www.muslimuz

www.muslimuz

201 та гумбази ва баланд миноралари бўлган Бангладешдаги масжид бутун дунёдан мусулмонларни ўзига жалб қилмоқда. Уни кўриш учун ўн минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.

Бангладешдаги ушбу масжид Тангайл округидаги Жхинай дарёси бўйида қад ростлаган. Дакка шаҳридан 140 км узоқликда экани айтилган.

Islam-today нашрининг ёзишича, масжид минорасининг баландлиги 137 метр бўлиб, ушбу масжид бетондан ишланган энг баланд минораси билан Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Қурилиш ишлари 2013 йил бошланган ва қурилиш ишлари учун 13 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бурсадаги Кўк масжид минораларадан таралаётган азон шаҳар аҳолисини беэътибор қолдираётгани йўқ. Бунинг устига олти юз йилликдан ортиқ тарихга эга масжид нафақат ўзининг ташқи кўриниши, балки кунига беш вақт жаранглайдиган азони билан ҳам хорижий сайёҳатчиларни ўзига жалб қилмоқда.

Муаззин Ражаб Уяр мусулмонларни намозга ўзгача тарзда чақиради. Унинг азон ўқиш услуби ўз гўзаллиги ва хушовозлиги билан ўзига мафтун қилади. Бунинг устига намознинг ҳар хил вақтлари учун турли хил усулларни қўллайди.

islamisemya.com хабарига кўра, Ражаб Уяр имом-хатиблар лицейини тугатганидан кейин 20 йил давомида Измир шаҳри масжидида ишлаган, кейин эса ушбу тарихий масжидга тайинланган. Кўпчилик унинг азон ўқиш услубини бетакрор деб айтишади.

“Бизнинг мақсадимиз – нафақат Туркия аҳолиси, балки бутун дунёдан келаётган меҳмонларга ҳам Исломнинг гўзаллигини кўрсатиш, уларга масжидларга ташриф буюриш муҳаббатини сингдириш, бағрикенглик ва уйғун қўшничилик муносабатларига чақиришдир”, - дейди муаззин.

Намознинг ҳар 5 вақти турли мақомларга жўр бўлади – сабо, рост, ҳижоз, сегоҳи ва ушшоқ. Кўпчиликка унинг ижросидаги азон овози кўзларига ёш қалқиш даражасигача таъсир қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш» мавзусида илмий-амалий ўқув семинари ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz интернет нашри хабар бермоқда.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш Маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда ташкил қилинган кўргазма тадбирларида Самарқанддаги марказ кутубхонасида сақланаётган нодир асарлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш муҳокама этилди.

Кўргазма давомида IRCICA директори Холит Эрен “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг XI асрга оид қўлёзмаси фото нусхаси ҳамда Султон Абдулҳамид томонидан XIX асрда тайёрланган Муқаддас Каъба ва унинг ҳудуди акс этган китоб альбомини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига туҳфа қилди.

Тадбир доирасида Халқаро ислом хаттотлиги кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Унда кўргазма қатнашчилари марказ музейи ва тарихий қўлёзмалар фондида ҳамда хаттотлар томонидан сақланаётган ноёб тарихий асарлар билан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилади. Бу борада лойиҳани Бирлашган Араб Амирлиги компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тайёрланди, деб ёзади Sputnik нашри.

Қарор лойиҳасида айтилишича, Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar компанияси билан шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 24—26 март кунлари Бирлашган Араб Амирлигига расмий ташрифи доирасида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar ўртасида умумий қуввати 500 МВт шамол электр станцияларни қуриш бўйича инвестиция шартномаси имзоланганлиги белгиланган.

Шартномада шамол электр станцияларини қуриш, фойдаланиш, молиялаштириш бўйича лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент ва Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 18-йиғилиши давомида Туркистон вилояти акими Умирзак Шукеев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва “Ўзбекистон темир йўллари” бошқарув раиси Ҳуснитдин Ҳосилов билан учрашди.

Учрашув давомида Туркистон вилоятининг инвестицион ва туристик салоҳияти ҳақида сўзлаб берилган, чегара ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинган ва бир қатор муҳим келишувлар имзоланган. Жумладан, Тошкент вилояти ва Туркистон вилояти ўртасида туристик соҳани ривожлантириш ҳақида меморандум имзоланган. Унинг доирасида ягона туристик йўналишлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Тошкент-Туркистон тезюрар темир йўлини қуриш ҳақидаги меморандум ҳам имзоланган.

Бундан ташқари, “Достик” канали орқали берилувчи сув ҳажмини ошириш муҳокама қилиниши давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ҳукуматлараро ишчи гуруҳини ташкил этиш қарори қабул қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top