www.muslimuz

www.muslimuz

 

Бугун, 9 май куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бошланган «Диний эркинликдан диний масъулият сари: қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат ҳамжамиятларини қуриш» номли халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Шу йилнинг 11 май кунига қадар давом этадиган ушбу тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар етакчилари, машҳур олимлар, таниқли уламолар ҳамда соҳа экспертлари жами 100 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.

Қайд этиш керакки, мана шундай йирик форум 2022 йил 16-19 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган. Бундан илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Доҳадаги нуфузли тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибига Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун Ғафуров, Президент Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов ва бир қатор диёримиздаги диний конфессиялар вакиллари киритилган.

Халқаро тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Очилиш маросимида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги миллатлараро дўстлик, динлараро аҳиллик борасидаги қадим анаъналар ва бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар юқорида баҳоланди. Эътиборлиси, очилиш маросимида 2022 йил Тошкент ва Бухорода ўтган конференциядан видеолавҳалар тақдим этилди.

Анжуманда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Ўзбекистонда миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланиши, барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилаётгани ҳақида муҳим маълумотларни иштирокчиларга тақдим этди.

АҚШ Глобал жалб қилиш институти асосчиси Крис Сайпл АҚШ-Ўзбекистон  муносабатлари ҳақида тўхталиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда қисқа вақт давомида амалга оширилган ислоҳотлар бутун дунё учун ўрнак бўлиши лозим эканини 20 га яқин мамалакатдан келган делегатлар олдида маълум қилди.

Шунингдек, тадбир доирасида турли давлатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар намойиш этилмоқда.

Конференция ишида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий маърузалар ҳам ўқилади.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга сафари давом этмоқда.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилояти Сирдарё туманида қайтадан бунёд этилаётган “Янги ҳаёт” масжидининг илк ғишт қўйиш маросимида қатнашдилар. Шунингдек тадбирда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров, туман мутасаддилари, уламолар, нуроний оқсоқоллар, муҳандис ва қурувчи ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Муфтий ҳазратлари жамоатга бугунги кунда диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани ҳақида сўз юритиб, бундай масжидлар элимизга маърифат тарқатиш маскани бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуолар ўқилди.
Маросим сўнггида эҳсон дастурхони ёзилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу масжиднинг эски биноси 1956 йилда қурилган. У пахса, хом ғиштдан бўлгани учун фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганди. Қолаверса, кейинги пайтда намозхонлар сони ортиб, жамоат намозига хонақоҳ торлик қилаётган эди.

Эндиликда Сирдарё туманининг марказидаги аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида, жоменинг янги биноси эски жойидан 200 метр катта йўл бўйига яқин манзилга кўчирилди.

Мажмуанинг умумий майдони бир гектарни ташкил этади. Янги хонақоҳга ёнидаги айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилади. Бундан ташқари, зиёратга чиққан йўловчи аёллар учун ҳам 25 кишилик алоҳида намозхона қуриш режа қилинган.

Лойиҳага кўра, 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжидга ўзгача файз ва виқор бахш этади.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат кўрсатади. Масжид қурилишини якунлаш ишлари 2025 йилга режа қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 3 май куни Тошкент шаҳридаги Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти педагоглар жамоасининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири Муҳаммадамин домла Насриев бошқа ишга ўтганлиги сабабли унинг ўрнига диний-маърифий соҳада кўп йиллар меҳнат қилган Абдулҳаким қори Матқулов тайинлангани маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари йиғилишда сўзга чиқиб, давлатимиз Раҳбари томонидан бугунги мураккаб дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга Ислом дини моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, диний таълим сифатини янада ошириш, заминимиздаги қадимий диний таълим анаъналари ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда юртимизда диний таълим муассасаларида татбиқ этиш каби муҳим топшириқлар берилганини алоҳида таъкидладилар.

Муфтий ҳазратлари мадрасанинг янги мудири ва педагоглар жамоаси олдида мана шундай долзарб вазифалар турганини ҳам алоҳида қайд этдилар.

Аллоҳ таолодан Абдулҳаким қори Матқуловга масъулиятли ва шарафли ишда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркия парламентининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раиси, депутат Осман Местенни қабул қилдилар. Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга равнақ топаётгани, икки юрт раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани таъкидланди.
Осман Местен Ўзбекистон замини туркияликларнинг ота юрти экани, ўзининг ажодлари ҳам асли бухоролик бўлгани, Мовароуннаҳр нафақат осори атиқалари ила балки қадимдан маданият ва маърифат ўчоғи экани билан ҳам шуҳрат қозонганини эътироф этди. Туркия томони муфтий Нуриддин домла ҳазратларини келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун Туркияга таклиф қилди.
Учрашувда мамлакатимиздаги референдум халқаро талабларга мувофиқ ўтказилгани, эмин-эркин овоз берилгани, одамлар учун зарур шароитлар яратилгани ва халқимиз уюшқоқлик билан тарихий жараёнда иштирок этгани қувонарли ҳол экани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»

Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди! Тасбеҳни бидъат дейиш нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!

Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар. Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.

Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Page 42 sur 637

Янгиликлар

Top