www.muslimuz

www.muslimuz

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Искандархўжа” масжиди имом ноиби Мажидов Муроднинг маърузасидаги Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеаси кенг тарқалмоқда. Ундаги улуғ зотнинг назари тушган итнинг қабрини айланган инсон қутуриш касаллигидан халос бўлиши тўғрисидаги ривоят баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари Мажидов Мурод билан мазкур масала юзасидан суҳбат олиб борганда маълум бўлдики, имом-домла мутасаввиф олимлар асарларида келган воқеаларни баён қилиш асносида ит қабрини айланиш масаласини асоссиз маълумотларга таянган ҳолда нотўғри гапни айтиб юборганини эътироф этди.

Ўз навбатида билдириб ўтмоқчимизки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодига кўра, авлиёларнинг кароматлари ҳақ эканига имон келтирамиз. Бу ҳақда, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида “Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир”, дейилган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, инсон хатосини оммага кенг ёйиш ёки турлича талқин қилиш мўминлик сифати эмас. Чин маънода ислоҳ қилишни хоҳлаган одам бировнинг хатосини оммага кўтариб чиқмай, балки ўша одамнинг ўзига айтади. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-домлаларни доимо ҳужжат-далил билан гапиришга ундайди. Зеро, динимизни тарғиб қилишда асоссиз ривоятларга ҳожат йўқ. Шунингдек, Диний идора мана шундай тариқат аҳлининг ботиний ҳикматлари ва кароматларини тушунтиришда жуда ҳам эҳтиёт бўлишга чақиради.

Аллоҳ таборака ва таоло динимиз ривожи йўлида хизмат қилаётган барча ходимларнинг тиллари ва дилларини саҳву хатодан Ўзи асрасин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mercredi, 06 novembre 2019 00:00

«ФИҚҲИ АКБАР» китоби

(Давоми)

3-қисм

Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул­маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин, ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш – Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас.

Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур. Яна Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлган бўлмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур.

Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур.

Одам алайҳиссаломнинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, ўз тоатига буюрди, маъсиятидан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор этдилар. Бу уларнинг имони деб саналди. Бас, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келур. Шундан кейин ҳар ким куфрга кетган бўлса, демак, у мазкур имонни ўзгартирган бўлур. Ҳар ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у барқарор қолибдур ва давом этибдур. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмагай. Шунингдек, ҳеч кимни мўъмин ёки кофир қилиб яратмагай. Балки, инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир. Аллоҳ таоло куфрга кетган кишини ўша пайтнинг ўзида кофир деб билади. Қачонки у шундан кейин яна имон келтирса, ўша пайтнинг ўзида уни мўъмин деб билади ва дўст тутади. Лекин унинг илми ҳам, сифати ҳам ўзгармаган бўлур.

Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилса­да, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

 

Таҳорат қилиш жоиз бўлган сувлар етти қисмдир:

  • ёмғир суви;
  • денгиз суви;
  • дарё суви;
  • қудуқ суви;
  • қор суви;
  • дўл суви;
  • булоқ суви.

 

*** Сувларнинг турлари ***

Сувлар ҳукмига кўра беш қисмга бўлинади:

  1. Тоза ва тозаловчи, таҳоратда қўллаш макруҳ бўлмаган сувлар. Бу табиий ҳолдаги пок сувдир.
  2. Тоза ва тозаловчи, лекин таҳоратда қўллаш макруҳ бўлган сувлар. Булар: мушук ва у каби ҳайвонлар (сичқон, бўш қўйилган товуқ, йиртқич қушлар, уйда яшовчи кемирувчилар) теккан идишдаги сувлардир.
  3. Тоза, аммо тозаловчи бўлмаган сувлар: таҳорат ёки ғуслда, ёки таҳорати бўлса ҳам Аллоҳ таолога яқинлик мақсади билан яна таҳорат қилишда ишлатилган мустаъмал сувлардир.

Сув бадандан оқиб узилиши билан мустаъмал сувга айланади.

Дарахт ва мевадан сиқмасдан, ўз-ўзидан чиққан сувни ҳам таҳорат қилишда қўллаш очиқ ривоятга кўра, дуруст эмас. Шунингдек, тозалашга кўмак бермайдиган бирор нарса қўшиб қайнатилган ёки бирор тоза нарса тушиб, табиий ҳолати ўзгарган сувларда ҳам таҳорат қилиш жоиз эмас.

 

*** Сув табиий ҳолатининт ўзгариш меъёри қандай? ***

а) Сувга қаттиқ моддалар тушиб, аралашганида унинг оқувчанлик ва юмшоқлик хусусияти йўқолса, табий ҳолати ўзгарган ҳисобланади.

б) Сувга заъфарон, мева ва япроқ каби нарсаларнинг
аралашиши туфайли унинг ҳиди, мазаси, ранги ўзгарсада, сувлик хоссаси йўқолмаса, у билан таҳорат қилишнинг зарари йўқ,

в) Сувга сут каби икки сифати бўлган суюқлик аралашганида, унинг бир сифати сувдан устун бўлса, сувнинг табиий ҳолати ўзгарган бўлади.

г) Сувга сиркага ўхшаш уч сифатли суюқлик аралашганида, унинг икки сифати сувда зоҳир бўлса, сувнинг табиий ҳолати ўзгарган ҳисобланади.

д) Сувга ҳеч қандай сифати бўлмаган мустаъмал сув каби суюқлик аралашганида, унинг миқдори сув миқдоридам ортса, сувнинг табиий ҳолати ўзгарган бўлади.

  1. Нажас сувлар: идиш ё сатҳи 10x10 метрдан кам майдонда тўхтаб-кўллаб қолган сувга нажас тушса, нажаснинг асри бу сувда билинмаса ҳам, сув нажас бўлиб қолади. Оқар сувга нажас тушиб, унинг асари сувда билинмасагина, оқар сув нажас ҳисобланмайди.
  2. Тозалаши шубҳали бўлган сувлар:

Эшак ва хачир сув ичган идишдаги сувлар тозалаши шубҳали сувлардир.

 

*** Сурнинг (ичилган сувдан қолгани) ҳукмлари ***

Оз миқдордаги сувдан бирор бир жонзот ичганидан сўнг қолгани сур деб аталади ва у тўрт қисмга бўлинади.

  1. Тоза ва тозаловчи. Отдан қолган сувнинг пок бўлиши гўшти ҳалол бўлгани туфайлидир. Имоми Аъзамга, раҳматуллоҳи алайҳ, кўра от гўштининг ейилмаслиги нопок бўлганлиги учун эмас, балки ҳарбий восита бўлгани учун, унга эҳтиром туфайлидир. Шундай бўлгач, аслида пок бўлган ҳайвоннинг гўштидан вужудга келган сўлаги ҳам покдир ва у аралашган сувни ҳам ифлос қилмайди. Демак, отнинг қолдиғи ҳар учала мазҳаб раҳбарининг иттифоқи билан ҳам тоза ва тозаловчидир. Гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвондан қолган сув тоза ва тозаловчи сур ҳисобланади.
  2. Нажас, истеъмол қилиш мумкин бўлмаган сур: ит, тўнғиз, бўри ёки арслон каби йиртқич ҳайвонлардан қолган сувнинг ҳукми ана шундай.
  3. Тоза сув борлигида қўллаш макруҳ бўлган сур. Бу мушук, қаровсиз қолган товуқдан, лочин, шунқор, калхат каби йиртқич қушлардан, сичқон ва шунга ўхшаган жонзотлардан қолган сувдир. Чаённинг қолдиғи бунга кирмайди.

Изоҳ: Мушукдан қолган сув ифлос эмас, макруҳ бўлиши хусусида Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шундай деганлар: «Мушуклар орангизда (уйингиз ичида) доим ўралашиб юришига сиз тўсқинлик қила олмайдиган ҳайвонлардир». Қаровсиз товуқдан қолган сув унинг доим нотоза жойда юриб, сув ичаётган пайтда тумшуғи нопок бўлгани учун макруҳдир.

  • Тозаловчи экани шубҳали бўлган сур. Бу хачир ё эшакдан қолган сур. Бундан бошқа сув топилмаса, мана шу сувда таҳорат олиб, сўнг таяммум ҳам қилиб, намоз ўкилади.

 

*** Идишлар ва кийимларнинг тозасини танлаш ***

Кўпи тоза, ози нопок бўлган идишлар бир-бирига аралашиб кетганида, таҳорат учун ҳам, ичиш учун ҳам идишларнинг тозасини топишга ҳаракат қилиш керак. Агар уларнинг кўпи нопок бўлса, таҳорат қилиш учун тозаси қидирилмайди, таяммум қилинади.

Нопок ва тоза кийимлар бир-бирига аралашиб кетса, хоҳ уларнинг кўпи нопок бўлсин, хоҳ тоза бўлсин, тозаси­ни топишга ҳаракат қилиш керак.

 

*** Қудуқлар ва уларни тозалаш***

а) Кичик қудуқлар: Сувини тортиб тугатиш мумкин бўлган қудуққа қон ёки ароқ каби нажаснинг томчиси тушса унинг бapчa суви чиқариб ташланади. Шунингдек, бу қудуққа тўнғиз (чўчқа) тушиб кетиб, оғзи сувга тегмай тирик чиқса ҳам ёки ичида ит, қўй, инсон ўлиб қолса ёки кичик бир ҳайвон тушиб ўлиб, шишган бўлса, қудуқдаги барча сув чиқариб ташланади. Шундан сўнг чиққан сув тоза бўлади.

Мазкур ҳолатларда сувини тортиб тугатиб бўлмайдиган қудуқлардаги сув неча пақир экани икки мутахассис томонидан белгиланади ва ундан шунча сув чиқариб ташланади.

Товуқ, мушук катталигидаги ҳайвон қудуқга тушиб ўлса ва шишмаган бўлса, қирқ пақир ва яна йигирма пақир сув чиқарилиши керак.

Сичқон ёки сичқон катталигидаги ҳайвонлар қудуққа тушиб ўлган ва шишмаган бўлса, йигирма пақир ва яна ўн пақир сув чиқарилса, тоза бўлади. Шу йўл билан қудуқ, пақир, ип ва сув тортувчининг қўли ҳам покланган бўлади.

Туя ва қўйнинг бир-икки қумалоқлари қудуқ сувини ҳаром қилмайди. Аммо улар кўп бўлса, қудуқ суви ифлос ҳисобланади. Каптар, чумчуқ каби гўшти ҳалол қушларнинг гўнги сувни ифлос қилмайди.

Балиқ, қурбақа каби қони оқмас, чивин, пашша, ари, чаёнга ўхшаш қони йўқ жониворлар сувда ўлса, сув ҳаром бўлмайди. Баданида нажас бўлмаган одам, гўшти ҳалол ҳайвон қудуқ сувига тушиб, тирик чиқса, қудуқ суви ҳаром бўлмайди. Гўшти ейилмайдиган хачир, эшак, лочинга ўхшаш йиртқич қушлар ёки бўри, маймун каби ёввойи ҳайвон ҳам сувга тушганида, баданида нажас бўлмаса, чиқиши билан сўлаги сувга тушмаса, сув ҳаром бўлмайди. Сўлакнинг пок, ҳаром, макруҳ ва шубҳали эканига, қараб ҳукм қилинади.

Қудуқдан қачон тушиб кетганлиги номаълум, шишиб кетмаган ҳайвон ўлиги топиб олинса, бир кеча кундуз, агар шишиб гўштлари титилиб кетган бўлса, уч кеча кундуз аввалдан эътиборан қудуқ суви ифлос бўлган ҳисобланади. Бу муддат ичида ўша сувдан таҳорат олиб ўқилган намозлар қайта ўқилади ва ғусл қилинган бўлса, янгидан ғусл қилинади.

 

*** Истинжо ***

Эркаклар таҳорат ушатганларидан сўнг юриб, ё йўталиб, ё эгилиб ёки шунга ўхшаш турли ҳаракатлар билан ўзларини нажас йўлида қолган сийдик томчиларидан, қалбан ишонч ҳосил қилингунича, тозаланишлари истибро дейилади.

Пайғамбиримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қабр азобининг аксарияти бавл (сийдиқдан сақланмаслик) туфайлидир", деганлар. Ҳадиси шарифдаги бавлдан мақсад, кичик таҳорат ушатилгач, орқасидан келган сийдик томчиларидир. Бу томчилардан покланмай таҳорат қилган кишининг таҳорати ҳисобга ўтмайди. Чунки бу томчилар яхшилаб кетказилмаса, турганидан сўнг томиб, бадан ва ки­йимни ифлос қилади ва таҳоратсиз намоз ўқилган ҳисобланади. Шу боис сийдик томчиларининг аниқ тўхгаганига қалбан ишонч ҳосил қилмагунча, таҳорат қилиш жоиз эмас.

 

*** Истинжонинг ҳукми ***

Олд ва орқа йўлдан чиққан нажосат юқини баданидан сув ёки тош (кесак) ва шунга ўхшаш нарсалар билан кетказиш истинжодир.

Олд ва орқа йўл атрофини булғаган нажосатни кетказиш суннатдир.

Нажосат чиққан жойи атрофига тарқалиб, дирҳам миқдорича бўлса, уни сув билан ювиб покланиш вожибдир. Нажас қуюқ бўлса, оғирлиги дирҳам билан, суюқ бўлса, кенглиги кафт кенглиги билан ўлчанади.

Агар нажосат тарқалган миқдор бир дирҳамдан (очиқ қўл кафтининг сув турадиган қисми) кўп бўлса, у ерни сув билан ювиш фарздир.

Киши жунуб бўлганидан сўнг ҳамда ҳайз ва нифосдан тоза бўлган аёл покланиш учун ғусл қилишдан олдин ис­тинжо жойида сув билан истинжо қилиши, нажосат оз бўлса ҳам, фарздир.

Ҳожат чиқаргач, нажас чиққан жойни кесак ва силлиқ тош каби нарсалар билан тозалаш суннат, сўнг сув билан ювиш мустаҳабдир.

 

*** Истинжо қилиш тартиби ***

Сув топилмаган жойда, эр киши хисйа (тухумдон)лари осилиб турганида кесак, тош каби нарсаларнинг биринчисини олдидан орқага, иккинчисини орқадан олдинга ва учинчисини яна олдидан орқага тортиб, истинжо қилиши керак. Агар хисйалари тортилиб турган бўлса, кесак ё тошни орқадан олдинга тортган ҳолда тозалашни бошлайди.

Аёллар доимо истинжода (тошни) олдиндан орқага тортишлари зарур. Истинжодан сўнг киши қўлларини ювади ва сув билан истинжо қилишда, чап қўли ўрта бармоғининг ёстиқчаси билан, сув қуйган ҳолда, нажас чиққан жойни аста ишқалаб ювади. Сўнг эҳгиёж бўлса, отсиз ва илигча бармоқлари ёстиқчаларини ҳам қўшиб, у жойни яхшилаб ювади.

Аёллар сув билан истинжонинг аввалидаёқ отсиз ва ўрта бармоқларини биргаликда ишлатадилар. Нажас чиққан жойни ёмоп ҳидлар қолмагунича тозалиб ювиш керак. Рўзадор бўлмаганида, сув билан истинжо қилиш пайти бўшашиб ўтириш лозим. Батамом тозалангач, яна қўлларни ювиш зарур.

Рўзадор киши сув билан истинжо қилгач, у жойни тоза латта билан артади (рўзадор бўлмаган кишининг ҳам сув билан истинжодан сўнг латта билан артиши мустаҳабдир).

Изоҳ: Зикр қилинаётган «мустаҳаб», «мандуб», «нафл» ва «таватуъ» калималари суннат маъносидадир. Улар савоб нуқтаи назаридан суннатга яқин фазилатли амаллардир.

Истинжо учун авратни очиш жоиз эмас. Нажосат чиққан жойидан атрофига тарқалиб кетса, ва унинг миқдори, ювмасдан намоз ўқиб бўлмайдиган, яъни дирҳам миқдоридан ҳам кўп бўлса, уни кетказишда бошқаларга аврат жойларини кўрсатмай, бадани ё кийимини нажосатдан тозалаши керак.

 

*** Истинжода қўллаш макруҳ бўлган нарсалар ***

Суяк, инсон ва ҳайвон ейдиган нарсалар, пишиқ ғишт, «сопол, сопол идиш парчалари, кўмир, шиша, оҳак, ипак, пахта, бўз (латта) парчаси ва узрсиз ўнг қўл билан олд ва орқа йўлларни тозалаш макруҳлир.

Изоҳ: Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Хачир, от, эшак гўнги ва суяклар билан истинжо қилмангиз, чунки суяклар биродарларингиз жинларнинг таомидир. Улар суякларни худди гўштлари ажратилмагандек ҳолда топадилар ва гўнглар уларнинг ҳайвонларига арпа, сомон бўлади. Буларнинг ҳар иккиси ҳам фақат охирзамон Пайғамбарига махсус мўъжизанинг далилидир», деган маънода ҳадислари бор.

 

*** Ҳожатхона одоби ***

Киши ҳожатхонага чап оёғи билан киради ва кирмасдан аввал "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм" дейди.

Изоҳ: (Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу ааайҳи ва саллам: “Ҳожатхонага кирганингизда жинларнинг кўзлари билан одамзотнинг аврат жойлари орасидаги парда кишининг (киришдан олдин) «Бисмиллаҳ» дейишидир", маъносидаги ҳадисларига кўра, ҳожатхоналар жин ва шайтонлар мавжуд бўлган жойлардир. “Инсон у ерга киргач, жинлар, эркак ва урғочи шайтонларнинг ёмонлигидан (шарридан) Аллоҳдан паноҳ сўрасин», ҳадисига кўра ҳожатхонага кирадиган одам, аввал, «Бисмиллаҳ» дейиши, сўнгра «Аъузу» айтиши суннатдир.

Халода чап оёғига оғирлигини солган ҳолда ўтиради. Зарурат бўлсагина, гапиради. Ҳожат ушатганида бино ичида бўлса ҳам, олдини ва орқасини қибла томонга қилиши таҳриман макруҳдир.

Изоҳ: Инсон олди ё орқасини қиблага қилган ҳолда ҳожатхонада ўтирганида макруҳ эканлиги эсига тушиб қолса, дарҳол йўналишини ўзгартиради. Ҳадиси шарифда ифода қилинганига кўра, бундай ҳаракат туфайли инсон жуда буюк савобга эга бўлади. Мазкур ҳадис қуйидагичадир: "Дастлаб унутган ҳолда таҳорат ушатиш учун қиблага қараб ўтирган ин­сон, сўнгра қиблага бўлган ҳурмати туфайли эсига тушгач, бошқа томонга ўгирилса, у ердан бу хусусдаги барча гуноҳлари кечирилган ҳолда чиқади ".

Қуёшга, ойга ва шамол эсаётган томонга қараб таҳорат ушатиш, сувга, сояга, ер ёриқларига, йўлларга, қабристонга, мевали дарахт тагига ёзилиш ёки сийиш макруҳдир.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, "Сизлардан бирингиз асло турғун сувга бавл (сийдик) қилмасин", деганлар. Бу хусусда қисқача шуни айтишимиз мумкинки, оз миқдордаги турғун сувга бавл қилиш, у сувни мутлақо ифлос қилади. Пок нарсани ҳеч қандай мажбурловчи сабабсиз, қасддан ифлос қилиш эса ҳаромдир. Турғун сув кўп бўлган тақдирда, унга бавл қилиш ҳаромга яқин макруҳдир. Оқаётган сувга бавл қилиш эса танзиҳан макруҳдир, яъни жуда катта зарари бўлмаса ҳам, ҳаёт манбаи бўлган сувни эъвозлаб, тозалик туйғусини ҳам назарда тутган ҳолда, бундай ножўя ҳаракатлардан сақланиш лозим. Юқорида санаб ўтилган вазифаларда (ҳолатларда) бавл қилиш ўрнига катта таҳорат ушатишнинг ҳукми ҳам шундай, ҳатто ундан ҳам жирканч ва ножўя ҳаракатдир.

Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, "Лаънатга учраганлардан қочинглар", деганлар. Саҳобалар: "Лаънатга учраганлар кимлар, ё Расулуллоҳ!" деб сўраганларида, у зот бунга жавобан: "Серқатнов йўлларга бавл қилиб, таҳорат ушатганлар, бошқаларга ҳақсизлик қилганлардир", деб марҳамат қилганлар.

Халодан ўнг оёқ билан чиқилади ва «Мендан кулфатни кетказиб, офият берган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин», дейилади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ТАҲОРАТ  КИТОБИ:

Таҳоратнинг фарзлари;

Таҳоратнинг ҳикматлари;

Таҳорат олишга сабаб ва унинг ҳукми;

Таҳоратнинг вожиб бўлиш шартлари;

Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари;

Таҳоратнинг комил бўлишига доир ҳукмлар;

Таҳоратнинг суннатлари;

Таҳорат одоби;

Таҳорат олаётганда қуйидаги олти ҳолат макруҳдир;

Таҳорат турлари;

Таҳоратни бузадиган нарсалар;

Таҳоратни бузмайдиган нарсалар;

mardi, 05 novembre 2019 00:00

«ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ

(Давоми)

 

У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас. Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари – ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари – халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас.

Шунингдек, У Ўз илми билан олимлигича ҳамон келмоқдаким, илм Унинг азалий сифатидир. Қудрати билан қодирлигича ҳамон келмоқдаким, қудрат Унинг азалий сифатидир. Каломи билан гапирувчи ҳолида келмоқдаким, калом Унинг азалий сифатидир. Халқ этиши билан холиқлигича ҳамон келмоқдаким, халқ этиш Унинг азалий сифатидир. Иш қилиш (феъл) билан иш қилувчи (фоил) ҳолида ҳамон келмоқдаким, феъл Унинг азалий сифатидир. Демак, феъл эгаси – Аллоҳ, феъл Унинг азалий сифатидир, феълнинг маҳсули – яратилган (маҳлуқ), Унинг феъли эса яратилувчи эмас. Шунингдек, унинг барча сифатлари азалдан пайдо қилинган ҳам, яратилган ҳам эмас. Кимки, уларни яратилган ёки пайдо қилинган деса ёки (сўралганда) жим туриб қолса ёхуд у тўғрида шак қилса, у Аллоҳга кофир бўлур.

 

2-қисм

 

Қуръон – Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳис­саломга нозил қилингандир. Қуръон билан қилган талафузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин, Қуръон махлуқ эмасдир.

Қуръондаги Аллоҳ таолонинг Мусо ва бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом), Фиръавн ва Иблис тўғрисида зикр этган қиссаларининг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ. Мусо ва бошқа яралганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон эса уларнинг эмас, балки Аллоҳнинг каломидир.

Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда хабар берганидек, Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини эшитган. Мусога гапирмай туриб ҳам Аллоҳ таоло мутаккалим (гапирувчи) эди. Барча мавжудотни яратмай туриб ҳам У холиқ (яратувчи) эди. Унинг мислидек нарса йўқдир ва У эшитувчи ва кўрувчидир.

Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га сўзлаган пайтда азалдан ўз сифати бўлиб келган каломи билан сўзлаган. Унинг барча сифатлари махлуқотларнинг сифатларидан тубдан фарқ қилади, яъни У билади, лекин биз билгандек эмас. Қудрати бизнинг қудратимиздек эмас. Кўради, лекин биз кўргандек эмас. Эшитади, лекин биз эшитгандек эмас. Гапиради, лекин биз гапиргандек эмас. Биз тил, оғиз, лаб каби воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситасиз, ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқ, Аллоҳнинг каломи эса, ғайри махлуқ.

Аллоҳни нарса деб аташ мумкин. Лекин ўзга нарсалардек тасаввур қилмаслик шарти билан. Уни нарса деганда жисмсиз, моддасиз, модданинг сифатларисиз, чегарасиз, акссиз, тенгсиз, мислсиз деб билмоқ керак бўлади.

Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто қўли­қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилилар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

БИРИНЧИ БОБ

 

ҚАДИМГИ ИСЛОМ ШАРИАТИДАН

ОЛДИНГИ ТАРИХ ҲАҚИДА СЎЗ

Қадимги – Ислом шариатидан олдинги тарих Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан бошланиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларигача давом этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда ўтган умматларнинг қиссаларида ибрат борлигини таъкидлаб, Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди» (111-оят).

Қуръон ва унинг қиссалари тўқима, уйдирма эмас, бал­ки аввалги илоҳий китобларда келган хабарлар тасдиғидир. Одатда, ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Тезда ўртада хилоф чиқиб, сир фош бўлади.

Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар у тўқилган ва уйдирма бўлганида, бу қадар муфассал, бу қадар аниқ ва равшан, бунчалар муъжизакор бўла олмас эди.

 

БИРИНЧИ ФАСЛ

ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ

Биринчи инсон Одам алайҳиссаломдир. Шунингдек, Одам алайҳиссалом набийларнинг ҳам биринчиси ҳисобланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг ҳикмати ила ер юзида инсонни яратиб, Ўзига ўринбосар қилишни ирода этди. Шу билан бирга, ана шу Ўзи яратган ўринбосарига ер юзидаги барча нарсалар ва имкониятларни беминнат хизмат қилдириб қўйишни ҳам ирода этди. Аллоҳнинг алоҳида лутфи ила ва барча имтиёзларга эга қилиб яратилган ана шу жонзот Одам деб аталди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамни тупроқдан яратди. Сўнг унга Ўз руҳидан, яъни Ўзи яратган рухдан жон пуфлади. Одамга Ўзи бу дунёда яратиб қўйган ҳар бир нарсанинг номини ўргатди, фаришталарни унга сажда-таъзим қилишга амр этди. Одамга сажда қилишдан бош тортган, Аллоҳнинг амрига бўйсунмаган иблисни эса лаънатлаб, Ўз ҳузуридан қувди.

Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуйидаги оятни нозил этиб, шундай баён қилган:

«Эсла, Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбу-ки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз», дедилар. Зот) «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди» (Бақара сураси, 30-оят).

Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг буюрганларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Фаришталарнинг «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган гапларидан билинадики, улар ўзларигагина маълум йўл билан инсоннинг ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини, айни чоқда улар фаришталик табиати билан ўзлари айтиб турган тасбеҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади деб билганлар. Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди. Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам У Зотни улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.

«Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи», деди» (Бақара сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни бергани ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, Одамга исмларнинг барча­сини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётидаги энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсангиз, уни тоғнинг олдига олиб бориб айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш анча қийин бўларди.

Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва: «Агар «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» деган даъволарингиз рост бўлса, Менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

«(Улар) «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг билувчисан, ҳакимсан», дедилар» (Бақара сураси, 32-оят).

Фаришталар шу ўринда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз «Билмаймиз» деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман» дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг устунлигини намоён этиш учун:

«Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга: «Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?» деди» (Бақа­ра сураси, 33-оят).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида бузғунчилик қилиши ва қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фариш­талардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атонинг чап қовурғасидан у зот алайҳиссалом учун жуфти ҳалол – Момо Ҳаввони яратди. Уларга жаннатдан жой ато этиб, унда фароғатда яшашларини таъминлади. Улар жаннатда маълум бир муддат яшадилар.

Аллоҳ таоло уларга жаннатдаги ҳамма меваларни тановул қилишга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини (синов учун) ман қилди.

Одамни ва унинг зурриётларини то қиёматгача иғвога солишни, тўғри йўлдан адаштиришни ваъда қилган лаънати иблис Одам Ато ва Момо Ҳаввони тинмай иғво қилиб, уларни ман қилинган дарахт мевасидан ейишга олиб келди. Ушбу ҳодисадан кейин Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳавво Аллоҳга тавба қилдилар. Аллоҳ тавбаларини қабул килди ва уларни ер юзига туширди.

Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга ер юзида яшаш, ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш, жумладан, деҳқончилик, зироат ишлари, экин-тикинларни суғориш каби ишларни ўргатди. Одам алайҳиссалом ўз жуфтлари билан экин экиб, зироатчилик билан шуғулландилар. Ўз ҳаётлари учун зарур бўлган маҳсулотларни етиштириб, ҳосил олиб, кун кечирдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Ато ва Момо Ҳаввога фарзандлар ато этди.

Тарихчилар Одам Ато ва Момо Ҳавво ер юзининг қайси ҳудудига тушганлари тўғрисида ихтилоф қиладилар. Бу борада турли-туман ва жуда кўп гаплар айтилган. Одам Ато ва Момо Ҳавво Арабистон яриморолига туширилган, деган фикр эгалари кўпчиликни ташкил этади. Яна Ҳиндистондаги тоғ яқинига туширилган, деганлар ҳам бор.

Яратилишининг илк давридан бошлаб инсон ўзининг комил ва гўзал суратида бўлган. Баъзи динсизлар айтганидек, аввал содда жонзот бўлиб, сўнг маймунга ва ниҳоят одамга айланмаган. Балки Аллоҳ таоло уни энг гўзал суратда, энг чиройли хилқатда яратган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда алоҳида таъкидлаб, Тийн сурасида шундай марҳамат қилади:

«Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик» (4-оят).

Аллоҳ таоло инсонни ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам руҳан энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум.

Шундан сўнг инсоният тарихидаги энг машҳур, оламшумул воқеалардан бири – Қобил ва Ҳобил воқеаси рўй берди. Бу воқеа ер юзида содир этилган энг биринчи гуноҳ, энг биринчи жиноят сифатида эсланади.

Қобил ва Ҳобил Одам алайҳиссаломнинг тўнғич фарзандларидан эди. Ўша вақтдаги содда ҳаётга мосланган содда шароитда фарзандлар (илоҳий ҳикматга кўра жуфт ҳолда) бир ўғил, бир қиз бўлиб туғилар эди. Кейинги фар­зандлар ҳам худди шундай – бир ўғил, бир қиз туғилган. Улар вояга етган пайтда ер юзида улардан бошқа одам бўлмагани сабабли, Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган ша­риат қоидасига кўра, биринчи туғилишдаги ўғил иккинчи туғилишдаги қизга уйланиши, иккинчи жуфтлик ҳам худди шундай – алмашиб турмуш қуриши йўлга қўйилган. Бу фақат ўша илк даврга хос рухсат бўлган. Аллоҳ таоло бошқа инсон зоти йўқ илк даврдаёқ инсонларнинг кўпайишини шу тарзда ирода этган. Бунинг учун эса оила қуриб яшашни ҳаётнинг бош қонуни қилиб қўйган.

Тарихчилар Қобилнинг тўнғич фарзанд бўлгани, у юқоридаги қонуниятга зид равишда ўзи билан бирга туғилган синглисига уйланишни хоҳлагани, шунда Ҳобил унга қаршилик қилгани ва шу тариқа уларнинг орасида низо пайдо бўлганини таъкидлайдилар. Шундан сўнг Қобил ва Ҳобил Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қурбонлик қилишади. Ҳобил қўчқор қурбонлик қилади ва Аллоҳ таоло уни қабул этади. Қобилнинг қилган қурбонлиги эса қабул бўлмайди. Шунда Қобил ҳасад қилиб, Ҳобилни ўлдириб қўяди. Мана шу башарият ер юзида содир этган биринчи жиноят ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. «Мен сени ўлдиражакман», деди. (Наригиси) деди: «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман. Мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Менинг гуноҳимни ҳам, ўзингнинг гуноҳингни ҳам олиб кетиб, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрувчилардан бўлди» (27-30-оятлар).

Қуръони Каримда Одам Атонинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишларининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар.

Одам Ато бир ривоятга кўра, минг йил яшаб, сўнг вафот этганлар ва имом Табарий, Ибн Асир, Яъқубий ва бошқа олимларнинг ривоятларига кўра, Маккаи мукаррамадаги Абу Қубайс тоғи ёнига дафн қилинганлар. Одам алайҳиссаломни ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.

Баъзилар у зотнинг Ҳиндистондаги бир тоғ яқинига дафн қилинганларини айтишади.

 

ШИС АЛАЙҲИССАЛОМ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар берди. Улардан инсоният насли тарқалди.

Аллоҳнинг набийси Одам алайҳиссалом ўз ҳаётлари давомида, то вафот этгунларича ўз фарзанду набираларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда, уларга тавҳид ақийдасини ўргатишда, Аллоҳнинг таълимотларини етказишда бардавом бўлдилар.

Муҳаддисларимиздан Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳ» номли китобида улуғ саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, анбиёлар нечта?» дедим. У зот: «Бир юз йигирма тўрт минг», дедилар. Мен: «Улардан расул бўлганлари қанча?» дедим, у зот: «Уч юз ўн учта, кўпчилик», дедилар Мен: «Уларнинг (набийларнинг) аввали ким бўлган?» деган эдим, «Одам», дедилар».

Юқорида таъкидланганидек, Шис алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири бўлиб, у зот ҳам набий бўлганлар. Шис алайҳиссалом ҳаётлари давомида инсонларни Аллоҳга даъват этиб, Аллоҳнинг шариатини қоим қилиш учун ҳаракат қилиб ўтганлар.

Шис алайҳиссаломдан кейин Идрис алайҳиссалом келадилар.

 

ИДРИС АЛАЙҲИССАЛОМ

Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги – учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида Одам Атодан кейингисидир.

Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:

«Ва Китобда Идрисни эсла. У сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик» (56-57-оятлар).

Шунингдек, Анбиё сурасида:

«Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85-86-оятлар).

Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ёрид бўлиб, насаблари Шис алайҳиссаломга тўрт авлод орқали етиб боради.

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.

Уламоларнинг рожиҳ (кучли) гапларига қараганда, Ид­рис адайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар.

Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берганидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатларига даъват қилганлар. Бироқ у зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик рад этган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар ва у ерда яшаган пайтларида одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилганлар.

Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар. Одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.

Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Сўнг Аллоҳ таоло у зотни «олий макон»га кўтарган.

Идрис алайҳиссалом ердаги умрларининг охиригача Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилишда бардавом бўлдилар. Албатта, ер юзига пайғамбарларни юборишдан кўзланган мақсад ҳам Аллоҳнинг шариати давом этиши эди. Шундай қилиб, одамлар кўпайиб борди ва бир ўлкадан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиш ҳолатлари юз берди.

 

ХАЛҚЛАРНИНГ КЎЧИШИ

Арабистон яриморолида тобора одам сони кўпайиб, бошқа жойларга кўча бошлашди. У ерлар ҳозирги вақтдаги Ҳижоз[1] диёрлари дея тахмин қилинади. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, мазкур тарихий кўчишлар бир неча тарафларга бўлган.

Биринчиси Арабистон яриморолидан шимоли-шарқий тарафларга – Ироққа бўлган. Кейинчалик бир қанча кишилар Осиё ва Америка тарафларга ҳам кўчиб кетишган.

Иккинчиси шимолга – Шом тарафга бўлган. Шом тарафга кўчган ушбу жамоалардан бир қанчалари Ўрта ер денгизи атрофидаги минтақаларга бориб жойлашган, деган тахминлар бор.

Учинчи кўчиш жанубий минтақаларга – Яман тарафга бўлган. Кейинчалик бу ердан Африка ва Ҳиндистон томонларга тарқалган.

Инсоният тарихига назар солиб, мулоҳаза қилинадиган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятни ҳидоят қилиш учун юборган набийларнинг купчилиги Шом, Ироқ, Миср ва Арабистон яримороли минтақаларидан чиққанлар. Аллоҳ таоло ўша ерлардаги бандаларидан пайғамбарлар танлаб олган. Шунинг учун иймон-эътиқодли тарихчилар мана шу минтақаларни дастлабки инсон яшаган, обод бўлган минтақалар, деб қатъий ишонишади.

Аста-секин ибтидоий тарзда яшовчи инсонларнинг содда ҳаётлари бироз тараққий этиб, тамаддун шаклига кира бошлагани ва тараққиёт, ободончилик ҳолатларини кузатиб, бир тўхтамга келган тарихчилар: «Дастлабки тамаддунлар фиръавнлар ва самурийлар тамаддуни бўлган», дейишади. Булар тарихдаги энг қадимги тамаддунлар – цивилизациялардир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ИККИНЧИ ФАСЛ

Ироқ пайғамбарлари ва подшоҳликлари ҳақида;

Нуҳ алайҳиссалом:

Ироқдаги Сумария давлати

Иброҳим алайҳиссалом

Ироқдаги Аккод ва Бобил давлати

 

[1] Ҳижоз - шимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ўлка.

Янгиликлар

Top