www.muslimuz

www.muslimuz

Буюк Британиянинг таниқли “The Telegraph” газетаси Ўзбекистонни саёҳат қилиш учун коронавирусдан холи, туристик жиҳатдан жозибадор 19 мамлакат қаторига қўшди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
“Telegraph Travel” мухбири Сара Уилер мақоласида жумладан бундай ёзади: “катталиги Испаниядек келадиган бу давлат, ўзидан нур ва ажиб гўзалликни таратиб туради. Замонавий Ўзбекистонда Буюк Ипак йўлининг уч буюк шаҳри (Бухоро, Хива ва Самарқанд) ва Тян-Шан тоғ массиви жойлашган”.

Шунингдек, ушбу рўйхатга Аргентина, Намибия, Куба, Туркия, Мўғулистон, Мадагаскар, Перу, Малдив, Малта, Лаос, Ботсвана, Жанубий Африка, Чили, Полша, Колумбия, Венгрия, Боливия ва Танзания каби давлатлар киритилган.
Нуфузли нашрда ёзилишича, ушбу мамлакатларда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмаган ҳамда у ерларда кўриш мумкин бўлган жойлар кўп.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Маълумки, куни кеча 5 март куни узоқ йиллардан бери кузатилмаган ҳолат – Масжидул Ҳаромнинг Каъба атрофидаги асосий тавоф қилинадиган саҳнаси ҳамда Масжидун Набавий ичидаги Равзаи мутаҳҳара вақтинчалик ёпиб қўйилган эди.

Бу ҳолат коронавирусга қарши кураш, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида тозалаш ишлари бошлангани муносабати билан амалга оширилгани хабар берилган. Аммо диндошларимиз масжиднинг ичида, яъни масжиднинг усти ёпиқ жойларида тавоф-саъйларини амалга ошириб, намоз ўқишмоқда. Икки Ҳарами шарифда ҳам бугун Жумъа намози адо этилди. Аммо тозалаш, дезинфекция ишлари якунига етмагани учун Каъба атрофидаги саҳна ҳали очилмади.

Аллоҳ таоло Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийни ҳамда барча умрачи, зиёратчиларни Ўз паноҳида асраб, Каъба атрофидаги тавоф қилинадиган саҳна ва Равзаи мутаҳҳаранинг тезроқ очилишини насиб этсин! Шунинг қаторида юртимизни, халқимизни ҳам турли касалликлар ва вируслардан Ўз паноҳида асрасин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Муаллими соний” китобининг видео қўлланмаси ҳамда AlQuranuz номли мобил иловасининг тақдимоти бўлиб ўтди

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Қуръони Карим бизгача етиб келгунча не-не уламолар, имомлар кечаю кундуз меҳнат қилиб, заҳмат чекиб Аллоҳ таолонинг Каломи келажак авлодларга етиб келгунича ҳаракат қилишган. Ана шундай заҳматкаш, қироат олимларидан бири, дунёга машҳур ҳофизи Қуръон Шайх Алижон қори Файзуллоҳ махдум ўғли томонидан “Муаллими соний” китобининг янгича видео қўлланмаси ҳамда AlQuranuz номли мобил илова тайёрланди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 4 март куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг масжлислар залида мазкур қўлланмаларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Анжуманга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, бўлим мудирлари, ходимлари, юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, имом-хатиблари, Қуръон мухлислари ташриф буюрдилар.

Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг дуо қилиниб, Аллоҳ таолодан тадбирнинг чиройли ўтиши сўралди.

Ўзларининг дил изҳорларини баён этиш учун биринчи бўлиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи, узоқ йиллардан бери халқимизга Динимизни етказиб келаётган устозларимиздан Эрдон домла Эсоновни сўзга чиқдилар.  

Домла ўз сўзларида ушбу тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ўтказиш ташаббусини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари берганларини, аммо Самарқандда бўлиб ўтаётган конференция сабабли тадбирда ўзлари иштирок эта олмаётганликларини айтиб, муфтий ҳазратларининг табрик ва саломларини анжуман меҳмонларига етказдилар.

Шундан сўнг сўз навбати Убай ибн Каъб жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқуловга берилди. Қори ака Шайх Алижон қорининг хизматларини эътироф қилган ҳолда, ўзларининг самимий тилак ва дил сўзларини баён қилдилар. Ўтаётган тадбир юртбошимиз ташаббуслари билан 2018 йилда юртимизда ўтказилган Қуръони Карим мусобақасининг самараси эканини таъкидладилар.

Шундан кейин сўз навбатини Шайх Алижон қори аканинг устозлари ва сафдошлари бўлган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси катта ўқитувчиси Бурҳониддин домла Аҳмедовга берилди. Домла ўз сўзларида Шайх Алижон қори ака билан боғлиқ ширин хотираларини ёдга олдилар. Буни тинглаган барча меҳмонларнинг кўзлари ёшланди.

Шундан сўнг сўз тадбирнинг асосий қаҳрамони, ўнта қироат бўйича ижоза соҳиби, минглаб қорилар устози Шайх Алижон қорига берилди. Қори ака сўзларини тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига ташаккур айтиш билан бошлаб, йиғилганларга Қуръони Каримнинг турли қироатларидан намуналар ўқиб бердилар. Сўзлари давомида “Муаллими соний” китобининг видео қўлланмаси 27 йиллик меҳнатлари маҳсули эканини таъкидлаб ўтдилар.

Кейин кўплаб толиби илмларга Қуръони Каримдан сабоқ бераётган ва ҳофизи Қуръонлар етиштириш борасида самарали меҳнат қилаётган устозлардан бири, Шайх Алижон қори аканинг етук шогирдларидан бўлмиш Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматовга минбарга чиқдилар.

Қори ака ҳам ўз сўзида устози Алижон қорига ташаккурларини изҳор қилиш билан бирга видео қўлланма борасида айрим мулоҳазаларини эслатиб ўтдилар.

Сўнггида “Муаллими соний” видео қўлланмаси ва AlQuranuz  номли мобил иловадан фойдаланиш йўл-йўриқлари, уларнинг афзаллик жиҳатлари ва қулайликлари ҳақида батафсил сўзлаб бериш учун сўз навбати ушбу қўлланмалар устида самарали меҳнат қилган, соҳа мутахассиси Санжарбек Насирбековга берилди.

Алижон қори ака ушбу тақдимотни Миср жумҳуриятида ўтказишлари ҳам мумкинлиги, лекин у кишининг ўз халқига, она ватанига бўлган муҳаббати ушбу бебаҳо қўлланмаларни шу ерда тақдим этишга ундагани тадбир давомида алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг барча йиғилганларнинг илтимосларига биноан Шайх Алижон қори аканинг ўзлари тиловат қилиб бердилар ва якуний дуо билан тадбир ўз ниҳоясига етди.

Барча меҳмонлар кўтаринки кайфият ва ўзгача шукуҳ билан тарқалдилар.

Аллоҳ таоло юртимизда меҳнат қилаётган барча қори устозлар, уламолар, аҳли илмлардан, жумладан, Шайх Алижон қори акадан рози бўлсин! Қуръони Каримни элимиз, халқимиз орасида кенг ёйиш, ҳофизи Қуръонларни етиштириш йўлидаги хизматларингнинг ажрини кўпайтириб берсин ва меҳнатларининг самарасини мўл-кўл қилсин!

Аллоҳ таоло қилинган дуоларни ижобат қилсин! Видео қўлланмани ва мобил иловани тайёрлашда жонбозлик кўрсатган, биргаликда меҳнат қилган ва ушбу тадбирни ташкил этишда ҳисса қўшган барча инсонларнинг ажру савобларини кўпайтириб берсин!

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация ўз юртига жўнаб кетди.
 
Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари кеча халқаро конференцияда маъруза қилди. У ўз маърузасида Имом Мотуридий илмий-маънавий меросини ўрганиш бугунги глобаллашув даврида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, анжуман доирасида Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.
 
Имом Бухорий мажмуаси ҳамда аллома номи билан юритиладиган халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишган Миср Бош имоми фахрий меҳмонлар китобига “Мен Ўзбекистон давлатига ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир”, деган сўзларни ёзиб қолдирди.
 
Шайх Аҳмад Таййиб ўз юртига жўнаб кетиш олдидан анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдираркан, “Бизга кўрсатилган юксак ҳурмат ва эҳтиромдан бошимиз кўкка етди. Биз Миср билан Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўзимиз учун шараф деб биламиз”, деди. 
 
Снимок.JPG
 

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

Босния ва герцеговиналик уламо Имом Мотуридийнинг бош ғояси ҳақида гапирди. 

Доктор Мустафо Черич, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси:

– Ушбу анжуманга таклиф этилганимдан жуда хурсандман. Бунинг сабабини айтаман. Чикаго универститетида ўқиб юрган пайтларим умримнинг асосий қисми Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш билан ўтган. Тўғриси, у йиллар на мусулмон давлатлари олимлари, на бошқа халқлар вакиллари Мотуридийдек улуғ аллома ҳақида ўйламаган, унинг шахси, бебаҳо меросига аҳамият бермаган. Нокамтарлик бўлса-да айтай, мен ўша мураккаб даврларда Мотуридийнинг илмий салоҳияти, ноёб асарлари ҳақида тадқиқот бошлаганман, диссертация ёқлаганман. Шу боис, мени Самарқандга, Мотуридий таълимоти бўйича конференцияга таклиф этишганида беҳад мамнун бўлдим.

Шу ўринда бир ғаройиб ҳолат ёдимга тушади. Мен бутун вужудим билан Мотуридий таълимотини ўрганишга шўнғиган кезларим ўй-хаёлим, жисмим ва ҳатто руҳим билан ул зот ила мулоқотга киришардим. Бундан ҳайратга тушган рафиқам бир муддат мени Мотуридий шахсидан рашк ҳам қилган. Дарвоқе, ушбу анжуманга рафиқам билан бирга келдим.

Ўзбекистон ҳамда Босния ва Герцеговина тарихининг муштарак жиҳатлари бор. Бизнинг динимиз, мазҳабимиз бир. Халқларимиз айнан Мотуридий ёқлаган ақидага хос ҳаёт кечиради. Тарихимизнинг яна бир муштарак томони, сизлар ҳам, бизлар ҳам яқин ўтмишда коммунистик мафкура таъсири остида яшаганмиз. Бу динимиз ривожига салбий таъсир кўрсатганини кўпчилик, айниқса, катта авлод вакиллари яхши билади.

Шу боис, ҳозирги пайтда ёшларни янги мафкура остида тарбиялаш ўзига яраша муаммолар туғдираётгани рост. Зеро, ҳали ҳам мустабид тузум мафкураси таъсиридан қутулиб кета олмаган одамлар бор.

Бугун Ўзбекистон ҳам, Босния ва Герцеговина ҳам демократик ривожланиш йўлини танлаган. Бу йўлда албатта Имом Мотуридий каби алломалар таълимоти, уларнинг асарлари бизга жуда асқотади. Чунки Имом Мотуридий X асрдаёқ ўз асарлари, ғояси билан турли бузғунчи оқимларга қарши курашган. Ҳозирги замонда ҳам шундай зарарли оқимларга мансуб гуруҳлар, фирқалар етарли. Шу боис орадан асрлар ўтса-да, Мотуридийдек алломаларнинг асарларидан фойдаланиш жуда фойдали.

Имом Мотуридий ислом уламолари орасида биринчилардан бўлиб инсон ақлидан унумли фойдаланиши лозимлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган. У кишининг талқин китобида зикр этилган фикрларга кўра, Қуръони каримдаги ҳеч бир оят инсон ақлий қобилиятига зид эмас, яъни ҳар бир ақлан соғлом инсон фаҳмлай оладиган даражада тушунарли. Мотуридий ҳам ўз таълимотида Қуръони каримга суяниб, инсон ақл берилганига шукр қилиш билан қаноатланмасдан, шу ақлни ишлата билиши ҳам керак дейди.

Ҳозир биз мусулмон мамлакатлари аҳли ўз тарихимиз, қадрият ва анъаналаримиз, ақлимиз, салоҳиятимиздан тўлиқ фойдалана олаётганимиз йўқ. Кўпгина мусулмон давлатлари бугунги кунда яратувчи эмас, балки истеъмолчига айланиб қолган. Бу ҳолат айнан Мотуридий ифодалаган фикрлар билан ҳамоҳанг.

Ислом дини илмни, тараққиётни ёқлайди. Биз ҳам қадимгидек илғор бўлиб, мавжуд салоҳиятимизни самарали йўналтириб, аввало яратиб, кашфиёт қилиб, сўнг истеъмол қилишга ўрганишимиз зарур. Ақлни ишлатиб, неъматлардан, имкониятлардан Аллоҳ буюрган зайлда тўғри фойдалансак, Имом Мотуридий ёқлаган ғояларни, албатта, рўёбга чиқарамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор эзгу амаллари учун Ўзбекистон раҳбариятига, диний идора мутасаддилари ва ушбу анжуманнинг барча ташкилотчиларига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Буюк уламолар мангу қўним топган Самарқанд заминига ва бутун Ўзбекистонга Аллоҳ таолонинг нури ёғилсин, олиб бораётган ишларингизга баракотлар ато қилсин.
 

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Янгиликлар

Top