “фаҳмлаш”, “ўткир ақл” каби маъноларни англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда “Фаросат ярим каромат”деган ҳикматли сўз бор. “Туҳфатул аолий” китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:

– Иймоний фаросат, банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан иборат бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади.

– Риёзий фаросат, тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини хилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофдаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, фақатгина ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.

– Холқий фаросат Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган боғлиқликлардан хулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни тўғри илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.

Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: “Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир”[7].

Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар, улар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъи амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи  Оллоҳёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган:

Шариат ҳукмидин ташқи риёзат

Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат.

Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни хатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмини ўрганиш лозим.

 

Истидрож ҳақида

Валийлар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар каромат деб номланади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий ишлар эса “эҳтиёжини қондириш” деб номланади. Бу ҳақида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” да шундай ёзган:

أمَّا الَّتِي تَكُونُ لأِعْدَائِهِ مِثْلُ إِبْلِيسَ وَفِرْعَوْنَ وَالدَّجَّالِ مِمَّا رُوِىَ فِى الأخْبَارِ أنَّهُ كَانَ وَيَكُونُ لَهُمْ لاَ نُسَمِّيهَا آيَاتٍ  وَلاَ  كَرَامَاتٍ وَلَكِنْ نُسَمِّيهَا قَضَاءَ حَاجَاتٍ لَهُمْ  وَذَلِكَ لأنَّ اللهَ تَعَالَى يَقْضِي حَاجَاتِ أعْدَائِهِ اِسْتِدْرَاجًا لَهُمْ  وَعُقُوبَةً لَهُمْ.

“Аммо Аллоҳ таолонинг душманлари томонидан бўладиган, масалан, Иблис, Фиръавн ва Дажжол кабилардан содир бўлганлиги ва (бундан кейин) бўлиши хабарларда ривоят қилинган нарсаларни мўъжиза ҳам, каромат ҳам демаймиз. Лекин ўша нарсаларни улар учун эҳтиёжни қондириш деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳам ҳожатларини “истидрож” (дўзахдаги  ўрнини янада чуқурлаштириш) ва жазолаш маъносида рўёбга чиқаради”. 

Аллоҳ таолонинг душманлари тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишларни, масалан, Иблиснинг бир лаҳзада машриқу мағрибга бориб кишиларни васвасага солиши, Одам болаларининг қонларида айланиши, қиёматга яқин чиқадиган Дажжолнинг бировни ўлдириб тирилтириши каби ғайриоддий ишларнинг барчаси мўъжиза ҳам, каромат ҳам дейилмайди. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:

Шариат ҳукмин этмай истиқомат,

Таажжуб ишлари бўлмас каромат.

Яъни мўъжиза ва кароматлар фақатгина шариатда истиқомат қилган Аллоҳ таолонинг дўстларига берилади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий нарсалар ўша кофиру фожирлар учун каромат эмас, балки  қазои-ҳожат бўлади. Аллоҳ таоло Ўз душманларининг разилона истакларини ҳам уларнинг охиратдаги уқубатлари зиёда бўлиши учун бу дунёда даражама-даража амалга оширишларига имкон беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича хабар берган:

﴿وَٱلَّذِينَ كَذَّبُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَا سَنَسۡتَدۡرِجُهُم مِّنۡ حَيۡثُ لَا يَعۡلَمُونَ١٨٢

“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган жиҳатдан “даражали” қилиб (ўз ҳолига вақтинча қўйиб бериб) турамиз”[8].    

Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида: “Уларни билмайдиган томонларидан аста-секин тутиш уларга неъматларни кўплаб бериш билан бўлади. Улар буни Аллоҳ таоло томонидан ўзларига бўлган лутф-иноят деб ўйлайдилар. Натижада адашган йўлларига баттар шўнғийдилар, ҳаттоки азоб калимаси устиларига содир бўлади”, – деган.

Истидрож ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган: 

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا رَأَيْتَ اللَّهَ يُعْطِي الْعَبْدَ مِنْ الدُّنْيَا عَلَى مَعَاصِيهِ مَا يُحِبُّ فَإِنَّمَا هُوَ اسْتِدْرَاجٌ ثُمَّ تَلاَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ﴿فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِۦ فَتَحۡنَا عَلَيۡهِمۡ أَبۡوَٰبَ كُلِّ شَيۡءٍ حَتَّىٰٓ إِذَا فَرِحُواْ بِمَآ أُوتُوٓاْ أَخَذۡنَٰهُم بَغۡتَةٗ فَإِذَا هُم مُّبۡلِسُونَ٤٤  رَوَاهُ  اَحْمَدُ

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ таолонинг бир бандага маъсиятларига қарамасдан дунёдан яхши кўрадиганини ато қилаётганини кўрсанг, албатта, ўша истидрождир” – дедилар-да, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам тиловат қилдилар: (Улар) эслатилган нарса (синов кунлари)ни унутганларида уларга ҳар нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, (энди) улар ноумиддирлар”[9]Аҳмад ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтганда, валийларнинг кароматлари, яъни Аллоҳ таолонинг Ўз дўстларига қилган иззат-икроми ҳақ бўлгани каби душманларига қилган истидрожи ҳам ҳақдир.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ВАЛИЙЛАР ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ УММАТЛАРИДИР

 

[1] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 170.

[2] Фотир сураси, 32-оят.

[3] Абу Бакр Жобир Жазоирий. Ақидатул муъмин. – Мадинаи мунаввара: “Мактабатул улум вал ҳикам”, 2009. – Б. 101. 

[4] Исро сураси, 70-оят.

[5] Ҳужурот сураси, 13-оят.

[6] Ҳижр сураси, 75-оят.

[7] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 221.

[8] Аъроф сураси, 182-оят.

[9] Анъом сураси, 44-оят.

Лайлатул Қадр қандай кеча? Лайлатул Қадр – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида қилинадиган турли амаллар, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдирлар белгиланадиган кечадир.

Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).

1000 ой – 83 йилга тенг.

83 йил – 30295 кунга тенг.

 

Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оят).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламасдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

 

Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?

  1. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
  2. Дуо қилинг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

"Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний"

"Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).

Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.

 

Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти)

 

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим бўлиб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини
кўп айтиш

Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишининг обрўсини тўкадиган ҳолатларга, дунё ва унинг матоҳларига, турли кўнгилхушликлару инсонни чалғитувчи маишатларга жой қолмайди. Аллоҳ таолони кўп зикр қилган одам қалбини Аллоҳ таоло муҳаббатидан бошқа нарса эгаллаб ололмайди. Аллоҳ таолони кўп ёдлайдиган инсоннинг оиласида ҳар хил жанжалларга ҳам ўрин қолмайди. У доим Аллоҳ таолодан оиласига, халқига, миллатига ва Ватанига тинчлик-хотиржамлик сўраб, дуо қилади. Зикрнинг фазилати жуда кўп. Улардан бири – киши қийинчиликка тушиб қолганида Аллоҳни зикр қилса ва ундан қутулишни сўраб, дуо қилса, Аллоҳ таоло уни халос этади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй Али, қийин аҳволга тушиб қолганида айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар. “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азим”, деб айт. Чунки Аллоҳ мана шу дуо билан хоҳлаганича, турли балолардан халос қилади», дедилар (Ибн Сунний).

Аллоҳ таолони кўп ёдлаш кишига фақат фойда келтиради. Аллоҳ таолони ёдлаш қийинчилик ҳолатларида сабр қилишга, кенгчилик ҳолатларида ҳаддидан ошмасликка ва ҳар қандай вақтда ҳам ақл билан иш тутишга ундайди. Кўпинча инсон бирор-бир машаққатга ёки қийинчиликка учраганида нима қиларини билмай қолади. Мана шундай ҳолатда Аллоҳ таолони ёд этиш ҳамма нарсадан кўра кўпроқ фойда беради.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ ذِكۡرٗا كَثِيرٗا٤١ وَسَبِّحُوهُ بُكۡرَةٗ وَأَصِيلًا٤٢

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг ва эр­таю кеч Унга тасбеҳ айтинг!» (Аҳзоб, 41–42)

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада имонли бандаларга Ўзини эртаю кеч ёд этишлари лозимлигини айтмоқда. Мен Аллоҳ таолога имон келтирдим, деган киши ҳар жойда доимо Аллоҳ таолони ёдидан чиқармаслиги лозим.

Аллоҳни зикр қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради, дунёда яшашдан мақсадини унутмасликка, халқи, Ватани, миллатига ва динига холис хизмат қиладиган ҳақиқий халқсевар инсон бўлиб етишишига сабабчи бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ ٱللَّهُ وَجِلَتۡ قُلُوبُهُمۡ وَإِذَا تُلِيَتۡ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتُهُۥ زَادَتۡهُمۡ إِيمَٰنٗا وَعَلَىٰ رَبِّهِمۡ يَتَوَكَّلُونَ٢ ٱلَّذِينَ يُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ٣ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ حَقّٗاۚ لَّهُمۡ دَرَجَٰتٌ عِندَ رَبِّهِمۡ وَمَغۡفِرَةٞ وَرِزۡقٞ كَرِيمٞ٤

«Мўминлар Аллоҳ (номи) зикр этилганида дилларида қўр­қув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар, мағфират ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 24).

Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Аллоҳ таоло зикр қилинганда қалблари титраб, Унинг азобидан қўрққан инсон комил мўмин бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿فَٱذۡكُرُونِيٓ أَذۡكُرۡكُمۡ وَٱشۡكُرُواْ لِي وَلَا تَكۡفُرُونِ١٥٢

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинг, ношукрчилик қилманг!» (Бақара, 152)

Яъни: Мени гуноҳларингизга тавба қилиш, ҳожатларингизни сўраш, ихлос-эътиқод, илтижо ва муножот билан ёд этинг, Мен сизларни кечириш, ҳожатбарорлик, нажот, ижобат ила ёд этурман.

Бу оятда ёд этиш “зикр” лафзи билан келган. Зикр эса, тил билан ва дил билан бўлади.

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъноларни қамраб олган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَمَنۡ أَعۡرَضَ عَن ذِكۡرِي فَإِنَّ لَهُۥ مَعِيشَةٗ ضَنكٗا وَنَحۡشُرُهُۥ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ أَعۡمَىٰ١٢٤

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).

Қайси бир инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни ёд этмаса, ўзига зулм қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда қийинчиликда ҳаёт кечиради. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оздай кўринаверади. Улардан ажраб қолишдан қўрқаверади. Имонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

Инсон гуноҳлари ўчирилиши учун ҳар қандай оғир ишни қилишга ҳам тайёр. Аммо бунинг жуда осон йўли бор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади”, деганлар.

Инсон бу дунёда яхши амаллар қилиб, барча хато ва камчиликларининг кечирилишини умид қилади. Шу мақсадга етишиш учун юқоридаги жуда осон ишни ўзига кундалик вазифа қилиб олиши керак.

  1. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтишни васият қилганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилдилар: «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” сўзини кўп айтинглар, чунки у жаннат хазиналаридандир».

Инсон бу дунёда машаққатларга бардош бериб, фарзандлари чиройли, тўкинликда яшаши учун ҳаракат қилади. Мол-дунё йиғиш илинжида кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайди. Лекин кўп ҳолларда охиратга захира қилишни унутиб қўяди. Охират саодатини қандай қўлга киритишимиз мумкинлигини Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қисқа лафзлар билан ўргатмоқдалар.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат эшикларидан биридир.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Муоз ибн Жабал: “Ҳа, у нима?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”дир», дедилар.

Қайс ибн Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Отаси уни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хизмат қилиш учун топширди. «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг олдимдан ўтдилар. Намозни ўқиб бўлган эдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени оёқлари билан туртиб: “Сени жаннат эшикларидан бирига далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа”, дедим. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, дедилар».

Демак, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат эшикларидан бири экан. Ўша эшикка етишиш учун ушбу калимани кўп айтиб юриш керак. Қиёмат куни инсонлар ҳаётлик чоғларида қилган яхши амаллари билан мартабаларига қараб жаннатнинг турли эшикларидан чақирилади. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимасини кўп айтиб юрган инсон жаннатнинг ана шу эшигидан чақирилади.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат хазиналаридан биридир.

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбар (алайҳиссалом) унга “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридандир”, деганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: «“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айт. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир», дедилар (Имом Термизий).

Демак, ким жаннат хазиналаридан бирига эга бўлишни истаса, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айтиши керак.

Инсон ҳаётлик чоғида қилаётган ҳар бир яхши амалидан жаннатни умид қилади. Жаннатга эришиш йўлида кўплаб машаққатларни енгиб ўтади. Уларни енгишда юқоридаги калимани кўп айтиш ёрдам беради.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” жаннат кўчатларидан биридир.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар. Чунки унинг суви тотли, тупроғи покизадир. Бас, унинг кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. «Аллоҳ хоҳлаган нарса “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”дир», дедилар (Имом Табароний).

Инсон бу дунёда бир кўчат экса, кўчати дарахт бўлиб, кўп йиллар инсонларга меваларидан улашади. Унинг савоби эса ўша кўчатни эккан кишига бориб туради. Агар бу ишни, яъни кўчатни жаннатга экса, ундан-да кўпроқ ажр (савоб)га эга бўлади.

  1. Ким “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” деса, Аллоҳ таоло “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биҳи” дейди.

Абу Саид ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади. Улар Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бундай деганларига гувоҳ бўлишган: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса, Парвардигор тасдиқ қилиб: “Мендан бошқа Илоҳ йўқ. Мен улуғман”, дейди. Ва қачон банда: “Ла илаҳа илла ҳува ваҳдаҳу”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен илоҳман. Ва Мен Ўзимман”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам тўғри айтди. Фақат Мен Илоҳман. Менинг шеригим йўқ”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳулмулку ва лаҳулҳамду”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен Илоҳман, мулк Меники ва ҳамд Менга хосдир”, дейди. Ва банда: “Ла илаҳа иллаллоҳу ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, деса, Аллоҳ таоло: “Фақат Мен Илоҳман ва Мендан ўзгада на куч ва на қувват бор”, дейди. Ким шу калималарни касаллик вақтида айтса, вафот этгач, дўзахга тушмайди» (Имом Термизий).

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимаси гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлувчи калималардандир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла илаҳа иллаллоҳу ва ла шарика лаҳу ла илаҳа иллаллоҳу лаҳулмулку ва лаҳулҳамду ла илаҳа иллаллоҳу ва ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳи”, деб бирор кун, кеча ёки бирор ойда айтса ва ўша кун, кеча ё ойда вафот этса, гуноҳлари кечирилади».

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” калимаси азонда “Ҳайя алас-сола, Ҳайя алал-фалаҳ” калималари айтилганида айтилади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Қачон муаззин “Аллоҳу акбар”, деганида, сизлардан ҳар бирингиз “Аллоҳу акбар”, десин.

Сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, деганида “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, десин.

Сўнг: “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ”, деганида, “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ”, десин.

Сўнг: “Ҳайя алас-сола”, деганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, десин.

Сўнг: “Ҳайя алал-фалаҳ”, деганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”, десин.

Сўнг: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, деганида “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, десин.

Сўнг: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деганида “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деб муаззин ортидан қайтарса, жаннатга киради», деганлар (Имом Муслим ва Абу Довуд).

Тўрт мазҳаб уламолари азонда “Ҳайя Алас-сола, Ҳайя алал-фалаҳ” калималари айтилганида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” дейиш мустаҳаблигини таъкидлаган.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” дард ва бало-офатлардан халос бўлиш калимасидир.

Имом Табароний ва Ҳоким Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлур. Энг енгили ғамдир», деганлар.

Қийин ҳолга тушганида, бемор бўлганида, бирор нарсадан ажабланиб, кўз тегишидан қўрққанида, бир нарсадан хавотирланганида, уйидан чиқаётганида, кечаси уйғониб кетганида, ҳар намоздан кейин бу дуони айтиш мустаҳабдир. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” тўқсон тўққиз дардга даводир. У қалбга тушган ғам, андуҳларни даф қилади.

  1. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” бандага берилган неъматни ҳимоя қилиш ҳамда ундаги яхшилик ва фазл давомийлиги боисидир.

Имом Табароний Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўп айтсин», деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи” ила мушкуллар ечилишини ва бало-офат даф бўлишини ўз тажрибаларида синаб кўрган.

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўп айтиш камбағалликни ҳам кетказади.

Ибн Абу Дунё Асад ибн Вадоъадан ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ҳар куни юз марта “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни айтса, унга фақирлик етмас», деганлар.

“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни уламоларимиз қисқа қилиб “ҳавқала” деб атаган. Яъни, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”нинг сўзларидан баъзи ҳарфларни олиб, “ҳавқала” ҳосил қилинган.

Имом Нававий “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”нинг маъноси ҳақида Имом Муслим “Саҳиҳ”ига ёзган шарҳида бундай келтиради: “Абул Ҳайсам: ҳавл – ҳаракат маъносидадир. Шунда умумий маъно – Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч бир ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб айтган”.

Зикрнинг инсон ҳаётида жуда катта фойдаси бор. Банда қанча кўп зикр қилса, Аллоҳ таолога шунча яқин бўлади. Зикр туфайли Аллоҳ таоло зикр қилувчига бошқа сўровчиларга берадиган неъматларидан кўра афзалини беради. Зикр учун ваъда қилинган неъмат ва фазллар бошқа амалларга ваъда қилинмаган. Қалбда бир қоралик бўлса, уни Аллоҳ таолонинг зикридан бошқа нарса кетказа олмайди. Жаннат ҳовлилари зикр ила бино қилинади ва қачон зокир зикр қилишдан тўхтаса, фаришталар ҳам ҳовлини барпо қилишдан тўхтайди. Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи банда мунофиқликдан омонда бўлади.

Амаллар ичида зикрнинг ўзига хос лаззати бор. Шунинг учун ҳам зикр мажлислари “жаннат боғлари” деб номланади. Йўлда, ўтирганида ва ётганида зикрни бардавом қилиш банданинг қиёмат кунидаги гувоҳлари кўпайишига сабаб бўлади. Банда кенгчилик вақтида Аллоҳ таолони кўп зикр қилса, Аллоҳ таоло унга торчилик вақтида енгиллик беради.

 

Аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни айтиш

Дунё яратилганидан буён ҳақ билан ноҳақлик ўртасида мужодала бор. Инсонлар ҳақни ноҳақликдан ажратиб олишлари учун Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло мендан аввал юборган ҳар бир пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва саҳобалари бўлган. Улар ўз пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юрган. Улар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиради. Буюрилмаган ишларни қилишади. Ким уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши дили билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам имон йўқ!” дея, (Имом Муслим ривояти) аввалги ҳақ фидойилари ҳамда кейинги умматларнинг ҳолатларини баён қилганлар.

Ҳар бир мусулмон яхши-ёмонни фарқлаши ва ёмонликдан сақланиши, унинг олдини олиши вожибдир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимсадан яхшилик кутилмайди. Киши имкон қадар ноҳақликнинг олдини олиши, уни ўзгартириши лозим. Ҳақиқий мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва дил билан ноҳақликка қарши курашади.

Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятлардан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қўйишлари ва масхараларидан чўчимай, қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан саросимага тушмай, ҳикмат билан муносиб сўзларни топиб, ўрни келганида ҳақ сўзни айтиши керак.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутбаларида бундай дедилар: “Ёдда тутинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!”»

Бу ҳадис ровийси Абу Саид (розияллоҳу анҳу) йиғлаб: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” деган экан.

Аллоҳ таоло тақдир этиб қўйган фойда ёхуд зиёндан ўзга ҳеч нарса содир бўлмаслигини ва киши бошига тушадиган ҳар бир иш аввалдан белгилаб қўйилганини ҳаммамиз билишимиз, бировларнинг маломатидан чўчиб ўтирмай, ҳақни сўзлашимиз лозим. Мўмин ўлимдан қўрқиб ёки узоқроқ яшашдан умидвор бўлиб, орқага чекинишни эмас, аксинча, шижоат ва баҳодирлик мақомида мустаҳкам туришни ўйлаши керак. У ўзи тиловат қиладиган мана бу оятга чин дилдан имон келтирганини исбот қилиши зарур:

﴿قُل لَّن يُصِيبَنَآ إِلَّا مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَنَا هُوَ مَوۡلَىٰنَاۚ وَعَلَى ٱللَّهِ فَلۡيَتَوَكَّلِ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ٥١

«Айтинг: “Бизга Аллоҳнинг ёзиб қўйганидан ўзга нарса етмайди. У Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳга таваккул этсинлар!”» (Тавба, 51)

Имом Аҳмад “Муснад”ида қуйидаги ривоятни келтиради: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”

Бу дунёда инсон ҳақ сўзни ўз ўрнида айтмай, бошқаларнинг маломатидан сақланиб қолиши мумкин. Лекин охиратда Аллоҳ таолонинг маломатидан қутулолмайди.

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга:

– Ҳеч ким ўзини камситмасин! – дедилар.

– Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин? – дейишди саҳобалар.

– Сизлардан бирингиз Аллоҳнинг кўрсатмаларини бажаришда ноҳақликни кўриб, уни ўзгартириш учун гапирмаса, Аллоҳ таоло ундан: “Фалон-фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?” деб сўрайди. “Одамлардан қўрқдим”, дейди у. Аллоҳ таоло унга маломат қилиб: “Сен Мендан қўрқишинг керак эди!” дейди.

Уламолар ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: “Бу ерда қуруқ қўрқув-ваҳима назарда тутилган. Чунки мусулмон киши инсон тоқат қила олмайдиган молиявий ёхуд маънавий зарар туфайли ёмонликни инкор қилолмаса, узрли саналади”.

Дарҳақиқат, инсон ноҳақликнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам, айни ноҳақликдан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан, зиммасидан вожиб соқит бўлади. Лекин бунинг ортидан келадиган ёмонлик киши наздида аниқ бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишга сабаб бўлолмайди. Ўз назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади. Бу ҳолатда ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавф бўлгани учун ожиз саналади. Лекин инсон тили билан айта олмаган ҳақиқатни дили билан тасдиқлаб, зиммасидаги масъулиятдан қутулиши керак. Яъни, ноҳақликни ҳеч бўлмаганда дилдан ёмон кўриши лозим. Ноҳақликни дилдан ёмон кўрмаслиги унинг ўша ноҳақлик тарафида эканини билдиради. Шу сабабли, ноҳақликни ҳеч бўлмаса қалбдан ёмон кўриш ҳар бир кишининг зиммасидаги фарз ҳисобланади.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, дили билан ўзгартирсин. Буниси эса имоннинг энг заифидир”, деганлар».

Бирон ноҳақликни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, уни инкор этиш уларга бирдек вожиб бўлади. Агар улардан бир киши шу ишни амалга ошириб, ҳақиқатни айтса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо ушбу ноҳақликнинг олдини олиш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўлади.

Агар ҳақиқатлар айтилиб, ёмон ишлар олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибатда ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! Аллоҳ таоло бу хусусда бундай огоҳлантиради:

﴿لُعِنَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۢ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ عَلَىٰ لِسَانِ دَاوُۥدَ وَعِيسَى ٱبۡنِ مَرۡيَمَۚ ذَٰلِكَ بِمَا عَصَواْ وَّكَانُواْ يَعۡتَدُونَ٧٨ كَانُواْ لَا يَتَنَاهَوۡنَ عَن مُّنكَرٖ فَعَلُوهُۚ لَبِئۡسَ مَا كَانُواْ يَفۡعَلُونَ٧٩

«Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатланди. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эди. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!» (Моида, 78–79)

Ушбу мавзуни лўнда ва мукаммал ёритиб берадиган мана бу ажойиб масалага эътибор қаратинг. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳнинг қайтарганларидан қайтувчи ва қайтмайдиган кишилар мисоли кемага чиққан қавмга ўхшатилади. Уларнинг баъзилари кеманинг юқори қисмига, баъзилари эса пастки қисмига жойлашишган. Кеманинг пастки қисмидагилар сув ичмоқчи бўлса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эди. Шунда пастдагилар агар ўзимизга шу ердан тешик тешиб олсак, юқоридагиларга азият бермас эдик, дейишди... Шу вазиятда агар тепадагилар пастдагиларни кеманинг тагини тешишларига эътиборсиз бўлишса, барчалари ҳалок бўлади. Ва агар уларни бу ишдан қайтаришса, барчалари нажот топади”.

Кўплар ноҳақликка қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринади. Улар ўзларича Моида сурасининг 105-оятини ҳужжат сифатида келтиришади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ عَلَيۡكُمۡ أَنفُسَكُمۡۖ لَا يَضُرُّكُم مَّن ضَلَّ إِذَا ٱهۡتَدَيۡتُمۡۚ إِلَى ٱللَّهِ مَرۡجِعُكُمۡ جَمِيعٗا فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٠٥

«Эй имон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз. Модомики ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ...» (Моида, 105).

Аслида, тўғри фаҳмланса, ушбу оят ноҳақликни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади. Ушбу оятнинг тафсири борасида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: «Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмаса, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!”»

“Саҳиҳи Муслим” шарҳида Имом Нававий ёзади: «Муҳаққиқ олимлар наздида, ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг камчиликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг: “Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан чалғиса, у ҳам ўз зиёнига чалғир. Ҳеч бир (юк) кўтарувчи (гуноҳкор шахс) ўзга жоннинг юкини (гуноҳини) кўтармас. То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик” (Исро, 15) деган сўзига мувофиқдир».

Киши ҳақиқат қабул қилиниши ёки қилинмаслигидан қатъи назар, уни айтиши лозим. Олимлар, шунда инсон ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейди. Чунки ундан ҳақиқатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган.

Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ таоло ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билса-да, солиҳ инсонлар уларга насиҳат қилди. «Улардан бир гуруҳи: “Нима учун Аллоҳ ҳалок этмоқчи бўлган қавмга насиҳат қиляпсизлар?” деганида, (насиҳатгўйлар): «“Раббингизга (“Айтдик, лекин итоат қилишмади”, деб) узр айтишар ва тақво қилишар деган умидда (насиҳат қилдик)”, дедилар» (Аъроф, 164).

Убода бин Сомит (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилган байъатини қуйидагича ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қийинчилик ва енгилликда ҳам, яхши ёки ёмон ҳолимизда ҳам эшитиб, итоат этишга ва ўзимиздан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ортиқ кўришга ва бир ишнинг аҳлида очиқ куфрни кўриб, бунга Аллоҳ таолодан ҳузуримизда ҳужжат бўлмаса, улар билан талашмасликка ва қаерда бўлсак-да, ҳақни айтиб, Аллоҳ йўлида маломат қилувчининг маломатидан қўрқмасликка ваъда бердик”.

Ушбу ҳадисда ҳақиқатни айтиш барчамизнинг зиммамиздаги масъулият экани очиқ баён этилган. Бироқ ҳақиқат ҳар доим ҳам, ҳар жойда ҳам айтилмаслигини билишимиз керак. Қош қўяман деб кўз чиқариб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Ҳақиқатни ҳикмат билан етказиш киши ақл-идроки ва фаросатининг юксаклигини билдиради. Айтилаётган ҳақиқатнинг даражасига қараб, у юмшоқ ёки қаттиқроқ тарзда етказилади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади. Аллоҳ таоло биз бандаларига ҳақиқатни ҳикмат ва чиройли насиҳат билан етказишни буюрган. Наҳл сурасининг 125-оятида бундай марҳамат қилинади:

﴿ٱدۡعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلۡحِكۡمَةِ وَٱلۡمَوۡعِظَةِ ٱلۡحَسَنَةِۖ وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعۡلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِۦ وَهُوَ أَعۡلَمُ بِٱلۡمُهۡتَدِينَ١٢٥

«(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг. Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..»

Кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб бориб, қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб насиҳат қилиш ҳамда насиҳат қилинаётган одамнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиш айни ҳикматдандир. Зеро, одамлар ҳикмат ва чиройли мавъиза билан насиҳат қилувчи кишининг сўзига кўпроқ қулоқ солади.

Инсон кўриниб турган ноҳақликнигина тузатишга масъулдир. Яъни, гумон қилинган ёмонлик хусусида жосуслик қилмайди. Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бировларнинг яширин айбларини атай қидириб юриб, одамлар ўртасида ошкор қилишдан қайтарганлар. Балки мана шу иш билан шуғулланиб юрадиган одамларнинг ўзларини Аллоҳ таоло қиёмат кунида бутун инсонлар олдида шарманда қилишини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)га “Фалончининг соқолидан ароқ томчилайди!” дейишганида, “Аллоҳ таоло бизни гап ташишдан қайтарган!” деди.

Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасдан, ҳақиқатни айтиш, албатта, қийин. Бунга инсондан бақувват имон ва юксак ирода талаб қилинади. Етадиган озгина азиятни деб, ҳақиқатни тарк қиладиган бўлсак, жамиятда кўплаб ноҳақликларнинг вужудга келишига сабаб бўлиб қолишимиз мумкин.

Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний эътиқодда бошқа оқимларга кириб қолаётгани ёки ахлоқий меъёрларда миллийлигимизга ёт бўлган маданиятларга ўзларини ураётгани, эҳтимол, мана шу сабабдандир. Уларга динимизнинг асл моҳияти ва ҳақиқатини ўз вақтида тўғри етказа олсак ҳамда миллий урф-одатларимизни намуна сифатида чиройли кўрсата олсак, кўплаб нохушликларнинг олдини олган бўламиз. Албатта, ушбу вазифани амалга оширишда диёримиз масжидларида фаолият юритаётган имомларимизнинг ўрни беқиёсдир.

Ушбу фикрларимизнинг тасдиғи сифатида муҳтарам Юртбошимизнинг имом-хатибларга билдирган юксак ишончларини яна бир бор эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Мамлакатимиз биринчи Президенти 2010 йил 3 сентябрь куни Имом Бухорий халқаро марказига ташриф буюриб, тингловчилар билан самимий суҳбат ўтказдилар. Республикамизнинг барча вилоятларидан келган ва бу ерда малака ошираётган имом-хатиблар билан учрашиб турганларидан ғоятда мамнун эканларини билдириб, жумладан, бундай дедилар:

“Биламиз, сиз имомлар ҳар доим халқ ичида бўлиб, буюк аж­додларимизнинг бой илмий ва маънавий меросларини, муборак Ислом динимизнинг асл мазмун-моҳиятини, Қуръони каримдаги юксак ғояларни, айниқса, ақидавий масалаларни чин маънода кенг халқ оммаси онги ва қалбига тўғри ҳолда етказадиган, уларни ҳидоят йўлларига бошлайдиган масъул кишиларсиз. Бу хизматингизни халқимиз чексиз қадрлайди”.

Юртбошимиз имомлар билан суҳбатни давом эттириб, уларнинг асосий вазифаларидан бири турли адашган, бузғунчи оқимларга қарши кураш эканини таъкидладилар: “Сизларнинг яна бир муҳим вазифангиз шуки, динни ниқоб қилиб олиб, ундан ғаразли мақсадларда фойдаланишга уринаётган ғаламис кимсалар жаҳолатига қарши маърифат билан курашишдир. Фурсатдан фойдаланиб, мустақиллигимизнинг 19 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқимда айтган бир фикрни яна такрор айтмоқчиман: “Бу гўзал, Аллоҳнинг назари тушган муқаддас Ватанимиз барчамизники, бинобарин, унинг ташвишлари ҳам, қувончлари ҳам барчамизники бўлиши табиий. Шу нуқтаи назардан, бу масалани халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига ва онгига сингдиришда сиз имомларнинг ўрнингиз алоҳида деб ҳисоблайман ва умид қиламанки, Марказдаги ўқувларингизни муваффақиятли якунлаб, янги куч-қувват, янги билимлар билан мана шу масалаларни самарали ҳал қилишда муносиб ҳиссангизни қўшасиз...”

Дарҳақиқат, асл Ислом таълимотидан анчагина йироқлашган турли оқимлар кечани кеча, кундузни кундуз демай, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, юртимиз тинчлигига рахна солиб турибди. Ёшларимизни йўлдан оздириб, ҳаётдан бевақт кетишларига сабаб бўлмоқда, боз устига ота-она ва яқинларига “Ватан хоинининг отаси ёки онаси” деган иснодни “мерос” қилиб кетмоқдалар. Уларни тўғри йўлга чақириш, ҳидоятга чорлаш, залолатдан қайтаришда ҳам, аввало, ҳақгўйлик ва жасорат керак бўлади.

Ўша йиғинда Ислом Каримов барча тингловчиларни Ватанни севишга, уни ардоқлашга, тинчлигимиз бардавом бўлишига ҳисса қўшишга чақириб: “Шу азиз Ватан, муқаддас замин барчамизники. Бинобарин, шу мамлакатда тинчлик, хотиржамлик, халқимизнинг фаровонлиги йўлида барчамиз қўлни-қўлга бериб, масъулият ҳисси билан тинмай меҳнат қилишимиз зарур. Бизнинг мустақил давлатимиз учун мана шу масалаларнинг амалга оширилишида барча халқимизнинг бирлиги, ҳаракати, айниқса, ҳозирги даври­миз учун, жамиятимиз учун муҳим бўлган замонавий билимларни эгаллаётган сиз имом-хатибларнинг ҳиссангиз салмоқли бўлишига ишонаман”, деб сўзларини якунладилар.

Бу илҳомбахш сўзлар биз – дин ходимларини янада улкан зафарлар сари руҳлантиради. Имом-хатибларга билдирган ишончларини бутун дин аҳлига юксак ишонч, деб биламиз. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчликсевар элимизга Ислом динининг асл эзгу моҳиятини сингдириш йўлида, иншааллоҳ, фидокорона хизмат қиламиз.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳақиқат аччиқ, уни айтиш жуда мушкул, бироқ огоҳлик – муқаддас бурч. Шундай экан, бир-биримизнинг хатоларимизни тўғрилаш, ҳаёт кўчаларида адашиб қолган биродаримизга тўғри йўлни кўрсатиш барчамизнинг вазифамиздир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу сўзлари билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар бир-бирларида кўрган камчилик ва хатоларини ўз вақтида тузатиб, тўғрилаб туришлари зарурлигига урғу берганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Одамлардан бирор нарса сўрамаслик.

 

Пайғамбарларнинг сифатлари баёни

- وَمَا كَانَتْ نَبِيًّا قَطُّ أُنْثَى    وَلاَ عَبْدٌ وَشَخْصٌ ذُو افْتِعَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Бирор аёл ҳам, қул ҳам ва бирор бир пасткаш шахс ҳам ҳеч қачон пайғамбар бўлган эмас.

Назмий баёни:

Аёл асло пайғамбар бўлган эмас,

Ҳамда бирор қулу, қабиҳ феълли шахс.

Луғатлар изоҳи:

مَا – ушбу ўринда لَيْسَ нинг амалини қилади.

كَانَتْ – ноқис феъл.

نَبِيًّا – ноқис феълнинг хабари.

قَطُّ – мозий феълининг “истиғроқи” (маъносини батамом қамраб олиш) учун келган зарфи замон.

اُنْثَى – ноқис феълнинг исми. Кўплик шакли اِنَاثٍ бўлади.

عَبْدٌ – ноқис феълнинг исмига атф қилинган. Бу ўринда қул деганда уни сотиш ва сотиб олиш шаръан дуруст бўладиган инсон кўзда тутилган.  

شَخْصٌ – шахс деганда жисми бор нарсалар тушунилади.

ذُو – “асмои ситта”дан бири, “соҳиб” маъносини англатади. شَخْصٌ га сифат бўлгани учун раф бўлиб турибди.

افْتِعَالِ – шариатга хилоф иш ёки сўз маъносида ишлатилган. Чунки бу масдар одатда сохтакорлик қилишга нисбатан ишлатилади.

Матн шарҳи:

Аллоҳ таоло бирор аёлни пайғамбар этиб юбормаган. Чунки пайғамбарлик ниҳоят даражада улуғ иш бўлиб, бундай масъулияти улуғ ишнинг ожиза аёл кишига топширилиши ҳикматдан бўлмайди. Қолаверса, қасос ва шаръий ҳад[1] каби масалаларни ижро қилишни тушунтириш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш каби ишлар ҳам нозик қалбли аёлларга мос келмайди. Шунинг учун  Аллоҳ таоло аёлларни  пайғамбар қилиб юбормаган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар келган:

﴿وَمَآ أَرۡسَلۡنَا قَبۡلَكَ إِلَّا رِجَالٗا نُّوحِيٓ إِلَيۡهِمۡۖ فَسۡ‍َٔلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلذِّكۡرِ إِن كُنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ٧

(Эй Муҳаммад!) Биз Сиздан илгари ҳам фақат эркакларни ўзимиз ваҳий қилган ҳолда (пайғамбар этиб) юборганмиз”[2]

 Шунингдек, Аллоҳ таоло бирор  қулни ёки бирор  қабиҳ феълли пасткаш инсонни ҳам  пайғамбар этиб юбормаган. Чунки бундай шахсларга инсонлар эргашмайдилар, балки улардан жирканадилар. Пайғамбарларнинг энг сўнгги вакилининг хулқи мулойим, атрофдагиларни ўзига тортадиган даражада гўзал бўлгани шундай хабар берилган:  

﴿فَبِمَا رَحۡمَةٖ مِّنَ ٱللَّهِ لِنتَ لَهُمۡۖ وَلَوۡ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ ٱلۡقَلۡبِ لَٱنفَضُّواْ مِنۡ حَوۡلِكَۖ فَٱعۡفُ عَنۡهُمۡ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لَهُمۡ وَشَاوِرۡهُمۡ فِي ٱلۡأَمۡرِۖ فَإِذَا عَزَمۡتَ فَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلۡمُتَوَكِّلِينَ١٥٩

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар”[3].    

Пайғамбарлар башариятга тўғри яшаш тарзини сўзда ҳам, амалда ҳам кўрсатиб берадиган, бошқаларга намуна бўлиши керак бўлган шахслардир. Шунинг учун пайғамбарларнинг барчаси ўзлари яшаётган жамиятда ҳар тарафлама илм жиҳатидан ҳам, амал жиҳатидан ҳам энг афзали бўлганлар. Улар инсониятнинг энг ростгўйлари, хулқи энг гўзали бўлганлар. Аллоҳ таоло уларни махсус фазилатлар билан сийлаган бўлиб, бу фазилатларда ҳеч бир улуғ инсон уларга ета олмаган.

 

 

Зулқарнайн ва Луқмон ҳақида

31 - وَذو الْقَرْنَيْنِ لَمْ يُعْرَفْ نَبِيًّا      كَذَا لُقْمَانُ فَاحْذَرْ عَنْ جِدَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Зулқорнайн пайғамбар деб танилмаган, шу каби Луқмон ҳам, шунинг учун тортишишдан тийилгин.

Назмий баёни:

Зулқарнайн набий деб танилганмас бил,

Шунингдек, Луқмон ҳам тортишишдан тийил.

Луғатлар изоҳи:

الْقَرْنَيْنِ ذُو – мубтадо. Баъзи олимларнинг сўзларига кўра Зулқарнайн қуёшнинг шарқдаги чиқадиган “шохи”даги жойларга ҳам, ғарбдаги ботадиган “шохи”даги жойларга ҳам, яъни бутун дунёга подшоҳлик қилгани учун “икки шох эгаси” деб номланган. 

لَمْ – нафий, жазм ва қалб ҳарфи.

يُعْرَفْ – мажҳул музориъ феъли. Маҳзуф هُوَ ноиб фоили бўлиб, ذُو الْقَرْنَيْنِ   га қайтади.

نَبِيًّا – иккинчи мафъулликка кўра насб бўлиб турибди. Жумла мубтадонинг хабаридир.

كَذَا – ташбеҳ ҳарфи бўлган كَ ваذَا  исми ишорадан тузилган киноя исм. Хабари муқаддамликка кўра раф ўрнида турибди.

لُقْمَانُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.

فَ – “таълийлия” (изоҳламоқ) маъносидаги ҳарф.

احْذَرْ – амр феъли. Тақдирий اَنْتَ фоили.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

جِدَالِ жор мажрур احْذَرْ га мутааллиқ. “Жидал” калимаси ўзбек тилида “тортишиш” маъносига тўғри келади. Яъни “жидал” деганда нариги тарафнинг қарашлари тўғри эканига шубҳа қилиб, ўзиникини маъқуллашга уриниш тушунилади.

Матн шарҳи:

Ўший раҳматулоҳи алайҳ ушбу байтда Қуръони каримда номлари келган Зулқарнайн ва Луқмонларнинг пайғамбар бўлганлари, ё солиҳ ва тақводор банда бўлганлари тўғрисидаги баҳсли масалада жумҳур уламоларнинг қарашларини баён қилган.

Зулқарнайннинг пайғамбар бўлган-бўлмагани тўғрисида гап кетар экан, шуни таъкидлаб айтиш лозимки, ушбу баҳс қилинган зот Зулқарнайн лақабли македониялик киши эмас. Қуръони каримда зикр қилинган Зулқарнайн солиҳ, тақводор мўмин банда бўлган. Баъзи уламолар ушбу Зулқарнайннинг македониялик Зулқарнайн лақабли кишидан икки минг йилдан кўпроқ вақт олдин яшаб ўтганини айтганлар. 

Зулқарнайнни пайғамбар бўлган дейдиганлар оятдан далил келтиришган:

﴿حَتَّىٰٓ إِذَا بَلَغَ مَغۡرِبَ ٱلشَّمۡسِ وَجَدَهَا تَغۡرُبُ فِي عَيۡنٍ حَمِئَةٖ وَوَجَدَ عِندَهَا قَوۡمٗاۖ قُلۡنَا يَٰذَا ٱلۡقَرۡنَيۡنِ إِمَّآ أَن تُعَذِّبَ وَإِمَّآ أَن تَتَّخِذَ فِيهِمۡ حُسۡنٗا٨٦

“Биз: “Эй Зулқарнайн! Ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан”, – дедик”[4].    

Ушбу оятда айтилган нарсани Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ваҳий билан билдирган, ваҳий эса пайғамбарларга келади, – дейдилар.

 Зулқарнайнни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар бу далилга шундай жавоб берадилар: Оятда айтилган нарса Зулқарнайнга ваҳий бўлмаган, балки унга илҳом бўлган. Зеро, бир нарсага илҳом беришнинг ҳам ваҳий деб аталиши Қуръонда келган. Аллоҳ таоло асаларига илҳом беришини ваҳий деб атаган:

﴿وَأَوۡحَىٰ رَبُّكَ إِلَى ٱلنَّحۡلِ أَنِ ٱتَّخِذِي مِنَ ٱلۡجِبَالِ بُيُوتٗا وَمِنَ ٱلشَّجَرِ وَمِمَّا يَعۡرِشُونَ٦٨

“Роббинг асаларига ваҳий қилди: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин”[5].     

Ушбу ояти каримадаги “асаларига ваҳий қилди” маъносидаги сўзидан “асаларига илҳом қилди”, “асаларига тўғри йўл кўрсатди” маънолари ирода қилинган. Зулқарнайнга айтилган сўз ҳам пайғамбарларга келадиган ваҳий эмас, балки Аллоҳ таолонинг уни тўғри йўлга илҳом қилиши бўлган, – деганлар.   

Луқмоннинг ҳам пайғамбар бўлгани ё бўлмагани тўғрисида бир-бирларидан фарқли қарашлар айтилган. Қуръони каримда Луқмонга ҳикмат ато этилгани ва унинг ўғлига қилган насиҳатлари ҳикоя тарзда баён қилинган:

﴿وَلَقَدۡ ءَاتَيۡنَا لُقۡمَٰنَ ٱلۡحِكۡمَةَ أَنِ ٱشۡكُرۡ لِلَّهِۚ وَمَن يَشۡكُرۡ فَإِنَّمَا يَشۡكُرُ لِنَفۡسِهِۦۖ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٞ١٢

“Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): “Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир”[6].  

Яъни Аллоҳ таоло Луқмонга тўғри фикрлаш ва ҳаққа мувофиқ сўзлаш иқтидорини берган. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳикмат: фиқҳ, ақл ва ҳаққа мувофиқ сўзлашдир, у набий бўлмаган, балки ҳаким зот бўлган”, – деган.

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Тўғриси Луқмоннинг ҳаким бўлгани, набий бўлмаганлиги ҳақидаги жумҳурнинг иттифоқ қилганидир, бу ҳадисда ҳам келган”, – деган. 

Луқмоннинг ҳикмат билан сўзловчи ҳаким зот бўлгани унинг ўғлига қилган насиҳатомуз сўзларида очиқ-ойдин кўриниб туради:

﴿وَإِذۡ قَالَ لُقۡمَٰنُ لِٱبۡنِهِۦ وَهُوَ يَعِظُهُۥ يَٰبُنَيَّ لَا تُشۡرِكۡ بِٱللَّهِۖ إِنَّ ٱلشِّرۡكَ لَظُلۡمٌ عَظِيمٞ١٣

“Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”[7].     

Луқмонга ҳикмат ато қилингани ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ حَقًّا لَمْ يَكُنْ لُقْمَانُ نَبِيًّا وَلَكِنْ كَانَ عَبْدًا صَمْصَامَةً كَثِيرَ التَّفَكُّرِ حُسْنَ الظَّنِّ أَحَبَّ اللهَ فَأَحَبَّهُ وَضَمِنَ عَلَيْهِ بِالْحِكْمَةِ كَانَ نَائِمًا نِصْفَ النَّهَارِ إِذْ جَاءَهُ نِدَاءٌ يَا لُقْمَانُ هَلْ لَكَ أَنْ يَجْعَلَكَ اللهُ خَلِيفَةً فِي الأَرْضِ تَحْكُمُ بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ فَانْتَبَهَ فَأَجَابَ الصَّوْتَ فَقَالَ إِنْ يُخَيِّرُنِي رَبِّي قَبِلْتُ فَإِنِّي أَعْلَمُ إِنْ فَعَلَ ذَلِكَ بِي أَعَانَنِي وَ عَلَّمَنِي وَ عَصَمَنِي وَ إِنْ خَيَّرَنِي رَبِّي قَبِلْتُ الْعَافِيَةَ وَلَمْ أَقْبَلِ الْبَلاءَ فَقَالَتْ الْمَلاَئِكَةُ بِصَوْتٍ لاَ يُزَاحِمُ لم يا لقمان قَالَ لِأَنَّ الْحَاكِمَ بِأَشَدِّ الْمَنَازِلِ وَأَكْبَدِهَا يَغْشَاهُ الظُّلْمُ مِنْ كُلِّ مَكَانٍ يَنْجُو أَوْ يُعَانُ وَ بِالْحَرِيِّ أَنْ يَنْجُوَ وَإِنْ أَخْطَأَ أَخْطَأَ طَرِيقَ الْجَنَّةِ وَمَنْ يَكُنْ فِي الدُّنْيَا ذَلِيلاً خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَكُونَ شَرِيفًا وَمَنْ يَخْتَرِ الدُّنْيَا عَلَى الآخِرَةِ فَتَنْتَهِ الدُّنْيَا وَلاَ يُصِيبُ مُلْكَ الآخِرَةِ فَتَعَجَّبَتِ الْمَلائِكَةُ مِنْ حُسْنِ مَنْطِقِهِ فَنَامَ نَوْمَةً فَغُطَّ بِالْحِكْمَةِ غَطًّا فَانْتَبَهَ فَتَكَلَّمَ بِهَا. رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳақиқатда, Луқмон пайғамбар бўлмаган! Лекин кўп тафаккур қилувчи, эзгулик билан зийнатланган қатъиятли банда бўлган. Аллоҳни яхши кўрган, Аллоҳ ҳам уни яхши кўрган ва ҳикмат ато этган. Бир куни куннинг ярмида ухлаб ётганида унга бир нидо келган: “Эй Луқмон, инсонлар орасида ҳақ билан ҳукм қилишинг учун Аллоҳ таолонинг сени ерда халифа қилишига рағбатинг борми?”. У уйғонган ва овозга жавоб бериб: “Агар Роббим мени танлаган бўлса, қабул қилдим, мен биламанки агар У ўшани менга қилган бўлса, албатта менга ёрдам беради, билдиради ва сақлайди. Агар Роббим менга танлаш имконини берган бўлса, офиятни қабул қилдим, балони қабул қилмадим” – деган. Малоикалар баралла овоз билан: “ Нимага эй Луқмон”, – дейишган. У: “Чунки ҳоким энг қийин ва энг ташвишли ўринларда бўлади,  уни ҳамма тарафдан зулм ўраб туради, у  қутулиб қолади ё унга ёрдам берилади,  яхшиси қутулиб қолмоқдир. Агар адашса, жаннат йўлидан янглишган бўлади. Кишининг дунёда мансабсиз бўлиши мансабли бўлишидан яхшироқдир. Кимки охиратни қўйиб, дунёни ихтиёр қилган бўлса, билсинки, дунё тамом бўлиб охирига етади, у эса охират мулкига эришолмай қолади” – деган. Фаришталар унинг гўзал нутқидан ҳайратга тушганлар. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан у қаттиқ уйқуга кетган ва ҳикматга батамом чўмдирилган. Уйқудан уйғонгач, ҳикмат билан гапирадиган бўлган...” – деяётганларини эшитганман”.  Дайламий ривоят қилган. 

 

Қиёматнинг катта аломатлари баёни

32 - وَعِيسَى سَوفَ يَأْتِي ثُمَّ يَتْوِي     لِدَجَّالٍ شَقِيٍّ ذِي خَبَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Ийсо (алайҳиссалом) келажакда келади, сўнгра тўхтамасдан бадбахт бузғунчи дажжолга йўл олади.

Назмий баёни:

Исо келажакда, албатта, келар,

Бадбахт дажжолга у тезда йўл олар.

Луғатлар изоҳи:

عِيسَى – мубтадо. Мақсур исм бўлгани учун марфуълиги билинмай турибди.  

سَوفَ – музориъ феълининг олдидан келишга хос бўлган “тасвийф” ва “истиқбол” ҳарфи.

يَأْتِي – музориъ феъли. Тақдирий هُوَ фоили. Ушбу феъл ва фоил раф ўрнида бўлиб, мубтадонинг хабаридир.

ثُمَّ – тартибни ва маълум муддат ўтишини ифодалайдиган атф ҳарфи.

يَتْوِي – ушбу феъл бирор нарсага тўхтамасдан мақсадга интилишга нисбатан ишлатилади. Баъзи шарҳларда يُتْوِي (ҳалок этади) маъноси берилган. Таҳқиқларга кўра, юқоридаги маъно мўътабар ҳисобланади.   

لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.

دَجَّالٍ – жор мажрур يَتْوِي га мутааллиқ.

شقي – сифат. Луғатда “бадбахт” маъносини англатади.

ذي – “соҳиб”  маъносини англатувчи “асмои ситта”дан бири. Сифатдан кейин келган яна бир сифат. 

خَبَالِ –  музофун илайҳ. Луғатда “бузуқ” маъносини англатади.

Матн шарҳи:

Келажакда Исо алайҳиссалом ер юзига тушади ва бузуқ даъволари билан кўпчиликни довдиратиб қўйган дажжолни ҳалок этади.

Исо алайҳиссаломнинг тушишлари, дажжолнинг чиқиши  қиёматнинг энг катта аломатларидан ҳисобланади. Қиёмат яқин қолган бир пайтда ушбу воқеалар содир бўлади. Дажжол луғатда “ёлғончи”, “фирибгар”, каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса ўта ёлғончи, ғайри оддий қобилиятга эга, бир кўзи теп-текис, пешонасига “кофир” деб ёзилган, қиёматга яқин чиқиб худолик даъвосини қиладиган дажжол лақабли кимса тушунилади.  Ҳадиси шарифларда у ҳақида батафсил маълумотлар келган. Унинг ёлғончи каззоб киши бўлиши билан бирга, фитнаси катта бўлишини, унинг фитнасидан сақланиш учун нима қилиш кераклиги ҳам айтилган. 

عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ الْكِلاَبِىِّ قَالَ ذَكَرَ رَسُولُ اللَّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الدَّجَّالَ فَقَالَ إِنْ يَخْرُجْ وَأَنَا فِيكُمْ فَأَنَا حَجِيجُهُ دُونَكُمْ وَإِنْ يَخْرُجْ وَلَسْتُ فِيكُمْ فَامْرُؤٌ حَجِيجُ نَفْسِهِ وَاللَّهُ خَلِيفَتِى عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ فَمَنْ أَدْرَكَهُ مِنْكُمْ فَلْيَقْرَأْ عَلَيْهِ فَوَاتِحَ سُورَةِ الْكَهْفِ فَإِنَّهَا جِوَارُكُمْ مِنْ فِتْنَتِهِ قُلْنَا وَمَا لُبْثُهُ فِى الأَرْضِ قَالَ أَرْبَعُونَ يَوْمًا يَوْمٌ كَسَنَةٍ وَيَوْمٌ كَشَهْرٍ وَيَوْمٌ كَجُمُعَةٍ وَسَائِرُ أَيَّامِهِ كَأَيَّامِكُمْ فَقُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ هَذَا الْيَوْمُ الَّذِى كَسَنَةٍ أَتَكْفِينَا فِيهِ صَلاَةُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ قَالَ لَا اقْدُرُوا لَهُ قَدْرَهُ ثُمَّ يَنْزِلُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ عِنْدَ الْمَنَارَةِ الْبَيْضَاءِ شَرْقِىَّ دِمَشْقَ فَيُدْرِكُهُ عِنْدَ بَابِ لُدٍّ فَيَقْتُلُهُ.  رَوَاهُ ابُو دَاوُدَ

Наввос ибн Самъон  Килобий: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дажжолни зикр қилиб: “Агар у чиқса ва мен сизларнинг ораларингизда бўлсам, сизларсиз ўзим унга қарши тураман. Агар у чиққанида мен бўлмасам, ҳамма ўз-ўзини ҳимоя қилади. Аллоҳ ҳар бир мусулмонга ёрдам беради. Сизлардан ким унга етса, унга қарши “Каҳф” сурасининг бошларини ўқисин. Чунки у унинг фитнасидан сизларнинг ҳимояларингиздир”. Биз: “Унинг ерда қолиши қандай”, – дедик. У зот: “Қирқ кун. Бир куни бир йилдекдир, бир куни бир ойдекдир, бир куни бир ҳафтадекдир, бошқа кунлари сизларнинг кунларингиз кабидир”, – дедилар. Шунда биз: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўша бир йилдек кунда бизга бир кеча кундузнинг намози кифоя қиладими”, – дедик. У зот: “Йўқ, унинг миқдорини белгиланглар, сўнгра Исо ибн Марям Дамашқнинг шарқий оқ минораси олдида тушади ва уни “Боби луд”да топиб ҳалок қилади”, – дедилар”.  Абу Довуд ривоят қилган.

Қиёмат аломатлари ҳақида хабар берувчи ушбу ҳадисга жуда кўплаб шарҳлар ёзилган. Жумладан, имом Абу Довуднинг “Сунан”и шарҳида қуйидаги сўзлар айтилган: “ Биз: унинг ерда қолиши қандай, – дедик. У зот: “Қирқ кун. Бир куни бир йилдекдир, бир куни бир ойдекдир, бир куни бир ҳафтадекдир, бошқа кунлари сизларнинг кунларингиз кабидир” – дедилар. Яъни у чиққанидан кейин ерда қолиш муддати қирқ кундир. Биринчи куни бир йилдекдир, иккинчи куни бир ойдекдир, учинчи куни бир ҳафтадекдир, қолган ўттиз етти кун эса бизларнинг кунларимиз кабидир. Бу ўша замонда бўладиган ғайриоддий ишлардан бири бўлади. Саҳобаи киромлар ўша пайтда намознинг қандай ўқилиши ҳақида: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўша бир йилдек кунда бизга бир кеча-кундузнинг намози кифоя қиладими”, – дея сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ унинг миқдорини белгиланглар", – дедилар. Яъни беш вақт намозни олдин ўқиб юрганларинг каби ўқинглар. Бомдодни ўқиганларингдан кейин қанча вақтдан сўнг пешинни ўқирдиларинг, ўша миқдорни белгилаб пешинни ўқинглар, қолган намозларни ҳам шу тартибда миқдорини белгилаб ўқинглар. Ушбу вақт кунларнинг ададлари эътиборидан йил каби бўлади, лекин у бир куннинг ўрнида бўлади. Яъни шу вақт давомида инсонлар қуёшнинг ботмасдан тураверганини кўриб турадилар. Қуёш ана шундай тўлиқ бир йил ботмасдан туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳар бир намознинг орасини билишлари учун миқдорни белгилашни тайинлаганлар. Улар бир намозни ўқиганларидан сўнг кейинги намоз вақти кирадиган муддат келгунча кутадилар, сўнгра навбатдаги намозни адо этадилар. Шундай қилиб миқдори бир йилга тенг бўлган ўша кун ҳам ўтади. Ундан кейин миқдори бир ойга тенг бўлган кунни ҳам, ундан кейинги миқдори бир ҳафтага тенг бўлган кунни ҳам шу тартибда ўтказадилар. Худди шундай ишни кеча ва кундузни билолмайдиган қуёш ва ойни кўришдан тўсилиб қолган маҳбус ҳам қилади. Яъни у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайинлаганларидек миқдорини белгилаб ўқийди. Узун муддат қуёш ботмасдан турадиган жойлар ҳам дажжол ҳақида келган ушбу ҳадисдаги кўрсатмага кўра амал қиладилар”[8].       

Пайғамбарлар орасидан нима учун айнан Исо алайҳиссаломнинг тушишлари хослангани ҳақида шундай дейилган: “Пайғамбарлар орасидан айнан Исо алайҳиссаломнинг тушишларининг ҳикмати шуки, бунда у зотни ўлдирганларини даъво қиладиган яҳудийларга раддия бор. Аллоҳ таоло уларнинг ёлғонларини ошкор қилади. У зот тушганларидан сўнг уларни ҳалок қилади. Ёки у зотнинг тушишлари ажаллари яқинлашгани сабабли ерда дафн этилишлари учун бўлади. Чунки у зотга ҳам ажал тайин қилинган бўлиб, тайин қилинган вақтда, албатта, ўлимни тотадилар. Тупроқдан яратилган зотнинг самода вафот этиши лозим эмасдир. У зотнинг тушиши дажжолнинг чиққан пайтига тўғри келади ва у зот уни ўлдиради. Аслида уни ўлдиришни қасд қилиб тушган бўлмайди”[9].

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Валийлар ва уларнинг кароматлари баёни:

Валийларнинг мартабалари;

Кароматнинг турлари;

Фаросат – ярим каромат;

Истидрож ҳақида.

 

[1] Ҳад луғатда “тўсиш” маъносини англатади. Шунга кўра, икки нарса орасини тўсадиган ва уларни бир-бирига аралашиб кетишдан ҳимоя қилиб турадиган ҳар бир нарсага ҳад сўзи ишлатилади. Масалан, ҳовлининг чегараси уни ажратиб турганлиги учун “ҳовлининг ҳади”, дейилади. Шаръий истилоҳда, бандаларга зарар бўладиган турли фасод ишларнинг олдини олиш учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлиб белгиланган жазо, ҳад дейилади. Ҳад ман қилинган иш содир бўлишдан аввал ундан тўсувчи бўлади, содир бўлгандан кейин эса унга қайтишнинг олдини олувчи ҳисобланади. Қаранг: Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз. Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид, учинчи жуз. – Дамашқ: “Дорул қалам”, 2009. – Б. 246.

[2] Анбиё сураси, 7-оят.

[3] Оли Имрон сураси, 159-оят.

[4] Каҳф сураси, 86-оят.

[5] Наҳл сураси, 68-оят.

[6] Луқмон сураси, 12-оят.

[7] Луқмон сураси, 13-оят.

[8] Абдул Муҳсин. Шарҳу Сунани Аби Довуд, биринчи жузи. “Мактабатуш шомила”. – Б. 2.

[9] Муновий. Файзул қодир, олтинчи жузи. “Мактабатуш шомила”. – Б. 464.

Янгиликлар

Top