muslim.uz

muslim.uz

lundi, 06 juin 2022 00:00

Дўстимга насиҳат

Энг яхши дўст сизга Аллоҳни эслатиб турувчи инсондир. Айни кунларда, таассуф бўлсинким, ёшлар ўртасида нотўғри ва динимизга хилоф бўлган ишлар урфга кириб бормоқда. Шу боис биз дўстларимизга, диндошларимизга ўз тавсияларимизни билдириб ўтмоқчимиз.

Дўстим, ёшлигингдан Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўл. Чунки ёшинг ўтган сари кучдан қолиб, ҳақ амрлари сенга ортиқча юкдек туюлишни бошлайди. Сен бу билан Раҳмоннинг ғазабини қўзғатиб, шайтонни қувонтирган бўласан.

Дўстим, одамлар ичида кибр қилма. Шунда сен яхши амалларни кўпроқ қилгувчи ва ибодатга бақувватроқ бўласан. Мабодо, ўзингни энг олим ёки тақводор деб билсанг, оз амалингни ҳам кўп санайсан ва туғёнга кетасан. Сен ўқиб юрган намозинг, тутган рўзанг, қилаётган яхшиликларинг билан асло ҳаволанма. Ўнг қўлинг берган нарсани чап қўлинг кўрмасин.

Дўстим, Аллоҳ таоло инсонни улуғ қилди, яъни Одам яратилганда фаришталар унга сажда қилди ва шу билан мукаррам бўлди. Лекин банданинг ўзи шайтонга бош эгиб хор бўлди. Агар Роббингнинг олдида манзалатинг улуғ бўлишини истасанг, у буюрган йўлдан юр, у қайтарган йўлдан қайт.

Дўстим, ёшликдан илм ўрганишга ружу қўй. Чунки сен қилаётган ҳар қандай гуноҳ иш жоҳиллик сабабидандир. Физика ҳақида фақат физик, математика ҳақида фақат математик, биология ҳақида фақат биолог, география ҳақида эса фақат географ сўзлайди. Лекин навбат динимизга, исломга келганда ҳамма «закий», «уламо», «авлиё»га айланади қўяди. Ваҳоланки, улардан «алиф»ни сўрасангиз, «калтак» дейди. Уламоларнинг наздида, билим олишга икки жиҳат тўсқинлик қилади: мутакаббирлик ва меъёрдан ортиқ уятчанглик.

Дўстим, Аллоҳ таоло харом қилган ишларга ҳаргиз қўл урма. Кўчадан ўтиб кетаётган қиз-аёлларга қиё боқишни ҳатто ҳаёлинга ҳам келтирма. Ахир, сенинг ҳам синглинг, опанг, онанг бор-ку. Ёки кимдирлар уларга шаҳват тўла кўзлари билан қарашини хоҳлайсанми? Албатта, йўқ. Шундай экан, сен ўзингни харомдан сақласанг, Роббинг оилангни сақлайди. Буни ҳаргиз унутма.

Айтар сўзларимиз шулар эди. Бу тавсияларимизни ўзинг учун дастуриламалга айлантириб олсанг, иншааллоҳ, ҳаётинг бунданда гўзалроқ бўлади.

Аллоҳ таоло айтилган сўзларга сиз-у бизни амал қиладиган тақводор бандаларидан қилсин!

 

ЎзЖОКУ 1 босқич талабаси Ҳабиб Жўрабоев

Дунёдаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири Англиянинг Ҳарвард юридик мактаби Қуръони каримни адолатнинг энг буюк ифодаси сифатида тан олди. Бу ҳақда islam.ru маълум қилган.

Муассаса ўз кутубхонасига кираверишига муқаддас китоб оятларидан парча келтириб, бу борада ўз фикрларини аниқ билдирди.

Факультетнинг асосий эшигига тепасида Нисо сурасининг 135-ояти битилган: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизга, ота-онангизга, қариндош-уруғингизга, хоҳ бойга, хоҳ камбағалга қарши бўлса ҳам, Aллоҳнинг ҳузурида гувоҳ бўлинг. Aлбатта, Aллоҳ ҳар иккисини ҳимоя қилишга қодирдир. Aдашиб қолмаслик учун (қалбингиздаги) ҳавойи нафсларга эргашманг. Aгар (адолатни) бузсангиз ёки яхши амалдан бош торсангиз, Aллоҳ нима қилаётганингизни биладир».

Мактабнинг Ислом ҳуқуқи ўқув дастурида баъзи муҳим мавзулар ҳам батафсил ёритилган.

Умуман олганда, ислом қонунлари адолат ва тенгликни диний нуқтаи назардан қандай таъминлаши, кейин эса унинг жамиятга татбиқ этилишини ўргатади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибн Таймия қуйидаги гапни қандай асос билан айтган экан: "Агар, чексиз азоб мавжуд деб фараз қилинса, у ҳолда (Аллоҳнинг) раҳмати йўқ экан, деган хулоса чиқади.", Ибн Таймиянинг фикрича, Аллоҳнинг раҳмати қачонки, адашган кофирларни ҳам қамраб олсагина мавжуд бўлади экан! Шунинг ўзи Ибн Таймия ва унга эргашганларнинг, бу хатарли масалада, тўғри йўлдан йироқлашиб кетганига энг катта далиллардан эмасми ?! Эй Аллоҳим ўзинг кечир! (Рафъу-л-астор ли ибтоли адиллати-л-қоилийна бифаноъин нор.


Бу ибораларни мулоҳаза қилиб кўрган ҳар бир ақлли инсон ҳайратдан ёқа ушламасдан иложи йўқ. Чунки, "Салафий" оқимининг барча аъзолари Ибн Таймияни "салафийчилик"нинг асосчиларидан бири, деб тан олади. Носир Албонийни эса бу йўлнинг давомчиларидан, деб бошларига кўтарадилар. Носир Албоний бу масалада аҳли сунна вал-жамоъага мувофиқ бўлган бўлса, Ибн Таймия мухолиф бўлган.
Табиий савол туғилади: дўзахнинг боқиё ё фоний эканида икки салафий раҳнамодан қай бири ҳақ? Биламизки бу масала усулидин масалаларидан бўлиб унда фақатгина бир хил қарашга йўл бор, иккинчи фикр эгаси аниқ залолатда бўлади. бу ерда Ибн Таймия залолатдами ёки Носир Албоний адашганми?


Ислом умматини бирдамликка, асл салафлар йўлига даъват қилаётган "салафий"чилик тарғиботчилари бу ҳақда нима дер эканлар?! Уларнинг ўзлари улуғ бобокалонлари Ибн Таймиянинг бу эътиқодидан хабарлари борми экан?! Наҳотки салафлар, деб таъриф берилмиш саҳоба ва тобеъинлар орасида шунақанги зиддиятлар мавжуд бўлган бўлса?! Салафийлар қаёққа кетмоқдасиз?! Умматни қаёққа етаеламоқдасиз

Толибхон Шарипов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Умри давомида бир марта умрага, бир марта ҳажга бориб, муқаддас маконларда бўлиб, Мадинаи мунавварада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифларини зиёрат қилиш, Масжидун Набавийда бошини саждага қўйиш, Маккаи мукаррамани зиёрат қилиб, Раббимиз фарз қилган ҳаж амалларини бажариб, Исломнинг бешинчи арконини адо этиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси.

Ҳажга бориш шароитлари турли сабабларга кўра ўзгариб туришини “COVID 19” туфайли амалда кўрдик. Орада уч йил ҳажга боролмадик. Аллоҳга шукрки, яна юртдошларимиз муқадас заминга боришиб, ҳаж арконларини адо этиш шарафига муяссар бўлиб турибди.

Юртимиздан 2019 йилгача 7200 киши ҳажни адо этиб келаётган эди. Коронавирус офати туфайли орада уч йил муқаддас заминни зиёрат қила олмадик, Исломнинг бешинчи рукнини бажара олмадик.

Кеча, 2022 йил 3 июнь куни юртимиз бўйлаб қувончли хабар тарқалди. Жорий йил юртимиздан 10865 киши ҳажга бориши эълон қилинди. Бу юртимизда тарихида бўлмаган ноёб ҳодиса. Бунинг учун Яратганга қанча шукрлар қилсак кам.

Лекин, афсуски, бугун ҳажнинг нархи эълон 62 миллион 900 минг сўм қилиб белгиланишини нотўғри талқин қилувчилар бўлиши мумкин. Аввало, ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ, мажбурий тўловлар ва айрим сарф-харажатлар ошганини унутмаслик зарур.

Шу билан бирга, ҳожиларга қўйиладиган талаблар ичида юқори ёш сифатида 65 ёшнинг белгиланиши Саудия Арабистонининг талаби эканини унутмаслик керак.

Ҳажга боришни орзу қилиш мўмин банданинг энг гўзал туйғуларидан бири. Раббимиз қайсики мўмин юртдошимизнинг қалбига ана шу орзуни солган экан, уни қутлаш керак. Бироқ ҳажга бориш фақат орзу-ҳаваснинг ўзи билан битадиган иш эмас. Ҳатто бир одам туғилганидан умрининг сўнгига қадар ҳажга боришни орзу қилса ҳам унга ҳаж фарз бўлмаслиги мумкин.

Қайта-қайта ҳажга бориб келган. Яна бормоқчи бўлиб турган юртдошларимизга тавсиямиз шуки, ҳажга бир марта бориш фарз, қолганлари нафл ибодат ҳисобланади. Бир марта ҳажга бориб, фарз ибодатини бажариб келган ҳожилар навбатини ўзидан кейинги кишиларга бергани маъқул. Негаки, бу ерда икки мўмин фарз ва нафл ибодатини қаршилашяпти. Агар ҳаж нафл бўлиб турган киши ҳаж фарз бўлиб турган кишига ўз навбатини берса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки аввал ҳаж қилган биродарларимиз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек: “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақатгина жаннатдир” (Имом Аҳмад ривояти), деган улуғ мақомни қўлга киритдилар. Бу улуғ мақомни бошқаларга ҳам улашиш зарур.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат ҳаж инсон ҳаётида яхшилик сари тубдан бурилиш ясайдиган жараён. Аминмизки, бу жараённи бошидан кечириб, Исломнинг сўнгги – бешинчи рукнини адо этмоқчи бўилб турган юртдошларимиз умр сафари асносида ва муқаддас заминга борганларида ўзларининг юксак одоб-ахлоқлари билан буюк мутафаккирларнинг, Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг, Замахшарийларнинг авлоди эканини амалда исботлайди.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз байтини заёрат қилишни, ҳаж арконларини бекаму кўст бажаришни насиб айласин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Янгиликлар

Top