muslim.uz

muslim.uz

7-8 октябрь кунлари «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Қашқадарё вилоятининг Қарши, Нишон, Касби ва Миришкор туманларидаги 43 та масжидга жами ҳисобда 52 млн сўмлик 2021 та китоб етказиб берилди.

Масжидларнинг ҳар бирига «Қуръони карим», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб, «Одоблар хазинаси» тўплами, «Руҳий тарбия» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан 9 та жуз, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ», «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан 7 та жуз, «Олтин силсила» 4, 6-жузи, «Ислом тарихи», «Мўминнинг қалқони», «Очиқ хат», китоблари, шу билан биргаликда масжид аҳли учун керакли деб ҳисобланган «Жавомеъул калим», « Фақиф имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни», «Ўкинма», «Ислом ва олам», «Енгил амаллар», «Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар», «Ғийбат ўзи нима?», «Исломда оила», «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Дока рўмол қачон қурийди», «Мен ҳам намоз ўқийман», «Муаллими соний», «Бир виждон уйғонур», каби китоблар Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.

Акциянинг тўққизинчи босқичида маблағларини вақф қилган ёки акцияни улашиб бўлсада ёрдам берган барчага раҳмат деб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, тўпланган маблағлар эвазига вилоятлардаги масжидларга китоблар олинади ва Аллоҳ йўлида вақф қилинади. Ҳозирги кунгача 306 та масжид уламолар томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланди.

Ўнинчи босқич (Бухоро) учун маблағ йиғиш бошланди. Сизни ҳам фаол бўлишга чақирамиз!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашди.

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Норасмий равишда “БМТнинг ақл лабораторияси” деб аталади. Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсоният виждони” деб таъриф берган.

Бугунги кунда унга 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Одри Азуле давлатимиз раҳбарини ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.

Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Ушбу ташкилот билан биргаликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, “Алпомиш” достони ва “Авесто” китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонланди. Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.

Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мусиқий маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати форуми ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли ва муҳимдир. Ўзбекистон “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жисмоний ва маънавий баркамол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.

ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов табаррук 70 ёшда вафот этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолари, имом-хатиблар ва мударрислар ҳамда Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг шогирдлари у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Улуғ олим Абдураззоқ ҳожи Юнусовнинг жанозалари 2018 йил 5 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Камолон даҳасидаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжидида жума намозидан сўнг ўқилади.

Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 3 октябрь куни, соат 08:20да қориларимиз Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.

Ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақада юртимиздан икки нафар иштирокчи ва бир нафар баҳоловчи ҳакам иштирок этади.

Улар:
- Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси мудири катта устоз Жаҳонгир қори Неъматов (баҳоловчи ҳакам);

- Тошкент Ислом институти талабаси, «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов (30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси);

- Кўкалдош ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев (15 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси).

Эслатиб ўтамиз, халқаро мусобақада 82 давлатдан 115 киши иштирок этади. Саудия расмий ОАВ берган маълумотга кўра, Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишлари бўйича қирол Абдул Азиз танлови 26 муҳаррамда (6 октябрь) бошланиб, сафар ойининг биринчи кунигача (11 октябрь) давом этади.

Вакилларимизнинг иштирок этиш санаси қуръа ташлаш йўли билан аниқланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло барча устозларимизнинг умрларига, илмларига, ризқларига барака берсин! Оила аъзолари билан тинч-тотув ҳаёт кечиришларини насиб этсин! 

 

Узоқ йиллар ўқувчи-талабаларга таълим бериб, маърифат зиёсини улашиб юришларини насиб этсин!

 

Ҳадиси шарифларда одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга ҳамма, ҳатто денгиздаги балиқлару инидаги чумолилар ҳам истиғфор айтиши зикр қилинган.

 

Охиратда барчаларининг ажру савобларини кўпайтириб берсин!

 

Вафот этиб кетганларини Ўзи раҳматига олиб, қабрларини мунаввар айлаб, охиратларини обод қилсин!

 

Мактабда дарс берган устозларим!

 

Мадрасада таълим берган устозларим!

 

Маъҳадда илм ўргатган устозларим!

 

Маъҳаддан кейин йўл-йўриқ кўрсатган устозларим!

 

Ҳозирги кунда ҳам маслаҳат бериб турган устозларим!

 

Аллоҳ таоло барчангизни, барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Роббимиз барча ўтган устозларимизни раҳматига олиб, қабрларини нурга тўлдирсин! 

 

Қолдирган илмларини ўқиб, амал қилиб, муносиб шогирд бўлишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов

Янгиликлар

Top