www.muslimuz

www.muslimuz

ИЛМУ ҲУНАР ЎРГАТИНГ

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

وَعَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: “من طلب الدنيا حلالا تعففا عن المسألة وسعيا على أهله و تعطفا على جاره لقي الله تعالى يوم القيامة و وجهه مثل القمر ليلة البدر”

“Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик, Идрис (алайҳиссалом) эса хаттотлик билан шуғулланганлар.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббатли инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: “من الذنوب ذنوب لا يكفرها إلا الهم في طلب المعيشة”.

“Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ташвишгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисла­ри­нинг бирида:

قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ:“ما أكل أحد طعاما قط خيرا من أن يأكل من عمل يده، وإن نبي الله داود كان لا يأكل إلا من عمل يده”

“Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Бу одат бошқа халқларда учрамайди десак, муболаға бўлмас. Истиқлол шарофати билан бугун она заминизда сертароват, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган юзлаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва технологияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасалари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб, талабаларга тақдим этилди. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир.

Мана шундай юксак эътиборнинг қадрига етиб, ўз вақтида чуқур илм эгаллаб, мен албатта келажакда элимга, юртимга хизмат қиламан, деб ҳаракат қилиш ҳар бир ўқувчининг асосий мақсади бўлмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчамизнинг фарзандларимиз салоҳиятли ва комил инсон бўлиб улғайишида ўзи мададкор бўлсин.

Сиз билан биз, ота-оналар, мурғак чақалоқларимизни эркалаб, ардоқлаб ўстирар эканмиз, фақат уларнинг жисмоний соғлиғи, моддий таъминоти тўғрисида эмас, балки маънавий бойликларини, инсоний фазилатларини баркамол қилиш тўғрисида ҳам қайғуришимиз керак бўлади.

Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган ҳар қандай инсон, албатта, маълум миқдорда одамийлик хусусиятларига ҳам эга бўлади.

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарздир. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти «Ўқи!» деган амр бўлган эди. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Бешикдан қабргача илм изла», деб таълим берганлар.

Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига илм излашни, илм ўрганишни буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:

هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلَّذِينَ يَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَۗ

«…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми…?!»  деб илму фанга тарғиб қилади (Зумар, 9).

Аллоҳ таоло илм аҳлларини фаришталар қатори зикр этиб, бундай хабар беради:

شَهِدَ ٱللَّهُ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَأُوْلُواْ ٱلۡعِلۡمِ قَآئِمَۢا بِٱلۡقِسۡطِۚ

«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳ­лик беради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам...» (Оли Имрон, 18).

Аллоҳ таоло олимлар билан илмсиз кишиларнинг фарқи катта эканини зикр этиб, бундай марҳамат қилади:

قُلۡ هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلَّذِينَ يَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَۗ

«Айтинг! (Эй Муҳаммад), биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми…?!» (Зумар, 9).

Улуғ Аллоҳ таоло яна хабар беради: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...» (Мужодала, 11).

Яна Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:

إِنَّمَا يَخۡشَى ٱللَّهَ مِنۡ عِبَادِهِ ٱلۡعُلَمَٰٓؤُاْۗ

«Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар...» (Фотир, 28).

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам умматларига мурожаат қилиб:

اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ فَاِنَّ طَلَبَ الْعِلْمَ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ

Яъни: «Илм Хитойда бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслимнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) «Саҳиҳ»ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Суфёндан (розияллоҳу анҳу) ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди”, деганларини эшитдим».

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят этилади. У зот айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи даража вакилига нисбатан фазлим кабидир», деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (алайҳиссалом): «Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят, денгиздаги кит ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи пайғамбарлар меросхўри бўлган олимларни дуо қилишади», дедилар».

Шунингдек, илм ҳақида Аваз Ўтар бундай деган:

Ҳар муроду мақсадингга етмоқ истарсан мурод,

Кўз очиб бедор бўл, даркор илм, даркор илм.

Илм фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Фарзи айн – ҳар бир киши ўрганиши шарт бўлган илмлар. Фарзи кифоя – бир гуруҳ кишиларнинг ўрганиши билан бошқалардан соқит бўладиган илмлар. Инсоннинг дунё ҳаётидаги ишларини бажаришда керак бўладиган барча илмлар фарзи кифоядир. Масалан, тиб илмини олайлик. Бу илм инсон жисмининг соғ-саломат бўлишида зарур саналади. Яна ҳисоб илми ҳам худди шу каби, мерос ва васиятларни тақсимлашда ҳамда дунё тараққиётига сабаб бўладиган бошқа илмларни ўрганишда ниҳоят даражада керакли илмлардандир.

Ушбу илмларни жамиятдаги маълум тоифа инсонлар ўқиб-ўрганиб, улар  билан шуғулланишмаса, бошқа барча инсонлар тўғри йўлдан адашишади, қийинчиликка тушиб қолишади. Агар бир юртда табиб бўлмаса, фуқаролари касалликка чалинишлари, ҳатто ўлиб кетишлари мумкин. Ҳисоб илмини биладиган кишилар бўлмаса, бу юрт тараққиётдан орқада қолади, кишилар ўртасидаги савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатлар издан чиқади, мерос илми билан шуғулланиш имкони ҳам йўқолади.

Худди шунингдек, иқтисодиётнинг, касб-ҳунарнинг бошқа турли йўналишлари ҳақидаги илмлар, масалан, деҳқончилик, тикувчилик, ҳатто ҳижомат, яъни қон олиш ҳам фарзи кифоядир. Агар бирон-бир ерда қон олувчи топилмай қолса, ўша жой аҳли ҳалокат ёқасига келиб қолади. Зеро, дардни берган Парвардигор давосини ҳам бериб, унинг йўлини ҳам кўрсатган. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасидаги барча дақиқ илмлар – кибернетика, дақиқ ҳисоблар мажмуаси, заррашунослик, ирсиятшунослик ва шу каби илмларни ҳам фарзи кифоя даражасида билишлари зарур бўлади.

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ ҳисобланади. Масалан, шеърият, тарих илмларини ўрганишга ҳеч бир монелик йўқ. Лекин баъзи бир илмлар, масалан, сеҳр-жоду, кўзбойлаш, гипноз, башоратгўйлик кабилар билан шуғулланиш номақбулдир. Чунки Аллоҳ таоло:

وَٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ

«Яна, (улар)  Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар. (У икки фаришта): «Биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!» – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!» (Бақара, 102) деб сеҳрни ўрганганларни танқид қилган.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг «Иҳёу улумид-дин» китобида бундай дейди: «Илм иккига бўлинади: биринчиси фойдали ва иккинчиси зарарли илмлар. Биринчиси инсониятга манфаат етказадиган илмлар бўлиб, бу ҳам иккига – шаръий ва дунёвий илмларга бўлинади. Зарарли илмлар эса, сеҳргарлик, ўғрилик кабилардир.

Фойдали илмларнинг биринчиси пайғамбарлардан келган шариат илмидир. У фақатгина муқаддас китобларни ўқиш ва ёд олиш орқали эгалланади.

Дунёвий илмлар эса ақл ва тажриба туфайли эгалланади. Улар тиббиёт, саноат, тикувчилик каби илмлардир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларни осуда ҳаёт кечиришга, ўзларининг саломатликлари қўриқчиси бўлишга буюрган. Бу касбларнинг эгаларисиз жамият соғлом ва осуда бўла олмайди, балки таназзул, ҳалокатга юз тутади».

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, эҳсон-нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради», деганлар.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илм-ҳикмат нури билан тирилтиради».

Бир куни Фатҳ Мусалий: «Касалга сув, овқат берилмаса, у ўладими?» деб сўрабдилар. Атрофидагилар: «Ҳа, ўлади», дейишибди. Шунда Фатҳ: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади», деган эканлар.

Муоз ибн Жабалнинг (розияллоҳу анҳу) мана бу сўзлари илмнинг фазилатига энг яхши далиллардандир: «Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандлигу хафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир».

Демак, ҳар бир мусулмон фарзанди аждодларнинг ўгитларига, уламоларнинг тавсияларига амал қилиб, илм ўрганишга бор куч-ғайратини сарфлаши, ўрганган илмига амал қилиш пайида бўлиши зарур. Шундагина у Аллоҳ розилигини топади, имонини мустаҳкамлайди, икки дунё саодатини қўлга киритади.

Шунинг учун ота-онанинг фарзанд олдидаги энг муҳим бурчларидан бири унинг ёшлигидан бошлаб илм олишига қулай шароит яратиб беришлари, улғайган сари ўзига муносиб бирор касбу ҳунар танлашга йўл кўрсатиб боришларидир. Ҳаммасидан ҳам муҳими – илму ҳунар ўрганиш билан бирга ахлоқ ва одоб фазилатларини тобора кўпроқ эгаллаб боришларида барчамиз ўз фарзанд ва набираларимизга яқиндан кўмаклашишимиз лозим бўлади. Аллоҳга шукрки, юртимизда илм-маърифат ва касб-ҳунар ўрганиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: «Илмни талаб қилиш фарз бўлганидек, касб-ҳунарни талаб қилиш ва уни эгаллаш ҳам фарздир».

Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва рўзғор анжомлари, поклик воситалари, либосга ҳамиша эҳтиёж сезилади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади. Аввал айтганимиздек, ўтган барча пайғамбарлар ва элчилар бирон касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечиришган. Одам (алайҳиссалом) буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, тегирмондан ўтказиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгор-уста бўлганлар. Иброҳим (алайҳиссалом) баззозлик қилганлар. Довуд (алайҳиссалом) совут, Сулаймон (алайҳиссалом) чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё (алайҳиссалом) нажжорлик қилганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) эса қўй боққанлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб, ҳалол-пок ҳаёт кечиришган.

Ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан сўрадилар: «Уйингда бирон нарсанг борми?» У: «Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир идишимиз бор», деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Икковини келтир!» У киши айтган нарсасини олиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва: «Буларни ким сотиб олади?» дедилар. Саҳобалардан бири: «Мен уларни бир дирҳамга оламан», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча бор: «Ким бунинг устига зиёда қилади», дедилар. Бошқа бир саҳоба: «Мен уларни икки дирҳамга оламан», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб, ансорийга бериб дедилар: «Бир дирҳамга таом сотиб олиб, аҳли аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб олда, менга олиб кел», деб амр қилдилар. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларини бажариб, болта сотиб олиб, ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қўллари билан болтага соп ясадилар ва уни кишининг қўлига бердилар-да: «Энди бориб, ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин», дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу маблағнинг бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!» дедилар. Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар: «Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг сабабли қиёмат куни юзингда доғ бўлади».

Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол касб-ҳунар билан кун кечиришга ва шу туфайли топилган энг яхши нарсалардан эҳсон қилишга буюради:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَٰتِ مَا كَسَبۡتُمۡ وَمِمَّآ أَخۡرَجۡنَا لَكُم مِّنَ ٱلۡأَرۡضِۖ وَلَا تَيَمَّمُواْ ٱلۡخَبِيثَ مِنۡهُ تُنفِقُونَ وَلَسۡتُم بِ‍َٔاخِذِيهِ إِلَّآ أَن تُغۡمِضُواْ فِيهِۚ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

«Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Бақара, 267).

 Машҳур муфассир Имом Бағавий бундай дейди: «Бу оятнинг маъноси касб-ҳунар билан топилган нарсаларнинг энг яхшисидан нафақа-эҳсон қилинглар», демакдир.

Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имоми Аъзамнинг шогирдлари Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) «Китоб ал-иктисоб» («Касб-ҳунар китоби») асарини ёзиб, бу борадаги динимиз таълимоти асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки вақтларданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий-маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. Барча вилоят ва шаҳарларимизда очилган касб-ҳунар коллежларида диёримизнинг минглаб ўғил-қизлари меҳнат, касб-ҳунар малакаларини изчил ўрганмоқдалар. Ҳозир республикамизда 1370 дан зиёд касб-ҳунар коллежлари фаолият олиб бормоқда. 

Жамиятга табиб, қурувчи, тўқувчи, муаллим, Ватан ҳимоячиси, қурол ясовчи уста, машина ҳайдовчи, новвой каби касб эгалари ҳамиша зарур. Тарихдан маълумки, қайси жамият замонавий илмлардан орқада қолган бўлса, албатта инқирозга учраган, келгинди босқинчиларга қарам бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) шунинг учун умматга: «Фарзандларингизни сувда сузишга, отда чопишга, камон отишга ва қурол ишлатишга ўргатинглар», деб буюрганлар. Фахри коинотнинг ўзлари аскарларнинг машқларини кузатганлар, мусулмон фарзандларини бошқа халқлар тилини ўрганишга ундаганлар.

Динимиз инсонларни ҳалол меҳнат, касб-ҳунар билан турмуш кечиришга чақирган. Дангасалик, ишёқмаслик, бекорчилик, нопок йўллар билан тирикчилик қилиш Исломда қаттиқ қораланган. Ўтмишда момоларимиз эрларини пул топиб келишга жўнатишиб, фақат ҳалол йўл билан, меҳнат орқали ризқ-насиба топишни тайинлашган ва: «Биз йўқчилик ва очликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз», деб насиҳат қилишган.

Болаларга ёшлигидан бирор касб-ҳунар ўргатиш ота-онанинг муҳим вазифасидир. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий бир достонининг қаҳрамони тилидан: «Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққаму кеткумдир охир», деб бежиз ёзмаган. Атоқли шарқ шоири Низомий Ганжавий: «Ўқиб-ўрганилган ҳар битта ҳунар ҳунармандга бир кун фойда келтирар», деб ёзганида минг бора ҳақ эди. Яна ҳикматлардан бирида: «Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир хавф-хатари бўлмайди. Шунинг учун киши ҳунар зийнати билан безанмоғи керак», дейилибди. Яна Алишер Навоий хазратлари: «Йўқ ҳунари ёлғиз эрса киши, қайда киши сонида ёлғиз киши», деганлар.

Халқимиз меҳнатсеварлиги, ғайрат-шижоати, ҳунармандлиги билан ном чиқарган. Ота-оналар фарзандларини кичиклигиданоқ бирор машғулот билан шуғуллантирадилар ёки ҳунар ўргатиш учун бирор ҳунарманд устага шогирд қилиб беришади. Қизларимизга ҳам ёшлигидан чеварлик, пазандалик, уй тутиш, бола тарбиялаш, ўзига оро бериш каби юмушлар эринмай ўргатилади. Токи, борган ерларида эпли-шудли эканликларини кўрсатсинлар, янги рўзғорларида қийналиб қолмасинлар, ҳаётлари фаровон, оилалари тўкин бўлсин, деган ниятда шундай йўл тутилади. Момоларимиз азал-азалдан чеварлик, тўқувчилик, мазали таомлар тайёрлаш, зардўзлик, каштачилик ва бошқа ҳунарлар бобида ном чиқаришган. Қизларини ҳам турмушга узатиш олдидан бир неча ҳунар эгаси қилиб тарбиялашган.

Ўн тўққизинчи аср охири ва йигирманчи аср бошларида яшаб ўтган таниқли олим ва маърифатпарвар Алий Назимонинг Марказий Осиёда катта шуҳрат қозонган ва мактаб-мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган «Таълими банот» («Қизлар тарбияси») китобида қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Ёш қизларга таълим-тарбия беришда улар учун ниҳоятда керакли, ўрганмасликнинг асло иложи бўлмаган фан қўл ҳунарлари фанидир. Энг юқори билим ва маълумот ҳам бу фаннинг ўрнини боса олмагани боис ёш хоним-қизлар бу фанни ўрганишга тиришишлари лозим. Қўл ишларига уста бўлган аёл қўлларининг моҳирлиги, чапдастлиги сабабли адабу иффат ичида тирикчилигини қила олади. Бой оилаларнинг хонимлари қўл ҳунари орқасида хуш ва ҳузурли вақт ўтказишади ҳамда муҳтожларга ёрдамлар кўрсатиб, одамийликда бўлурлар. Игна бир тўғри ва чин дўст бўлиб, кўп вақтда юрт халқининг ёрдамчиси ва энг қимматли қуролларидан биридир. У ёлғиз вақтларда юпанч бўлиб, ғам-қайғуни даф қилади, яхши ишларни рўёбга чиқаради, керак бўлганда фақирлик ва муҳтожликка қарши курашади. Қўл ҳунарларини кичкина ёшдан бошлаб тартиби ила ўргатиш лозим».

 

ФАРЗАНДЛИК БУРЧИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

Парвардигори олам башариятни тўғри йўлга бошлаш учун Қуръони каримни нозил қилди ва унда инсонларнинг дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда эса нажот топишларига сабаб бўлувчи ҳукмларини баён этди.

Маълумки, ота-оналар ўз фарзандларини чексиз меҳр-муҳаббат ва шафқат, куч-ғайрат ва маблағларини дариғ тутмай тарбия қилиб ўстирадилар. Бинобарин, ҳар бир фарзанд зиммасига ҳам ақлан, ҳам шаръан ўз ота-оналарига нисбатан беҳисоб бурч ва вазифалар юкланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандига ақлини таниши билан катталарни, хусусан, ўзининг дунёга келишига ва улғайишига, тарбия топиши ва илму одоб ўрганишига сабабчи бўлган ота-онаси ҳақини адо этишни тушунтириб бориши керак.

Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади.  Жумладан, Анкабут сурасининг 8-оятида:

وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ حُسۡنٗاۖ

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...» (Анкабут, 8) дейилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни ҳар бир мусулмон кишига фарз қилган. Шу сабабли уларга яхшилик қилиш ака-ука, ёру-дўстларга ва ҳатто фарзандга яхшилик қилишдан ҳам устун туради.

 Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзу феълларидан ҳеч малолланмасликка буюриб, қуйидагича хитоб қилади:

۞وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنًاۚ إِمَّا يَبۡلُغَنَّ عِندَكَ ٱلۡكِبَرَ أَحَدُهُمَآ أَوۡ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَآ أُفّٖ وَلَا تَنۡهَرۡهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوۡلٗا كَرِيمٗا وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23-24).

«Уларга ёқимли сўз» деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан ёш гўдаклардек авайлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Имом Насафий ва Хозин тафсирлари).

Эътибор беринг, Ҳақ таоло ота-оналар ҳақларига дуо ва истиғфор айтиб туришга буюриб, марҳамат қиляпти:

وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا

«Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24).

Бошқа бир оятда эса:

رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لِي وَلِوَٰلِدَيَّ وَلِلۡمُؤۡمِنِينَ يَوۡمَ يَقُومُ ٱلۡحِسَابُ

«Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!» дейилади (Иброҳим, 41).

Фарзанд ҳар доим ота-онасининг сўзларига қулоқ солиши ва уларга итоат қилиши лозим. Аммо ота-она бирор гуноҳ ишга буюришса, уларга итоат қилинмайди. Масалан, ота ўз ўғлига дўконга бориб маст қилувчи ичимлик олиб келишни буюрса, бу  ҳолатда отага итоат этилмайди, балки қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик ва мулойимлик билан тушунтирилади.

Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида фарзандларни ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан:

رِضَى الرَّبِّ فيِ رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فيِ سَخَطِهِمَا

«Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозилигига қараб бўлади», дейилади (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қиладилар:

مَا مِنْ وَلَدٍ بَارٍّ يَنْظُرُ إِلىَ وَالِدَيْهِ نَظَرَ رَحْمَةٍ إِلاَّ كَتَبَ اللهُ لَهُ بِكُلِّ نَظْرَةٍ حَجَّةً مَبْرُورَةً. قَالوُا: وَإِنْ نَظَرَ كُلَّ يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ ؟ قاَلَ: نَعَمْ. اللهُ أَكْبَرُ وَاَطْيَبُ

«Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай». Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Онҳазрат: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай», деб жавоб бердилар.

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига байъат беришга келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда бир киши келиб жаноби Сарвари оламдан сўради: «Ота-онам вафот этдилар. Энди уларга нима қилсам, зиммамдаги ҳақларини адо этган бўламан?» Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она вафот этгач, фарзандларнинг зиммаларига вожиб ишлар, аввало, уларга  жаноза намози ўқиш, вақти-вақти билан дуою истиғфорлар айтиб туриш, қилиб кетган барча васиятларини ижро этиш, уларга яқин бўлган ёру дўст, қариндошларини иззату ҳурмат қилиш, ота-она тарафидан бўлган қавму қариндошларга силаи раҳм бажо келтириш, қабрларини зиёрат қилиб туриш, бировлардан қарз ёки омонат олган бўлишса, уларни эгаларига етказиш», деб жавоб қилган эканлар.

Ўтиб кетган ота-оналарнинг руҳлари шод бўладиган амалларнинг энг улуғи улар қолдириб кетган фарзандларнинг солиҳ ва қобил бўлишларидир. Агар фарзанд ўзини ёмон йўллардан, гуноҳ ишлардан сақлаб, рушду ҳидоят, тоат-ибодатда юрадиган бўлса, бунинг савобидан ўзи ва зурриётларигина эмас, балки ўтиб кетган ота-оналар ҳам албатта баҳраманд бўлишади.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси муборакларида башорат бериб бундай деганлар:

إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ إِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلاَّ عَنْ ثَلاَثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

«Инсон вафот этиши билан номаи аъмолига гуноҳу савоб ёзилиши ҳам тўхтайди. Аммо уч иш бор, агар маййит ҳаётлик вақтида улардан қайси бирини қилиб кетган бўлса, ундан ҳосил бўладиган савоблардан маййитнинг номаи аъмолига ёзилиб тураверади. Булар садақаи жория, фойдали илм ва солиҳ фарзанддир» (Муттафақун алайҳ).

Ислом динида ота-онага бўлган ҳурмат нечоғли улуғлигини қуйидаги ҳадислардан ҳам билсак бўлади. Онанинг ҳузурига киришга изн сўраш ҳақида Алқамадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إلَى عَبْدِ الله قَالَ أَ أَسْتَأْذِنُ عَلَى أُمِّي؟ فَقَالَ: مَا عَلَى كُلِّ أَحْيَانِهَا تُحِبُّ أَنْ تَرَاهَا.

«Бир киши Абдуллоҳнинг олдига келди ва: “Мен онамнинг олдига киришга изн сўрайманми?” деди. “Нима, уни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўравермоқчимисан?” деди».

Ушбу ҳадисдан киши ўз онасининг олдига ҳам изн сўраб кириши зарур экани кўриниб турибди. Бу фарзанднинг улуғ бурчлари ва одобларидан ҳисобланади.

Садақаи жория. Бунинг маъноси шуки, инсон фақат ўзи ва оиласининг манфаатинигина кўзлаб эмас, балки ўзгаларга, бутун инсониятга, ҳайвоноту набототга ҳам бирор жиҳатдан фойда етказиш нияти билан иш қилиши керак. Дарахт  ўтқазилса, унинг мевасидан, соясидан ҳамма фойдаланади. Бирор ердан сув чиқарилса ёки йўл қурилса, бундан одамлар манфаатдор бўладилар. Бир кўприк солинса, карвонсарой, масжид, мактаб ё мадраса каби иншоотлар қурилса, бу ҳам кўпчилик манфаатига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси «садақаи жория» ҳукмидадир.

Фойдали илм. Бунинг маъноси дину диёнатга ёки илму ҳикматга доир китоблар ёзиб кетишдир. Диний ва дунёвий илмлардан дарс бериб, шогирдлар қолдириб кетиш ҳам шунга киради. Мана, ҳозиргача фойдаланиб келинаётган минглаб диний китобларимизни ёки Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобийнинг асар­ларини олиб кўрайлик, Буларнинг ҳаммаси неча аср­лар олдин ёзилган бўлса-да, ҳанузгача ўз қиммат ва эътиборини йўқотмай, бутун инсоният манфаати йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Солиҳ фарзанд. Яъни, солиҳ ва қобил фарзанднинг тўғри йўлда хайрли ишларни қилиб юришининг савобидан, албатта, ўтиб кетган ота-оналари баҳраманд бўлишларини Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бизга маълум қиладилар.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Исломда фарзандлар бурчлари билан бир қаторда уларнинг ҳақлари ҳам мавжуд. Бу ҳақлар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир.

  1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
  2. Бўлажак фарзандга муносиб ота ва она танлаш. Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.

“Талхис” номли китобда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади:

“Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг” (Ибн Можа ва Дорақутний).

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақи­қатдир.

  1. Эмизиш. Туғилган фарзанд аввало эмишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.
  2. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашлари, яъни фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.
  3. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

“Ақиқа” луғатда “ёрди” маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия этилади.

Соч бошдан ажратиб олингани учун, бу маросим “ақиқа” дейилади.

Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилиши боис “ақиқа” деганда, янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй ҳам тушуниладиган бўлиб қолган.

  1. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

عَنْ أَبي رَافِعٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى الله عَلَيْه وَ سَلَّم أَذَّنَ بِالصَّلاةِ فِي أُذُنِ الحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ

Абу Рофиъдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

“Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотиманинг (розияллоҳу анҳо) туққан боласи Ҳасан ибн Али қулоғига намознинг азонини айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).

  1. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш. Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот (алайҳиссалом) ёш болаларни кўрсалар, ўта ҳурсанд бўлар эдилар. Кўпинча ҳурмо билан янги туғилган боланинг танглайини кўтарар ва унга исм қўяр эдилар.
  2. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтожлик сезади. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
  3. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам, агар ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
  4. Нафақа. Болаларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши талаб қилинган.
  5. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-она вазифасига киради.
  6. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-она вазифасидир.
  7. Балоғатга етганидан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва шунга ўхшаш баъзи ишлар ҳам ота-оналарнинг бурчлари ҳисобланади.
  8. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ота-она ҳақига нозил бўлган оятларнинг тафсирида айтадилар: «Ким ўз ота-онасини беш вақт намоздан сўнг дуо қилиб юрса, демак, у ота-онаси ҳақларини адо қилган бўлади».

Фарзанд зиммасида, айниқса, онанинг ҳақи улуғдир. Чунки она фарзандини тўққиз ой қорнида кўтариб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағишлаб, уни боқади, кечалари неча бор туриб, уни эмизади, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, баравар қайғуради, тоби қочса, биргаликда дардини тортади, қўйингчи, бутун борлиғини фарзандига бахшида қилади. Шундай бўлгач, фарзанд бир умр она ҳақини адо қилишга тиришса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди.

Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар Маккаи мукаррамада онасини елкасида опичлаб, Каъбани тавоф қилдириб юрган бир яманлик кишини кўриб қоладилар. У киши Ибн Умардан: «Энди онамнинг ҳақини адо қилолдимми?» деб сўраганида, Ибн Умар: «Йўқ, бу билан бир марталик тўлғоқдаги машаққати ҳақини ҳам адо қилолмадинг», деб жавоб берганлар.

Ҳадисларда ривоят қилинишича, бир киши Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимга яхшилик қилай?» деб сўраганида, уч мартагача «онангга» деб жавоб берганлар ва тўртинчисида «отангга ва яқин қариндошларингга», деганлар.

Оналар ана шундай улуғ ва мукаррам зотлардир. «Жаннат оналар оёғи остидадир» деган ҳадиси шарифга мувофиқ, фарзандларимизга кичиклигиданоқ оналарни ҳурматлашни, айтганларини сўзсиз бажаришни, яхши муомалада бўлишни ўргатиш лозим.

Оиланинг муаллимаси она бўлса, унинг посбони ва устуни отадир. Фарзандга отадай меҳрибон, отадай ғамхўр киши йўқ. Фарзанднинг дунёга келиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида унинг алоҳида хизматлари бор. Ота оилани моддий жиҳатдан таъминлайди: оиласи, фарзандлари яшаши учун уй-жой ҳозирлайди, устларига либос топади, емак-ичмаги пайидан бўлади. Таълим-тарбияси билан шуғулланади, уйлаб-жойлайди. Боринг­ки, ҳар бир оиланинг равнақи ва камоли йўлида энг кўп жон куйдирадиган киши отадир.

Оталар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Ўғил-қизларининг ахлоқ-одобини, илм-салоҳиятини ўнглашади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш ва қадрига етиш, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлиш, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туриш лозим. Чунки адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. 

Бир куни келиб кечагина навқиронлик ва бақувватликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Соғлиғидан путур, кўзларидан нур кетади, ҳар ишда бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ҳаёт қонунига кўра, кечаги ожиз ва нотавон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар оталаридан инсонлик қарзларини узишлари, яъни чиройли муомала қилишлари, улар шаънига доғ туширмайдиган, муносиб инсонлар бўлишлари, қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак бўлади.

Қуръони каримнинг бир неча ояти карималарида ота-оналарга яхшилик қилиш буюрилган. Аммо айрим ёшларимиз бу илоҳий амрни унутиб қўйишяпти. Яшириб нима қилайлик, орамизда оталарига қўпол, ёмон муомалада бўладиганлар, илтимосларини бажаришни «эсдан чиқариб» қўядиганлар ҳам бор. Уларнинг дилини оғритадиган, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота­сини шарманда қиладиган, отага ҳатто қўл кўтаришгача борадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Энг ачинарлиси, баъзи ноқобил ўғил-қизлар бойлик ва имкониятлари бўлгани ҳолда, оталари кексайиб, мадад ва далдага муҳтож бўлиб қолганларида уларни эъзозлаб парваришлаш ўрнига ё қаровсиз ташлаб қўйишади, ё қариялар уйига жўнатишади. Кексайган оталарининг хонадонга келтирадиган баракотларидан манфаатланиш, дуоларини олиш ўрнига, аксинча, дийдорига зор қилиб, хўрлашади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади». 

Доно халқимизда «ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин», «нима эксанг, шуни ўрасан», «ота рози – Худо рози» каби ажойиб ҳикматлар бор. Оталар кўнглини топиш, ҳамиша хизматига шай бўлиш, ҳадялар бериб, хурсанд қилиш, ҳар жабҳада улар розилигини топиш фарзанднинг асосий бурчларидандир. 

Фарзанд ота-онага қанча яхшилик қилмасин, ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган зотлар мукофотини ҳеч вақт адо эта олмайди. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Бола отаси мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса-ю, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина мукофотини қайтарган бўлиши мумкин». 

Солиҳ аждодларимиз оталарга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда, уларни рози қилиб, фарзандлик бурчларини шараф билан ўташда авлодларга ибрат ва намуна бўлишган. Умар ибн Зар айтади: «Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун ҳатто мен турган уй томига ҳам чиқмас эди».

Фазл ибн Яҳё Бармакий отаси билан тутқунликда турганида ҳаво совуқ бўлиб, эрталабки изғиринда таҳорат олишга отанинг тоқати етмас эди. Шунда ўғли Фазл сувли идишни иситиш учун эрталабга қадар ухламай, чироқ ёнида ушлаб ўтирар ва илигач, отаси таҳоратига берар эди.

Имом Товус айтади: «Тўрт тоифа инсонларни ҳурмат қилиш суннатдир: олимни, оқсоқолни, султонни ва отани. Кишининг ота исмини айтиб чақириши қўполликдир».

Ота-онанинг, айниқса, оталарнинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари ўта муҳим ва эътиборга лойиқдир. Шунинг учун ҳар бир фарзанд ҳамиша ота кўнглини олиш, дуоларига сазовор бўлиш, хизматларида камарбаста туриш, яхши ишлари, ҳадялари билан хурсанд қилиш пайида бўлиши лозим. Яхши фарзандлар эса бундай яхшиликларни ота вафотидан кейин ҳам давом эттиришади, дуо ва истиғфорда бардавом бўлишади, унинг дўст ва ақраболарини йўқлаб туришади, солиҳ амаллари билан шаънини пок сақлашади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Одоб – боланинг кўрки;

Поклик имондандир;

Хатоларнинг аччиқ меваси.

Қоплон қувлаб, тутиб, емаса, яшолмайди.

Кийик қочиб қутулмаса, яшолмайди.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

ИРОҚДАГИ АККОД ВА БОБИЛ ДАВЛАТИ

Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмидан бўлган сумарийларнинг гумроҳлиги ва залолати ортиб борди. Аллоҳ таоло уларнинг устидан золим жамоаларни ҳукмрон қилди.

Минтақага аккодийлар эга бўлиб олишди. Сўнг жануби-ғарбий тарафдан бошқа жамоалар келишди. Улар ерлик аҳоли устидан ғолиб келиб, минтақага ҳукмдорлик қила бошлашди. Улар ўзларига Бобил шаҳрини пойтахт қилиб олишди. Бу давлат гуллаб-яшнади. Бобилликлар зироат ва меъморчилик ишларига алоҳида аҳамият беришди. Уларнинг энг машҳур подшоҳларидан бирининг исми Ҳаммурапи (мил. авв. 1792-1750 йилларда ҳукмронлик қилган) эди. У «Ҳаммурапи шариати» деб танилган қонунларни жорий қилди. Мана шу қонунлар ер юзида башарият тарихидаги инсонлар чиқарган илк қонунлар мажмуаси бўлади. Бу қонунлар одамлар устидан ҳукмронлик қилиш ва уларга эга чиқиш мақсадида чиқарилган эди.

Ҳаммурапининг ўлими билан у чиқарган қонунлар ҳам йўқ бўлиб кетди. Унинг қавми эса ҳайкаллар ва юлдузларга ибодат қилишда давом этаверди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга бошқа қавмларни ҳукмрон қилди. Уларга шимол тарафдан ҳайсийлар (хеттлар) ва мийтонийлар, кейин ошурийлар номли қавмлар ке­лишди. Мазкур қавмлар уларни ҳалокатга учратди.

 

ИРОҚДАГИ ОШУРИЙЛАР ДАВЛАТИ

Ошурийлар мазкур минтақада – Ироқнинг шимолида ўз ҳукмларини ўрнатдилар. Уларнинг пойтахти Нийнаво шаҳри эди. Сўнг ошурийларнинг нуфузи барча Ироқ ерларига, Шомга ва Мисрнинг баъзи жойларига тарқалди. Энг машҳур подшоҳларидан бири Салманасар (Шалманасар) Ш деб аталади (мил. авв. 858-824 йилларда ҳукмронлик қилган), бошқа бирининг исми эса Ошурбанибал (Ашшур-банипал) (мил. авв. 668-627 йилларда ҳукмронлик қилган) эди. Улар ҳам бутларга ибодат қилишда девом этавердилар. Ақлларини ишга солиб, ўзларидан олдингиларга етган офат-фалокатлардан ваъз-насиҳат олмадилар.

 

ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ироқнинг Мовсил вилояти яқинидаги Нийнаво деган жойга ўз набийси Юнус алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Юнус алайҳиссалом Бану Исроилнинг набийларидандирлар. Насаблари Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укалари Бинёминга етиб боради. У зот Юнус ибн Матто исми билан машҳурдирлар. Матто у зотнинг оналарининг исми бўлган. Пайғамбарлар ичида фақат Юнус ва Ийсо алайҳиссаломлар оналарига нисбат берилганлар.

Ўша даврда Юнус алайҳиссалом набий этиб юборилган ерларнинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилар, турфа гуноҳ ишлар билан шуғулланишарди. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк этишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни ка­бул қилишмади, фисқу фасод ишларида давом этишди.

Юнус алайҳиссалом маълум муддатдан сўнг уларни Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнишмагач, аччиқлари чиқиб, «Мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак», деган тўхтамга келдилар. Шаҳарни ташлаб, чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри деган фикрда, Аллоҳнинг изнисиз қилдилар. Юриб-юриб, ниҳоят денгиз соҳилига етиб бордилар. Жўнашга шайланиб турган бир кеманинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлишди.

Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучайиб, кеманинг ғарқ бўлиш хавфи туғилди. Кема бошқарувчилар ҳам, йўловчилар ҳам қўрқиб, даҳшатга тушишди. Тўпланиб маслаҳат қилишди. Баъзилар: «Ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай аҳволда қолдик», дейишди. Маслаҳатдан сўнг қуръа ташлаб, қуръа кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа қайта-қайта Юнус алайҳиссаломга чиқди ва у зотни денгизга ташлаб юборишди. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотни улкан балиқ ютиб юборди ва ҳазм қилмасдан, қорнида олиб юрди. Шунда Юнус алайҳиссалом хатоларини тушуниб етдилар. Балиқнинг қорнида ёлвориб, зорланиб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилди ва у Юнус алайҳиссаломни озор етказмасдан, очиқлик жойга олиб чиқиб ташлади. Баданлари балиқнинг ичида оқ ем бўлиб кетган Юнус алайҳиссалом беҳуш ётиб қолдилар. Аллоҳ таоло раҳм қилиб, офтобдан зарар етмаслиги учун устиларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўйди. Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб, ўзларига келдилар.

Аллоҳ таоло у зотга қавмларининг олдига боришлари учун фармон берди. Юнус алайҳиссалом кетиб қолгач, азобнинг бошланиши зоҳир бўлгандан сўнг улар хатоларини тушуниб, Аллоҳга азобни қайтаришини сўраб, ёлвориб, тавба қилишган эди. Уларнинг сони юз мингдан кўпроқ эди. Юнус алайҳиссалом уларнинг ҳузурига қайтиб, барчаларини иймонга чақирдилар ва Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлади.

Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлар билан бир қаторда зикр қилган:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Эсмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Аллоҳ таоло Қалам сурасида Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини қуйидагича баён қилади:

«Роббингнинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган «балиқ соҳиби» сингари бўлма» (48-оят).

«Балиқ соҳиби»дан мурод Юнус алайҳиссаломдир. У зот қавмига аччиқ қилиб, уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётиб, қуръага тушганлари ва денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида Аллоҳга ёлворганлари ҳақида салгина юқорида маълумотлар олдик.

Кейинги оятларда Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари баёни давом этади.

«Агар Роббининг неъмати уни топмаганида, мазамматга қолган ҳолида очиқ саҳро жойга ташланган бўларди. Робби уни танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди» (49-50-оятлар).

Яъни агар Юнус алайҳиссаломни Аллоҳнинг неъмати излаб топмаганида, у зот ўзларини ютиб юборган балиқ томонидан очиқ саҳрога мазамматли ҳолда ташланган бўлар эдилар.

Лекин Аллоҳ таоло у зотга раҳм кўрсатди. Балиқ озор етказмай қорнидан қирғоққа чиқариб қўйди. Беҳуш ётганларида, устларида сербарг ошқовоқ соя солиб турди. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг солиҳ бандаларидан қилди.

 

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажот топиши

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажоти ҳақида Аллоҳ таоло Юнус сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қани энди, бирон қишлоқ иймон келтирганда, унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача баҳралантирдик» (98-оят).

Бундан бошқа ҳеч бир қавм бошига илоҳий азоб келиб қолганда тавба қилиб, нажот топмаган. Балки Фиръавнга ўхшаб охирги лаҳзада келтирган иймони фойда бермай, ҳалокатга учраган.

 

ИККИНЧИ БОБИЛ

КАЛДОНИЙЛАР ДАВЛАТИ ТАМАДДУНИ

Вақт ўтиб минтақада ҳукмронликни калдонийлар ўз қўлларига олишди. Уларнинг энг улуғ подшоҳларидан бири Бухтанассор (Навуходоносор) II деб аталади (мил. ззв. 605-562 йилларда ҳукмронлик қилган). У Шом юртларини эгаллаб олган эди. Бухтанассор II Қуддусни вайрон қилди, яҳудийларни қирғинбаротга учратди, уларнинг мол-мулкларини талади ва устларидан ўз ҳукмини ўрнатди. У ўшa пайтдаги яҳудийларнинг кўпчилигини ҳалок қилди, қувғинга учратди ва асирга олди. Ана шу даврда Бану Исроил ер юзининг турли тарафларига тарқалиб кетди. Уларни бир жамоаси Ҳижозда, бошқаси Мисрда ва яна бошқалари турли ерларда жойлашиб қолишди. Бухтанассор II Мисрни ҳам босиб олди. У қўл урган энг катта ишлардан бири – машҳур Бобил минорасини бино қилиш бўлди.

Ушбу давлат форслар томонидан йўқ қилиб битирилди. Форс шоҳи Куруш (Кир II Буюк) милоддан аввалги 539 йилдa мазкур давлатни босиб олди.

 

ФОРС ДАВЛАТИ ТАМАДДУНИ

Форслар асли ироқлик кишилардир. Кейинроқ улар шарққа ҳижрат қилишган ва Форс давлатини обод этишган. Улар кучли бўлганларидан сўнг калдонийларга қарши юриш қилишди. Аввал айтиб ўтилганидек, Миср ва Ироқни эгаллаб олишди. Миср форсларнинг ҳукмида Александр Македонский давригача қолиб кетди. Ироқ эса форсларнинг ҳукмронлиги остида Ислом фатҳларигача турди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

УЧИНЧИ ФАСЛ.

ШОМ ЮРТЛАРИНИНГ НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ:

Лут алайҳиссалом;

Исмоил алайҳиссалом;

Исҳоқ алайҳиссалом;

Яъқуб алайҳиссалом;

Юсуф алайҳиссалом;

Ўша даврдаги баъзи тамаддунлар;

Халқаро миқёсда ҳар йили эълон қилиб бориладиган Global Terrorism Index рейтингида мамлакатимиз 160 давлат ичидан 135-ўринни эгаллаб, энг хавфсиз мамлакатлар қаторидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. Таъкидлаш лозимки, халқаро экспертлар Ўзбекистонни ушбу рейтингда 2017 йилда 117-ўрин, ўтган йили 132-ўринга жойлаштиришган эди.

Ушбу нуфузли ташкилот томонидан эълон қилинган маълумотларда Ўзбекистоннинг юқори поғоналарда қайд этилганини, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда юртимизда экстремизм ва терроризмга қарши кураш «жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш, ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш каби йўналишларда амалга ошириб келинаётган кенг қамровли ишлар натижаси сифатида қайд этиш лозим.

Шу ўринда юртимизда Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги нуфузини тиклаш мақсадида буюк мутафаккир олим ва аллома аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган юксак эҳтиром, улар тарғиб этган соф ислом таълимоти, тарихи ва маданиятини тадқиқ этиш ҳамда халқимиз қалбига янада чуқур кириб бориши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларни таъкидлаш жоиз. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Мир Араб Олий мадрасаси, Ҳадис Олий мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги мадрасалар ва илмий мактаблар халқимизнинг маънавияти, диний маърифатини янада ошириш, ёшларни соғлом дунёқарашли, дунёвий ва диний илмларга интилувчан этиб тарбиялаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бундай эътирофга лойиқ кўрилишнинг ўзи бўлмагани, бунинг ортида республикадаги давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг ижтимоий ҳамкорлик асносидаги сермаҳсул меҳнати турганини кўпчилик англаб турибди. Бу ўз навбатида, барчамиздан амалий шукроналик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда барча фуқароларимизнинг фаол бўлишлигини талаб этади. Зеро, кўплаб давлатлар бугунги кунда хавфсизлик масалаларида таҳликали ҳолатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Турли хил низолар, дин ниқобидаги экстремистик ва террористик гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган бузғунчилик ишлар, уларнинг фитнаси сабабли юзага келаётган қуролли можаролар натижасида рўй бераётган мудҳиш оқибатлардан тўғри хулоса чиқариш лозим.

Таассуфки, Афғонистон, Ироқ, Нигерия, Сурия, Покистон ва Сомали сингари мамлакатларида муқаддас динимизнинг ниқоб қилиб олган мутаассиб кучлар томонидан кўплаб қон тўкилишлари содир этилмоқда. Улар юқорида қайд этилган глобал рейтингда террорчилар фаолияти ва таҳдиди бўйича энг хавфли мамлакатлар деб топилиб, рейтингнинг дастлабки поғоналаридан ўрин олишган.

Таъкидлаш жоизки, рейтинг Сидней университети (Австралия) Иқтисодиёт ва тинчлик институти шафелиги остидаги халқаро экспертлар гуруҳи томонидан тузилган. Глобал терроризм индекси у ёки бу мамлакат ичидаги террористик фаолият даражасини тўрт асосий кўрсаткич бўйича ўлчайди: террористик ҳодисалар, ҳалок бўлганлар, жабрланганлар сони ва моддий зарар ҳажми. МДҲ мамлакатларидан Украина 24-ўринда, Россия 37-ўринда, Тожикистон – 50-ўринда, Қозоғистон 85-ўринда,  Қирғизистон 87-ўринда, Озарбайжон 103-ўринда қайд этилган.

 Аллоҳ таолодан муқаддас Ватанимиз ва динимиз равнақи, юртимиз осойишталиги, халқ фаравонлигини бардавом этишини сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати

 

69-параллел чизиғида, Ер шарининг энг четида, Таймир яриморолида Нурд-Камал масжиди жойлашган бўлиб, Шимолий қутб минтақасидаги энг биринчи қурилган масжиддир. У Россиянинг Норилск шаҳрида бунёд этилган.

Масжид татар миллатига мансуб тадбиркор Мидехат Нурдинович Бикмаев маблағлари ҳисобидан қурилган бўлиб, унга отаси Нурдин ва онаси Гайникамал исмларини бирлаштириб, “Нурдкамал” деб ном қўйилган.

Норилск шаҳрида кўп мусулмонлар истиқомат қилиб, улар деярли шаҳар аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этади. Улар асосин озарбайжонлар, чеченлар, лезгинлар, аварлар ва бошқа миллатлардан иборат. Бундан ташқари шаҳарда сезиларли даражада Марказий Осиёнинг ўзбек, қирғиз ва тожик халқлари вакиллари ҳам истиқомат қилишади. Қолаверса, Норилскда нганасан элати (маҳаллий Сибир халқининг вакиллари) ҳам яшайди. Улар Ислом динини қабул қилишган бўлиб, тез-тез масжидларга қатнаб турадилар. Биргаликда барчалари Россиянинг узоқ шимолида катта таъсирга эга бўлган мусулмон диаспорасини шакллантирадилар.



Масжид жойлашган ҳудудда ҳавонинг ҳарорати қиш пайтларида - 50º даражадан пастга тушиб кетади. Мусулмонлар эса бундай об-ҳавога парво қилмай, масжидга қатнаб, ибодатларини жамоат билан адо этадилар. Жумъа намозига келувчи намозхонлар сони 500 кишидан ошади.

Масжиднинг қурилиши 1993 йилда бошланган. Унинг очилиш маросими 1998 йил 19 сентябрда бўлиб ўтди. Масжид девор ва минораси феруза ранг қилиб ишланган бўлса, масжиднинг хонақоси ва минораси гумбази олтин рангда товланади.

Ушбу Масжид “Дунёнинг энг шимолий масжиди” номи билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

Аллоҳ таоло барча масжидлар қатори ушбу масжиднинг дарвозасини қиёматга қадар очиқ ва мўмин-мусулмонлар учун ибодат, илм-маърифат маскани бўлишини насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Янгиликлар

Top