muslim.uz

muslim.uz

21 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжидига ташриф буюриб, йиғилганларга “Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатига сазовор бўлган зот” мавзусида маъруза қилиб бердилар. Таъсирли мавъизадан сўнг жума намози адо этилиб, йиғилган жамоат ва элу юрт ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Шу йил 20 октябрь куни Озарбайжон давлатининг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашининг низомини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Туркий давлатлар муфтийлари, исломшунос олимлар, эксперт ва диний соҳа ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Тадбир Қуръони карим тиловати ила бошланди.

Дастлаб Туркий давлатлар муфтийлари томонидан мазкур Кенгаш низоми имзоланди.  

Шундан сўнг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Aмриев сўзга чиқиб, туркий давлатлар ҳамкорлигининг тарихи ва бугунги куни, туркий халқларнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, қардош ва диндош давлатларнинг истиқболи ҳақида сўзлади. 

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу Низом туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топширишга хизмат қилишига урғу қаратдилар.

Маросим якунида оммавий ахборот воситалари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Туркий давлатлар муфтийлари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтардилар.

Тадбир иштирокчилари Озарбайжон давлатининг тарихий шаҳри Шушадаги табаррук қадамжоларни зиёрат қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент ислом институтида “Октябр – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан 2-курс талабалари ўртасида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлайлик!” номли Сийрат мусобақаси ўтказилди. Танловда сийратга бағишланган мақола, шеър ёзиш ва ифодали ўқиб бериш ёки видео ролик тайёрлаш, сийратга оид қисқа савол-жавоблар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларидан ибрат олиш ва шарҳлаш, бадиий қисм – саҳна кўриниши каби шарт асосида беллашди. Қизиқарли ва бадиий кўринишларга бой ўтган баҳсда ғолибларни танлаш қийин кечди ва бироқ якунда муносиб ғолиблар аниқланиб, уларга қимматбаҳо ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

    

           

   

     

      

     

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муҳтарам ватандошлар!  

Аввало, Сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир.

Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: “Эрдам боши тилдур”, яъни “Барча эзгуликлар тилдан бошланур”, деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.

Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир. 

Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган  давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, яқинда қабул қилинган тегишли қонунларга асосан реклама ва тарғибот материалларини давлат тилида эълон қилиш тартиблари ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда ўзбек тилини билиш даражаси бўйича аниқ талаблар белгиланганини таъкидлаш лозим.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг фаолияти йўлга қўйилди. Марказда ва жойларда давлат тилини ўргатиш курслари иш олиб бормоқда.

Қисқа вақт ичида беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, ўндан ортиқ соҳага оид атамалар луғатлари, ўттиз жилдлик “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси яратилди.

Шу кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётгани, фаол ва истеъдодли ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Интернет тармоғидаги ўзбекча маълумотлар электрон базаси бойитиб борилаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонларнинг ҳам эътиборини қозонмоқда. Истеъдодли олим ва ижодкорларимиз қаламига мансуб илмий ва бадиий асарлар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда.

Хорижий давлатлар ўқувчилари ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилгани ҳам она тилимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашмоқда. Кўплаб мамлакатларда бу гўзал ва жозибали тил катта иштиёқ билан ўрганилмоқда.

Айни пайтда, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Биз бу йўналишда олиб бораётган ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир.

Шу боис, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.

Бугунги кунда ёшларимизнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган.

Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради.

Жаҳон тараққиёти ютуқлари ва қимматли манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали она тилимизни илм-фан ва инновациялар тили сифатида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишимиз зарур.

Шу маънода, XX аср бошида яшаб ижод қилган, ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларидаги сўзларни ўз ичига олган бебаҳо луғат китобини яратган маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”, деган ҳикматли сўзлари биз учун муҳим дастуриламал, ҳаёт йўлимизни ёритадиган маёқ бўлиб хизмат қилиши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдираман.

Азиз юртдошлар!

Сизларни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилангизга қут-барака, тинчлик ва омонлик тилайман.

Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Янгиликлар

Top