muslim.uz

muslim.uz

Жаҳоннинг энг йирик ҳалол туризм интернет портали - "HalalTrip" Ўзбекистонда мусулмон-саёҳатчилар учун яратилаётган қулайликларни алоҳида эътироф этиб, COVID-19 пандемиясидан сўнг ташриф этиладиган мамлакат сифатида тавсия этди.

Мақолада Ўзбекистон туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратаётгани ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган "зиёрат туризми" янги туризм йўналиши эканлиги эътироф этилган.

Шунингдек, мусулмон-сайёҳатчиларга яратилаётган қулайликлар ичида халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари, шунингдек, яқиндагина савдо масканларида очилган ибодат шароитлари мақталган.

"HalalTrip" портали Ўзбекистонни COVID-19 пандемиясидан сўнг ташриф этиладиган мамлакат сифатида тавсия этмоқда.

***
HalalTrip ҳалол туризм интернет портали CrescentRating халқаро ташкилотининг лойиҳаси бўлиб, унда ҳалол туризм янгиликлари ва ҳалол дестинациялар бўйича маълумотларни бериб боради.

CrescentRating, Mastercard ташкилоти билан бирга ҳар йили "Жаҳон мусулмон саёҳати индекси" (Global Muslim Travel Index) рейтингини тузиб боради. 2019 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда ўн поғона кўтарилиб, 140 мамлакат орасида 22-ўринни эгаллади.

"Жаҳон мусулмон саёҳати индекси" туризм дестинацияларининг мусулмон-саёҳатчилари учун жозибадорлиги ва қулайлигини баҳолаб келади.

Ўзбекистонда мусулмон-саёҳатчилар учун яратилган ҳар бир қулайлик, мамлакатнинг "Жаҳон мусулмон саёҳати индекси"га ижобий таъсир кўрсатади.

 “Azon.uz” мухбири

Миср “Дорул ифто” Фатво уюшмаси: Саудия ҳукуматининг бу йилги ҳажни чекланган миқдордаги ҳожилар билан амалга оширилиши борасидаги Қарори шариатнинг ҳожилар ҳаётини муҳофаза қилиш борасидаги мақсад ва ҳукмларига тўла мосдир.
“Дорул ифто” Фатво уюшмаси ҳожиларга хизмат кўрсатиш ва уларни саломатлигига ғамхўрлик қилиш борасида икки шарафли Ҳарам ходими подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз бошчилигидаги Саудия ҳукумати олиб бораётган сай-ҳаракатларни юқори баҳолайди.
Миср Фатво уюшмаси таъкидлашича, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг корона вирус кенг тарқашини олдини олиш мақсадида бу йил – ҳижрий 1441 йилги ҳаж ибодатини мамлакат ичкарисидаги турли давлат фуқароларига чекланган миқдорда амалга оширилиши борасидаги қарори Ислом шариатининг ҳожилар ҳаётини муҳофаза қилиш борасидаги мақсад ва аҳкомларига тўла мувофиқ эканлигини таъкидлайди.
Миср “Дорул ифто” Фатво уюшмаси (душанба кунги баёнотида) Саудия Арабистони мамлакатининг икки шарафли Ҳарам ходими подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз бошчилигида ҳаж ва умра ибодатларини адо қилиш мақсадида Муқаддас ерларга келувчилар учун олиб бораётган захматли меҳнатларини олқишлайди. Шунингдек, Саудия мамлакати ҳукуматининг Аллоҳнинг меҳмонлари учун барча қулайликларни яратиш ва уларга қийинчилик туғдирадиган ҳар қандай нарсаларни бартараф этиш йўлида бор имкониятини ишга солаётганлигини алоҳида қайд этади.
“Дорул ифто” қўшимча қилиб айтадики: “Биз Саудия давлатининг диний шиорлар барқарорлиги ва тинчлиги йўлида тутган мавқеи ва унга эришиш йўлида чиқарган барча қарорларига қўшиламиз. Ҳаж ва умра қилувчи меҳмонлар саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватлаймиз. Эътиборли томони шундаки, Саудия давлатининг ҳаж ибодатини чекланган ададдаги кишилар билан амалга ошириши ҳақидаги қарори қуйидаги фиқҳий қоидага таянгандир: “Зарарни даф қилиш манфаатни жалб қилишдан муқаддам туради”.
Фатво ҳайъатининг таъкидлашича, ҳукуматнинг бундай қарори ҳозирги кунда бутун дунё бошидан кечираётган Коронавирус пандимеясининг тарқалиши эътиборидан ўта зарур ҳолда чиқарилгандир.
Миср Фатво ҳайъати дунёнинг барча давлатларини ушбу хатарли вабога қарши ҳамкор ва елкадош бўлиб, биргаликда курашиш ва имкон қадар унга тўсиқ бўлиш учун ҳаракат қилишга чақиради. Аллоҳ таолога дунёдаги барча халқларни Ўз ҳифзи ҳимоясида сақлаб, тинчлик ва хотиржамлик ато айлашини сўраб дуо қилиб қолади!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров Ойсхара қишлоғида масжид қурилиши билан танишди. Тўрт гектар майдондаги бу ерда беш минг кишилик энг катта ва кўркам масжидлардан бири қурилмоқда. Grozny.tv хабарига кўра, минтақа раҳбари бу ҳақда ВКдаги саҳифасида маълум қилди.
"Яқинда яна бир чиройли масжид очамиз. Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодировнинг набираси Абдуллоҳ билан Чеченистоннинг Гудермес туманидаги Ойсхара қишлоғига ташриф буюрдим. Тўрт гектар майдонда бу ерда беш минг кишилик энг катта ва кўркам масжидлардан бири қурилмоқда. Аллоҳнинг уйига 1932 йилда диний илм тарқатиш ва болаларга Қуръони Каримни ўргатгани учун судланган севимли бобом Абдулҳамиднинг укаси Сулим Қодиров номи берилади. У 14 узоқ йилни ГУЛАГ лагерларида ўтказди", - дейилади матнда.
Айни пайтда мазкур иншоотда ички ва ташқи пардозлаш ишлари, шунингдек, атрофни ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ободонлаштириш режалаштирилган. Ўзбекистонлик мутахассислар Бухоро услубида масжид қуришмоқда.
Рамзан Қодиров Чеченистон Республикаси раҳбари маслаҳатчиси Амрудди Эдильгириевга вазифаларни олий даражада бажаргани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, янги масжид нафақат Гудермес тумани, балки бутун республиканинг кўрки бўлиб қолишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Туркияда «Yeni Ozbekistan» («Янги Ўзбекистон») журналининг навбатдаги сони нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Журналда чоп этилган аксарият материалларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар Туркия ижтимоий-сиёсий жамаотчилиги диққат эътиборида турганлиги қайд этилган.
Муаллифлар Ўзбекистон халқи самарали ислоҳотларни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали республикани янги поғонага олиб чиқишга интилаётган етакчисига ишонишини таъкидлаган.
Туркиянинг «AnkaSAM» таҳлилий маркази директори, профессор Меҳмет Эролнинг таъкидлашича, ушбу нашр Ўзбекистонни модернизация қилишнинг туб жараёнлари, республика ва унинг минтақалари иқтисодиёти, сайёҳлик, фан ва технологиялар соҳаларидаги ўсиб бораётган салоҳияти ҳақида батафсил маълумот беради.
Ушбу сонда қатор мақолалар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва жозибадор сармоявий муҳитига бағишланган. Хусусан, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллийлаштириш дастури, маҳсулот ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш натижалари батафсил баён этилган.
Журналнинг алоҳида қисмида Ўзбекистон тарихи ва маданияти, буюк аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида материаллар эълон қилинган. Унда Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Абу Мансур Мотуридий каби таниқли олим ва мутафаккирларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола этилган.
Журнал ўқувчилари, шунингдек, ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек миллий таомларининг ўзига хос хусусиятлари билан танишиши мумкин.
Бундан ташқари «Хива – 2020 йилда туркий дунё маданий пойтахти» ва «Бухоро – 2020 йилда ислом маданияти пойтахти» мавзуига бағишланган мақолалар ҳам турк ўқувчиларини беэътибор қолдирмайди.
Журналда мамлакатимизнинг турли минтақаларига фотосуратлар орқали экскурсия қилиш имконияти тақдим этилган. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарларидаги тарихий, меъморий ёдгорликлар тўғрисида фотоочерклар ўқувчини мамлакатимизга сафар қилишга ундайди.
Ушбу мавзудаги мақолаларда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари Шарқнинг ранг-баранглиги, миллий руҳи ва бетакрор гўзаллигини ўзида мужассам этган Буюк ипак йўлининг дурдоналари эканлиги эътироф этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top