www.muslimuz

www.muslimuz

Навоий вилояти отинойилари ўртасида ташкил этилган "Энг маърифатли отинойи" кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танловни ЎМИ вилоят вакили, бош имом хатиби Т.Рўзиев очиб берди. Шундан сўнг вилоят дин ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Ғ.Мусурмонов сўзга чиқиб давлатимиз раҳбарининг отинойиларимизга қаратаётган эътибори ва вилоятимида отинойиларимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Кўрик танловда иштирокчиларимиз 4 та шарт бўйича беллашдилар. Отинойиларимиз бунда нафақат маҳаллада олиб бораётган ишлари, Қуръон тиловати, ҳадис шарҳи балки ўзлари ташкил этган ишлаб чикаришлари, қўл меҳнатлари асосида яратилган намуналари билан ҳам иштирок этдилар. Айниқса халқимиз орасида авж олган бидъат ва хурофотлар, ирим сирим, фолбинлик, исрофгарчилик борасида тақдим этилган саҳнавий кўринишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнгида биринчиликни Нурото туман отинойиси Г.Рахмоновага иккинчи ўрин Қизилтепа тумани отинойиси Г.Нуритдиновага ва учинчи ўрин Хатирчи туман отинойиси Ш.Асомоваларга насиб этди. Қолган туман отинойилари хам энг фаол, жонкуяр, намунали отинойи йўналиши бўйича фахрли ўринларни қўлга киритдилар. Иштирокчиларимиз тадбир сўнгида ЎМИ вакиллигининг қимматбаҳо совға ва дипломлари билан тақдирландилар. Қўшимча равишда вилоят отинойиларини меҳнатларини муносиб баҳолаш ва мустақиллигимизнинг 28 йиллиги мунособати билан ҳар бир туман бош отинойиси ва бир талай энг фаол отинойиларига хам ЎМИ вакиллигининг қимматбаҳо совға ва фахрий ёрлиқларини бош имом-хатиби хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси У.Холова томонидан топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 3 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакиллигида туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрамини муносиб тарзда кутиб олиш ва ўтказиш, намозхонлар учун ҳар томонлама муносиб ва қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, бош имом-хатиблар, имом-хатиблар, имом ноиблари ва маҳалла домлалари ҳамда бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва отинойиларнинг меҳнат фаолиятларига доир масъулият ҳиссини янада ошириш масалаларида умумий мажлис ташкил этилди.

Унда сўзга чиққан вилоят вакили ўринбосари Н.Мавланов ва вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари А.Қўчқоровлар томонидан кун тартибидаги мазкур масалаларнинг аҳамияти баён этилиб, унинг ижросига оид лозим тавсия, кўрсатма ва вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тожикистон Республикасида Қурбон ҳайитининг биринчи куни сифатида 11 август санаси белгилангани Республика уламолар кенгаши томонидан эълон қилинган.

Sputnik нашрининг маълум қилишича, Ҳайит намози мамлакатнинг барча масжидларида 6:30 да ўқилади.

Мамлакатда амалда бўлган "Байрамлар тўғрисида"ги қонунга кўра, Қурбон ҳайити якшанба кунига тўғри келгани сабабли, 12 август санаси ҳам дам олиш куни сифатида белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал Саудия Арабистони Подшоҳи таклифига биноан ўзбекистонлик бир гуруҳ уламолар ва илм-фан соҳасининг етук намоёндалари муборак заминга жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчи Абдуҳаким қори Матқулов бошчилигидаги меҳмонлар Маккаи мукаррама шаҳрига кўтаринки кайфият, шукроналик ҳисси ва юксак мамнуният ила етиб бордилар. Меҳмонлар Макка шаҳридаги “Миллиниум” номли муҳташам меҳмонхонага жойлашиб, сўнг умра ибодатларини адо этдилар.
Айни пайтда вакилларимиз бутун дунёдан келган Подшоҳнинг меҳмонлари орасида алоҳида эҳтиром ва иззат-икромда бўлиб, сафар дастурида белгиланган тадбирларга ҳозирлик кўришмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қадимдан Марказий Осиё халқлари ўртасида ижтимоий-гуманитар алоқалар ривож топган. Минтақа халқларининг ягона тарихи, урф-одат ва анъаналаридаги муштараклик, маънавий яқинлик иқтисодий ҳамкорликнинг турли йўналишларида ўзаро ишонч руҳидаги шерикликни тараққий эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий тенденция ана шундай дўстона алоқалар натижасидир. ЎзА хабарига кўра, Тошкентда 5 август куни “Ўзбекистон – Қозоғистон: бепоён кенгликлар – анъанавий меҳмондўстлик” мавзусида ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида эътироф этилаётган туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мамлакатларимизнинг сайёҳлик салоҳиятини биргаликда илгари суришдек муштарак мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.

Тадбир 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Тошкент ҳамда Туркистон вилоятлари, дипломатик корпус вакиллари, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, туризм саноатида фаолият юритаётган ишбилармонлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари, сиёсий иродаси сабаб кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларида ижобий қадамлар қўйилди. Бой маданий меросни тарғиб қилиш ва шу орқали туризм саноатини янада ривожлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Учрашувда Тошкент ва Туркистон вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти акс этган, мавжуд туризм объектлари жозибадорлигини ошириш масалаларига бағишлаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Унда асосий эътибор чегара ҳудудларида жойлашган вилоятлар ўртасидаги ҳамкорликни тарғиб қилиш, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистонда умумий сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш масалаларига қаратилди.

Мулоқот чоғида туроператор хизматлари, меҳмонхона, санатория ва дам олиш уйлари йўналишида фаолият юритаётган ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди, ягона сайёҳлик йўналиши бўйича хизматларни тақдим этиш механизмларини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон туризм соҳаси вакиллари В2В шаклидаги учрашувларда ҳамкорлик бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имконига эга бўлди. Қозоғистон делегацияси аъзоларининг сафари Бухоро вилояти бўйлаб давом этади. Ташриф доирасида ўтадиган учрашувларда Туркистон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ягона йўналишда бирлаштирадиган туристик кластер ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top