www.muslimuz

www.muslimuz

Саудия Арабистонида 2019 йилги Ҳаж мавсуми якунлари сарҳисоб қилинмоқда.
«Ислам и семья» хабарига кўра, бу йил Исломнинг бешинчи рукнини адо қилиш пайтида 70га яқин ҳожилар «омонат»ини топширишган.

Туркиянинг Диний ишлар бўйича бошқармаси раҳбари Али Эрбош сўзларига кўра, Ҳажда 28 нафар ватандоши оламдан кўз юмган. «Туркиянинг 28 фуқароси Ҳаж мавсуми давомида вафот этди. Уларнинг кўпчилиги табаррук жойларда дафн қилинди», - деди Эрбош.

Озарбойжонлик Бахман Шукуров Макка шаҳрида Ҳаж амалини адо қилиш пайтида боқий дунёга рихлат қилганлардан биридир. 69 ёшли ҳожи Каъба атрофини айланиш маросимидан сўнг, намоз ўқиётганида юрак хуружидан вафот этган. У Маккада Ислом дини урф-одатлари бўйича дафн қилинди.

Шунингдек, бу йилги Ҳаж мавсумидан сўнг 9 нафар нигериялик, 5 нафар филиппинлик, 30 нафар бангладешлик мусулмонлар ҳам уйларига қайтишмади.

Қайд қилиш жоизки, ҳар йили Ҳажда 100га яқин мусулмонлар вафот этади. Бу кўпроқ уларнинг ёши улуғ экани билан боғлиқ. Марҳумларнинг кўпчилиги Саудия Арабистонида дафн қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бу йил 2,5 миллионга яқин мусулмонлар Ҳаж амалини адо қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда ҳиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва битта йирик меҳмонхона, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамрохлигида зиёрат қилдилар. Имом Бухорий мажмуасида Қуръони карим тиловат қилиниб, дуо қилинди. Ушбу мажмуани реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишдилар.

«Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мажмуадаги ишлар мамлакатда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Индонезия пойтахти Жакартадан Калимантан оролининг жануби-шарқий қисмига кўчирилади. Бу ҳақда 26 август куни мамлакат президенти Жоко Видодо жонли эфирда маълум қилди.

Пойтахтни кўчириш учун қарийб 32 миллиард доллар сарфланиши кутилмоқда, асосий ишлар 2021 йилда бошланади. Режалаштириш ва миллий ривожланиш вазири Бамбанг Брожонегоронинг таъкидлашича, расмийлар 2024 йилга келиб ҳукумат янги пойтахтга кўчиб ўтишини кутмоқда.

Калимантан сейсмологик жиҳатдан хавфсиз ҳудудда жойлашган бўлиб, бу дунёдаги энг катта Индонезия архипелаги ҳисобланади. Мазкур ҳудуд 18 минг оролдан ташкил топган.

Ҳозирги пойтахтда шаҳар инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд.

Uber компанияси тадқиқотларига кўра, ҳайдовчилар йилига 22 кунни Жакартадаги тирбандликда ўтказади, бу эса Осиёдаги энг баланд кўрсаткичдир. Бундан ташқари, Inrix ҳисоботига кўра, шаҳар дунёнинг энг банд шаҳарлари рейтингида 12-ўринни эгаллайди.

Bloomberg Жакарта шаҳрининг бешдан икки қисми денгиз сатҳидан паст бўлгани сабабли том маънода чўкаётганини қўшимча қилди. Кўп сонли тирбандликлар сабабли, меҳнат унумдорлигини йўқотиш йилига тахминан 7 миллиард долларни ташкил қилади.

Видодонинг фикрича, пойтахтни бошқа жойга кўчириш архипелагдаги даромадлар тенгсизлигини бартараф этишга ёрдам беради. Жава аҳолиси Индонезия аҳолисининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади ва унинг ялпи ички маҳсулотининг 58 фоизини таъминлайди.

Аҳолининг атиги 5,8 фоизи Калимантанда истиқомат қилади ва ЯИМнинг 8,2 фоизини ташкил қилади. Оролда замонавий аэропортлар ва яхши йўллар, шунингдек, ичимлик суви мавжуд. Расмийлар асрлар давомида пойтахт бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган замонавий, ақлли ва яшил шаҳар қуришни режалаштирмоқда.

Жакартага келсак, шаҳар яшаш ва ривожланишда давом этмоқда. 2030 йилга келиб унинг аҳолиси 35,6 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Бу эса дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган шаҳарга айланишига ёрдам беради. Шаҳар мамлакатнинг асосий тижорат маркази бўлади. Жакартанинг сув остида қолишининг олдини олиш учун расмийлар катта тўлқинлардан ҳимоя қиладиган улкан девор қуришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Британиялик астроном олим Жеймс Жинс ҳиндистонлик мусулмон аллома Иноятуллоҳ Машриқийнинг إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء (“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”) оятини тиловат қилганини эшитганда, додлаб юборди ва:

“Нима? Нима деяпсан? Аллоҳдан фақат олимлар қўрқадилар? Ажабланарли! Жуда ажойиб-ку! Ахир бу (яъни, Аллоҳдан фақат олимлар қўрқиши) эллик йиллик изланишларим натижасида аниқлаган нарсам-ку! Муҳаммадга бу ҳақиқатнинг хабарини ким берган? Ушбу оят ростдан ҳам Қуръонда борми? Агар шундай бўладиган бўлса, унда мен гувоҳлик бераманки, албатта, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан унга (Муҳаммадга) ваҳий қилинган китобдир!” деди.

Хўш, Иноятуллоҳ ким эди?

Аллома Иноятуллоҳ Машриқий 1888 йилда Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида туғилган. У 18-19 ёшларида математика фани бўйича магистрлик дипломига эга бўлади. У Ислом олими, математик ва сиёсатшунос сифатида фаолият юритади.

Олим 30 ёшга етганда, Қуръони Каримни аниқ ва табиий фанлардан фойдаланиб тафсир қилишга киришади ва 36 ёшида тафсир китобининг биринчи жилдини якунига етказади. Ишни битиргач, Нобель мукофотини бериш бўйича ҳайъат уни ҳам Нобель мукофотига номзодлар рўйхатига киритади. Мукофотни бериш учун ёзган тафсирини инглиз ёки француз тилига таржима қилишини шарт қилиб қўйишади. У тафсирни урду тилида амалга оширган эди. Олим ҳайъатнинг шартини эшитгач, «Урду тилини ҳурмат қилмайдиган мукофотни олишни истамайман» дея уни олишдан бош тортади.

1963 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида вафот этган.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда хиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва битта йирик отель, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бугун мажмуани зиёрат қилиб, уни реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишди. 

- Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур, - деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мажмуадаги ишлар мамлакатимизда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.

 


Янгиликлар

Top