www.muslimuz

www.muslimuz

samedi, 03 août 2019 00:00

ГЎЗАЛ АХЛОҚЛАР ҲАҚИДА

Муқаддас ислом динимиз бизни дин-у диёнатли, одоб-у ахлоқли ва инсофли бўлишимизга даъват қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло бандаларнинг ўртасида мол-у дунёни бўлиб берганидек, дин-у диёнатни, одоб-у ахлоқни ҳам бўлиб берган. Аллоҳ таоло мол-у дунёни яхши кўрган бандасига ҳам, яхши курмайдиган бандасига ҳам бераверади. Аммо, дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, кимга Аллоҳ таоло дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни берган бўлса, уни Аллоҳ таоло яхши кўради”.

Динимиз асоси гўзал хулқ ва ибратли ахлоқдир. Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби каби маъноларни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан динимиз  нима деб сўрашганда: “Динимиз ахлоқ динидир”, деб жавоб берган эканлар. Динимиз эзгулик динидир. Бас, қайси бир киши гўзал ва кўркам ахлоқ эгаси бўлса, ундан фақат эзгулик ва яхшилик кутилади. Чунки маънавияти юксак ва қалби тоза пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар.

Аллоҳ таоло буни ўз каломида баён этган: “Ва албатта, сен буюк хулқдасан”. Қалам сураси, 4-оят.

Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатлади, бу пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан пайғамбаримиз алайҳиссалом хулқлари тўғрисида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари: “Мен яхши хулқларни  мукаммал қилиш  учун юборилганман”, деб марҳамат қилганлар. Ҳамда у зот: “Инсон яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечани намоз ўқиб ўтказадиганлар мартабасига етади”, деганлар.

Умуман олганда мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ислом динида одоб-ахлоқ, яхши хулққа катта эътибор берилган. У зотга уммат бўлган ҳар бир мусулмон пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланиши лозим.

Одам боласи Аллоҳ таоло ҳузурида сурати билан эмас, сийрати билан, яъни, ички дунёси, маънавияти билан баҳоланади. Ота-она, устоз ва мураббийлар, қолаверса, ҳар бир тарбиячи энг аввало ўзи гўзал хулқли бўлиши лозим. Чунки ривоятларда келишича тарбия берувчи қандоқ бўлса, тарбия олувчи шундоқ бўлади. Айрим инсонлар боласини тарбия бераётганда ёки бошқа киши билан мулоқотда бўлганларида ёмон сўзлар (сўкиш) билан гапирадилар. Ёмон сўзни (сўкиш) одат қилган киши бадахлоқ одамга айланади. Ҳадиси шарифларда сўкиш гуноҳ эканлиги айтилган. Икки кишидан бири иккинчисига ёмон сўз (сўкиш) айтса маънавий жиноят қилган бўлади ва орадаги Аллоҳ таоло томонидан тутилган пардани бўзган бўлади, натижада гуноҳкор бўлиб хулқсиз инсонга айланади.  Яхши хулқ эгалари, масалан, устоз ва мураббийлар шогирдларига тарбия бераётганда, оилада эса ота-оналар ўғил-қизларига тарбия бераётганда уларга ёмон сўз (сўкиш) айтмасдан, урмасдан ва бақирмасдан тарбия берадилар. Демак, ҳар бир мураббий ва устоз киши гўзал ахлоқли бўлса, ёш авлодга берган насиҳатлари самара беради. Шунда  жамиятимизга фойдаси тегадиган, одоб-у ахлоқли ёш авлод вояга етади. Бундан ташқари яхши хулқли инсон  ота-онаси ва аҳли аёлини  ҳурмат қилади ва маҳалладаги маҳалладошлари, корхонасидаги ишчилар билан суҳбат қилганда гўзал ахлоқда бўлади.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларида ҳеч кимга озор бермаганлар. Имом Аҳмад Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўл остидаги хизматчиларни ва хотинларни ҳеч қачон урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаш тўғри келса, гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар, ўзлари учун ўч олмаганлар...”.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга ва мол-у дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди”, деганлар.

Юқорида келтирилган хадислардан хулоса қилиб, гўзал одоб-ахлоқ билан ўзимизни безаш, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиш, одоб-ахлоқда пайғамбаримиз алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш ҳар биримизга насиб бўлишини тилаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб: “Эй Роббим, менинг хилқатимни (суратимни) гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб сўраган дуоларини ўзимизга одат қилиб олайлик!

 

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имом-хатиби

2019 йилнинг олти ойи мобайнида Қирғизистонда ала қачуу (келин ўғирлаш) билан боғлиқ 118та факт рўйхатга олинди. Бу ҳақда келин ўғирлаш профилактикасига бағишлаб Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда ИИВнинг жамоат хавфсизлик хизмати раҳбари Улан Рысбеков маълум қилди.

“2019 йилнинг олти ойида ала қачуу билан боғлиқ факт бўйича 118 та жиноий иш қўзғатилди, шундан 94 таси никоҳ билан боғлиқ ўғирлаш бўлса, 12 таси эса никоҳга мажбурлаш. Ишларнинг кўпи судга топширилди”, - дейди Рысбеков.

ИИВ маълумотига кўра, келин ўғирлаш билан боғлиқ ҳодисаларнинг кўпи қишлоқ жойларда қайд қилинган.

Бишкекда ҳуқуқ ҳимоячилари, тарихчилар ва давлат идораларининг ходимлари келин ўғирлаш билан боғлиқ муаммони муҳокама қилишмоқда ва бу муаммони ҳал қилиш йўлларини излашмоқда.

БМТнинг гендер масалалари бўйича Ҳисоботида айтилишича, Қирғизистонда оилаларнинг 20% бевосита ала қачуу туфайли бунёд бўлган.

Янги Жиноий кодексда келин ўғирлаш учун жазо кучайтирилган. Эндиликда бу жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Бундан ташқари вояга етмаган қизларни никоҳга мажбурлаганлар учун ҳам 200 минг сом миқдорида жарима кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йилнинг 5 июлидан бошлаб 72 мингга яқин турк зиёратчилари Саудия Арабистонига етиб келишди, хабар бермоқда Туркия дин ишлари бўйича бошқармаси.

30 июль ҳолатига кўра, Мадина ва Маккада 70 мингдан ортиқ зиёратчилар бўлиб туришибди, жами бу йил 80 минг туркияликлар ҳаж амалларини бажаришлари кутилмоқда.

islam.ru хабарига кўра, яқин кунлар ичида ушбу мамлакатдан яна 5403 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига етиб келади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Ҳаж ишлари бўйича вазири Абдулатиф Абдулазиз Ал Шайхнинг фармойишига мувофиқ, Маккада дунёнинг турли мамлакатлари тилларига таржима қилинган Қуръони каримнинг 120 минг нусхаларини тарқатишмоқда.
Бу ҳақдагаги маълумотни Al-Аin нашри хабар тарқатди.
Қуръон нусхалари Арофат, Муздалифа ва Мино масжидларида тарқатилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилда Ҳаж зиёратини амалга ошириш мақсадида Саудия Арабистонига 4 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюради. Уларнинг кўпчилиги Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий масканларни ва музейларни томоша қилиш истагини билдирадилар.

Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни томоша қилиш ҳар бир зиёратчининг орзусидир.

Уҳуд жанги бўлиб ўтган майдон, Саид ал-Шуҳада, Ал Жума, Қубо, Қиблатайн, Ижабаҳ, Жамама, масжидларини кўриш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади.

Жорий йилнинг 1 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Мадина шаҳридаги Қубо масжидини зиёрат қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).

Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.
Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top