www.muslimuz

www.muslimuz

Биз дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодлар ворисларимиз. Илмий ютуқлари ва кашфиётлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган улуғларимиз бу даражага осонлик билан эришмаган, албатта. Илмга умрини бахш этган, қанчадан-қанча илмий сафарлар машаққатини бошдан кечирган, очлик, юпунлик каби синовларга бардош берган. Шу билан бирга, устоз-шогирдлик мактабининг талаб ва қонунларига қатъий риоя қилган. Устоз ҳузурида одоб сақлаб, изнисиз гапирмаган, юзига тик боқмаган, мусофирликда у яшайдиган юрт томонга оёқ узатмаган ва ҳоказо.

Афсуски, бугун ана шундай гўзал одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмайдиган, ўзбошимчалик билан илм олишга уринган айрим кимсалар туфайли ҳақ йўлдан оғишиб, залолатга кетганлар учраяпти. Сохта олимларнинг Қуръон ва ҳадисдан иқтибос қилиб, айтган гапларига лаққа ишониб, улардан бошқа ҳеч кимни тан олмайдиган кимсалар пайдо бўляпти. Ҳатто буюк мужтаҳид имомларни ҳам адашганга, шариат ишида Пайғамбар алайҳиссалом билан рақобатлашганга чиқарганлар пайдо бўлди.

Дарҳақиқат, буюк салафларимиз илм ва илм эгаларининг ҳурматини жойига қўйиш борасида биз учун катта ибрат мактабидир. Уларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, бунга яна бир бор амин бўласиз.

Абу Воилдан нақл қилишларича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу изорининг почасини осилтириб юрган бир кишини кўриб, унга: “Изорингни кўтариб ол!” дейди. Ҳалиги одам: “Эй Ибн Масъуд, ўзингиз ҳам изорингизни кўтариб олинг”, дейди. Ибн Масъуд: “Менинг икки болдирим ўта ингичка, мен одамларга имомликка ўтаман”, дейди.

Бу воқеанинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етиб боргач, “Сен Ибн Масъудга гап қайтардингми?!” деб, ҳалиги одамни савалай кетади.

Ҳофиз Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ мусулмонларга насиҳат қилиб, уламолар, мужтаҳид имомларни айблаш, одамларда уларга нисбатан ишончсизлик пайдо қилишдан қайтариб қуйидагиларни айтган:

“Эй биродар! Аллоҳ иккимизни ҳам Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айласин. Иккимизни ҳам Ўзидан қўрқадиган мукаммал тақво эгаларидан қилсин. Билгилки, уламоларнинг эти заҳарлидир. Уларнинг обрўйини тўкишга уринганлар борасида Аллоҳ таоло қандай ҳукм қилиши маълум. Олимларни ёмонлаш билан тилига эрк берган кимсаларни Аллоҳ таоло ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мусибатлайди. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят)”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Илм талаб қилинг. Агар унга ожизлик қилсангиз, илм аҳлини яхши кўринг. Агар яхши кўрмасангиз, уларни ёмон кўрманг”, деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит миниб олган отнинг узангисидан ушлаб олади. Шунда Зайд: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси, четга ўтинг”, деган эди у: “Уламоларимиз ва улуғларимизга ана шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дейди.

Зуҳрий: “Абу Салама раҳимаҳуллоҳ кўп ҳолларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қарши фикр билан чиқар эди. Шунинг учун бўлса керак, унинг кўп илмидан бебаҳра қолди”, деган.

Исо ибн Юнусдан нақл қилинади. У: “Мен Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг бундай деб айтаётганини эшитдим: “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эрталаб ва кечқурун менинг ёнимдан ўтар ва мен унга: “Мен сендан бирорта ҳам ҳадис эшитмайман. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилдинг. Сўнг (золим) Ҳажжожнинг ҳузурига бориб, унинг яқин одамига айландинг”, дер эдим. Кейинчалик бу ишимдан кўп надомат қилдим ва Анас ибн Моликдан ҳадис эшитган кишидан ҳадис ривоят қиладиган бўлиб қолдим”.

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг ўзига нисбатан беодоблик қилганини жазолаш учун унга ҳадис сўзлаб бермагандир. У Анас розияллоҳу анҳу хусусида хато иш қилганини англаб етиб, надомат қилганидан сўнг ундан ҳадис эшитган киши орқали Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилишга мажбур бўлган ва олий санадни қўлдан бой берган эди. Эҳтимол, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг надомат қилган ва ундан ҳадис эшитган киши орқали ундан ҳадис ривоят қилгандир. Нима бўлганда ҳам, толиби илм ўз устозидан ёки ўзидан кўра илмлироқ бўлган кишидан шубҳали бирор иш содир бўлганини кўриб, уни мункар иш деб ҳисобласа, бунинг учун энг аввал ўзини ва ақлини айблаши, устозининг бирор узри бордир, деган хулосага келиши лозим.

Анас розияллоҳу анҳунинг чўриси Жамила бундай деган: “Агар Собит раҳимаҳуллоҳ келадиган бўлса, Анас: “Эй Жамила, менга бирор хушбўйлик бер, қўлимга суртиб олай. Чунки Собитнинг онасининг ўғли (яъни Собит) “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларига теккан”, дея қўлимни ўпмагунича рози бўлмайди”, дер эди”.

Абдураҳмон ибн Аздак бундай деган: “Нофеъ ибн Жубайр Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳга: “Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Сиз одамларнинг саййиди ва афзалисиз. (У Сизнинг тенгингиз эмас, деган маънода) Сиз манави одам (Зайд ибн Аслам)нинг ҳузурига бориб, у билан ўтирасизми?” деди. Шунда Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ: “Илм қаерда бўлса ҳам бориб ўрганилиши лозим”, деб айтар эди”.

Суфён ибн Уяйнанинг ҳузурида турган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан бир масала ҳақида сўраб қолишди. Шунда у: “Улуғларимиз олдида гапиришдан қайтарилганмиз”, деб жавоб берди.

Ҳа, кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси катта бўлган улуғ устозлар ҳузурида маҳмадоналик қилиш илм аҳлининг иши эмас. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак юқоридаги гапни айтиб, яхшигина сабоқ берган.

Бишр ибн Ҳорис: “Бир киши юриб кетаётган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга бир ҳадис ҳақида савол берди. “Бу иш илмнинг ҳурматини жойига қўйишга кирмайди”, деди у. Мен унинг бу ишини жуда маъқулладим”, деган.

Ҳаммаси ўз ўрнида ва ўз вақтида бўлгани яхши. Илм Аллоҳнинг буюк инъоми бўлиб, ҳаммага ҳам берилавермайди. Ахир У зот илмни “кўп-кўп яхшилик” деб атамаганми? “Илм эгаларининг даражасини баланд қилишни хоҳлайди”, демаганми? “Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми”, демаганми? Шундай экан, ана шу буюк неъматнинг қадрини билиш, ҳурматини жойига қўйиш лозим. Уни дуч келган одамга бериб кетавермаслик, аксинча, илм аҳлидан бўлишга яраш-ярамаслигини, бу йўлдаги синовларга бардош бериш-бермаслигини синчиклаб ўрганиш лозим бўлади.

Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбийдан нақл қилинади: “Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ маккалик бир аёлнинг қора танли қули эди. Бурни бақлажонга ўхшар эди. Мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик икки ўғли билан келиб, намоз ўқиб турган ана шу қора қулнинг олдига ўтирди. Намозни ўқиб бўлгач, уларга орқасини ўгириб олди. Мана шу ҳолатда улар Ато билан ҳаж амаллари ҳақида савол-жавоб қилди. Сўнг Сулаймон иккала ўғлига қараб: “Ўрнингиздан туринг!” деган эди, улар ўринларидан турди. Шунда: “Эй ўғилларим, илм талаб қилишда сусткашлик қилманг. Чунки, мен манави қора танли қулнинг ҳузурида хор бўлиб ўтирганимизни ҳеч ҳам унутмайман”, деди”.

Бир киши Ҳасан ибн Заквон раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида бир олимни бир нималар билан тилга олган эди у: “Менга қара! Уламолар ҳақида ёмон гапирмаки, Аллоҳ қалбингни ўлдиради”, деб танбеҳ берди.

Дарҳақиқат, илм – буюк илоҳий неъмат. Илм аҳли Аллоҳнинг суюкли бандаларидир. Инсонийлик юзасидан йўл қўйган камчиликлари деб уларни камситиш, обрўсизлантириш, бошқаларда уларга нисбатан ишончсизлик пайдо қилишга уриниш динимизда қаттиқ тақиқланган амаллардан ҳисобланади. Улар пайғамбарлар каби маъсум зотлар эмаслигини, ҳатто энг буюк олимлар ҳам баъзан қоқилганини тушуниб етиш учун кишидан кўп нарса талаб қилинмайди. Озгина нарса ўқиб олиб, алломалик, шайхлик мақомини даъво қилиш илм аҳлининг иши эмас. Аллоҳ розилиги учун диним, юртим ва халқимга хизмат қиламан, аждодларнинг илмий меросини келажак авлодга етказаман, деган эзгу ният билан йиллар давомида устозлар этагини тутиш, уларнинг илми, ҳаётий тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш, ниҳоят, буюк уламолар шоҳидлигидан сўнг уларнинг дуосини олиш илм йўлига қадам қўйган ҳар бир инсоннинг бирламчи вазифаси бўлиши керак.

 

Алоуддин ҲОФИЙ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 17 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов раҳимаҳуллоҳининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ўз хонадонларида таъзия маросими бўлиб ўтади.

?Манзилга қуйидаги жойлашув харитаси орқали боришингиз мумкин.
https://maps.google.com/maps?q=41.368304,69.412667&ll=41.368304,69.412667&z=16

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  1. “...Эй, Раббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир” (Бақара сураси, 285-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй, Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!” (Бақара сураси, 286-оят).

 

  1. Эй, Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!” (Оли Имрон сураси, 16-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни ва ишимиздаги исрофгарчилигимизни (бандачиликдаги хатоларимизни) кечир...” (Оли Имрон сураси, 147-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!” (Оли Имрон сураси, 193-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз” (Аъроф сураси, 23-оят).

 

  1. “Қасамки, агар Раббимиз бизга раҳм қилмаса ва (гуноҳимизни) кечирмаса, албатта, зиён кўрувчилардан бўлишимиз аниқдир” (Аъроф сураси, 149-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Мени ва биродаримни мағфират қилиб, бизни раҳматингга киритгайсан. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан!” (Аъроф сураси, 151-оят).

 

  1. “... бизларни мағфират эт (кечир) ва бизларга раҳм қил. Сен кечирувчиларнинг (энг) яхшисидирсан (Аъроф сураси, 155-оят).

 

  1. “Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман” (Ҳуд сураси, 47-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

 

  1. Эй, Раббимиз! (ўзингга) имон келтирдик. Бас, бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла! Сен ўзинг раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан” (Муъминун сураси, 109-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! (Гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан” (Муъминун сураси, 118-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилиб қўйдим. Бас, мени мағфират эт” (Қасас сураси, 16-оят).
  2. “Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан” (Сод сураси, 35-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизни кофир бўлган кимсаларга алданувчи қилиб қўймагин, бизни мағфират этгин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен ўзинг Қудратли ва Ҳикматли (зот)дирсан” (Мумтаҳана сураси, 5-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, (Таҳрим сураси, 8-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин! Золимларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!” (Нуҳ сураси, 28-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор доктор Aли Ербош жанобларининг Ўзбекистон мусулмонлар идорасига йўллаган таъзия хатида, жумладан бундай дейилади:

“Жуда қадрдон ва муҳтарам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Aлимовнинг вафотини, Жаноби Ҳақнинг даргоҳига рихлат қилганини эшитгач, қаттиқ қайғуга ботдим.
Aлимовлар оиласи ва диний идора бошқармасини чуқур ғамга солган ушбу муқаррар мусибат сабаб мен ҳам худди сизлардек маҳзун эканлигимни самимият билан билдирар эканман қайғуингизга шерик бўлган ҳолда, ўз таъзиямни изҳор этмоқчиман.

Вафот этган раисимиз, муфтий ҳазратларининг Aллоҳнинг лутфу-карамига ноил бўлганлар қаторида жаннатлардан ўрин эгаллашини сўраган ҳолда, Роббимиздан раҳмат ва мағфират тилайман.

Шу муносабат билан, аввало, Ўзбекистондаги барча мусулмон қардошларимиз, диний идора бошқармаси, Aлимовлар оиласи ва уларнинг яқинларига сабри жамил тилаган ҳолда, энг самимий туйғулар билан саломларимни йўллайман”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top