muslim.uz

muslim.uz

Меъёр ўртача йўлни тутиш, мўътадил­лик демакдир. Ҳар соҳада, ҳар бир мавзуда ўрта йўлни тутиш марғуб саналади. Ҳатто яхши, савобли ишни бажаришда ҳам меъёр шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).

Намоз – диннинг устуни, рўза – имон қалқони. Аммо бу ибодатларни бажаришнинг ҳам меъёри бор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ажр беришдан чарчамайди, лекин сиз зерикиб қоласиз, шунинг учун ўртаҳол ибодат қилинг, деган мазмунда ўгит берадилар. У зот яна ифротга ҳам, тафритга ҳам кетиб қолишдан қайтарадилар. Яъни, ўта бепар­во ҳам бўлиб қолманг, таркидунёчиликка ҳам берилиб кетманг, деб огоҳлантирадилар.

Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ йўлида бир киши билан дўст тутиниш бошқа соя бўлмайдиган Кунда Аршнинг соясидан жой олишга сабаб бўлади. Аммо яна шу ҳадисларда мазкур хусусда ҳам ўртача йўл тутиш – дўстни меъёрида яхши кўриш билан бирга душманни ёмон кўришда ҳам чегарадан ошмаслик керак­лиги насиҳат қилинади. Доимо ишларнинг ўртачаси яхши экани уқтирилади.

Буларнинг барчасидан хулоса чиқар­сак, ўртачалик – инсон табиатига мос, хилқа­­ти­га хос хислат. Айнан, у билан дунёнинг низоми, жамият интизоми барқарор бўлади. Меъёрдан оғишмасак, эътиқодимизу амалларимиз Китоб ва Суннатга мос бўлади. Ўтмиш солиҳ аждодларимиз тутган йўл ҳам шу аслида.

 

Hidoyat jurnalidan

“Ўғлим, бизнинг сен­дан бошқа умид ни­шонамиз, ҳаёт қу­вончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзу-ҳавасимиз фақатгина сенга қараб қолган. Биз Аллоҳга минг шукрлар айтамизки, сен бошқаларнинг фарзандидек эсли-ҳушли бўлдинг, кишилардек сен билан ифтихор қилолмасак-да, сен орқали хижолат чекмаслигимизга ишондик…”

Абдулла Қоди­рий­нинг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган бу сўзлар замирида отанинг ички дунёси, умидлари, орзу-ҳаваслари, шунингдек, фарзандидан мамнунияти, “Отангга раҳмат” деган улуғ дуоси содда тил билан баён қилинган.

Кўзларни қувонтирадиган фарзанди улғайиб, солиҳ инсон бўлишини истаган ота-онадан қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Бир ниҳолни умид билан эккан киши катта дарахт бўлиши учун уни астойдил парваришлайди. Ёввойи шохчаларини олиб ташлайди, тагини юмшатади, сув қуяди, ўғит беради. Шундагина мақсадига етиши мумкин.

Оилада инсон ҳаёти, эзгу анъаналар  давомийлигини таъминловчи шахслар шаклланади. Маданият, урф-одат, диний, ахлоқий, миллий қадриятлар сақланади ва ривожланади. Бўлажак ота-онанинг соғ-саломатлиги, дину диёнати, насл-насаби, ахлоқ-одоби, моддий ва маънавий даражасининг кафолати, турмуш қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши, фарзанд кўриш ва унинг тарбия­сини тўғри ташкил эта оладиган қобилиятга эга бўлиши эса мустаҳкам оила қуриш учун муҳим асосдир.

Фарзанд Яратганнинг улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнати, қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур топса, катта бўлганларида ғамхўрлигидан кўнглимиз яйрайди. Болага нисбатан бағрикенглик, меҳридарёлик, фидойилик халқимизга хос фазилат. Ота-она қанча меҳр-муҳаббат билан ардоқлаб улғайтирса-да, гоҳида ота-онага мусибат келтирадиган фарзандлар ҳам учрайди. Бунга ота-онанинг тарбияда эҳтиётсизлик, бепарволик қилгани сабабдир. Боғбон ниҳолни яхши ривожланмагани учун кесиб, ўрнига бошқасини экиши мумкин. Аммо ноқобил фарзандни алмаштириб бўлмайди, фақат парваришига зўр бериш керак.

Ҳикоя қилишларича, қадимда икки мамлакат ўртасида қаттиқ тўқнашув бўлиб, бири зафар қозонади. Бир қанча асирлар билан юртига қайтиб келган ғолиб шоҳ элга зиёфат беради. Асирларни ўлимга ҳукм этади. Шунда улардан бири:

– Шоҳим, бизни ўлдириб нима фойда кўрасиз, ундан кўра бизлардан фойдаланиб қолинг, – дейди.

– Сендан қандай фойдаланаман? – деб сўрайди шоҳ.

– Шоҳим, ҳар биримизнинг ҳунаримиз бор. Масалан, мен ҳар қанча отларингиз орасидан бир кўз югуртириб, энг зўр тулпорни ажратиб бера оламан, – дейди асир.

Шоҳнинг амри билан минглаб от яйловга қўйиб юборилади. Шунда асир йигит шоҳнинг энг яхши кўрган отини узоқдан кўрсатиб: “Мана бу тулпор сигир сути билан ўсмаганида етти иқлимга номи кетарди”, дейди.

Шоҳ ҳайратланиб, отбоқарни чақиртиради ва бу отни туққан бия касалланиб ўлгани, эмизишга бошқа от топилмагани, бир сигирни эмиб катта бўлганини билиб олади.

Шоҳ йигитдан буни қандай аниқлаганини сўрайди:

– Бошқа отлар сувдан кечиб, тўғри кетишди. Бу эса ариқдан ўтганидан сўнг тўхтаб, орқа оёғини бир силкитиб қўйди. Бу иши сигирларга хосдир, – дейди йигит.

Шоҳ унинг фаросатига, билимига қойил қолади ва унга қўшиб барча асирларни озод қилиб юборади.

Демак, онанинг табиатига хос яхшилик ва қусурлар сут орқали фарзандларга таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун ҳам солиҳа хотинга уйланиш никоҳнинг илк шартларидан ҳисобланади. Афсус, отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, лоқайдлиги, чиройли, гўзал ахлоқли қилишга, ҳалолу ҳаромни, савобу гуноҳни ажратишга аҳамият бермаслиги ҳам ноқобил фарзандлар пайдо бўлишига муҳит яратади.

Хуллас, ота ҳам, она ҳам ях­ши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад деб билишса ва шунга яраша ҳаракат қилишса, гўзал оқибатга эришилади.

Муҳаммадхон БАДРИДДИНОВ,

 

Аввалроқ 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма берганликлари, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ана шу лойиҳа асосида 2018 йилнинг 30 июнь куни Тошкент вилоятидаги яна бир жоме масжидни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, Бўка туманидаги “Саидали эшон” жоме масжидини қуришга дастлабки ғишт қўйиш маросими ўтказилди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Бўка тумани ҳокими Нўмон Избосаров ҳамда туман бош имом-хатиби иштирок этди. Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди.

Қайта қурилиши режалаштирилган масжид даставвал маҳалла намозхонаси сифатида иш юритган. 2000 йилда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг жоме масжиди сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунга келиб эски, таъмирталаб масжид ўрнида замонавий талабларга жавоб берувчи, намозхонларга ҳар томонлама қулай шароитларга эга бўлган масжид барпо этилиши лойиҳалаштирилган.

Ушбу лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, масжид 729-автомагистрал йўли ёнида қад ростлайди. Бу нафақат маҳаллий аҳоли, балки йўловчилар ва қўшни давлатлардан ташриф буюраётган меҳмонлар учун ҳам қулайликлар яратади. Тадбирда шу каби мулоҳазалар билдирилар экан, иштирокчилар дин равнақи, юрт келажаги, миллат манфаатларини кўзлаб қилинаётган ишлар халқимизга манзур бўлаётгани, бунинг учун Юртбошимиз ва барча мутасаддилардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. Шунингдек, маросимда эзгу тилаклар, хайрли дуолар ҳам қилинди.

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

lundi, 02 juillet 2018 00:00

Қўшничилик одоблари

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим

Муқаддас ислом дини инсонларни ўзаро бир бирлари билан дўстликда, ҳамжиҳатликда, меҳр-оқибатда яшашга тарғиб қилади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида аҳиллик, дўстлик, ҳурмат иззат каби ахлоқий фазилатлар камол топиб, жамият тараққиёти ва равнақига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жамиятда маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлиги таъминланади. Шундай алоқалардан бири – қўшничилик алоқаларидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлган Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”,(Нисо, 36).

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларининг бирида: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, банда мусулмон бўлмайди ҳатто инсонлар унинг қалбидан, тилидан ва қўлидан саломат бўлмагунларича. Банда мўмин бўлмайди ҳаттоки ён қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмагунича”,- дедилар. Шунда саҳобийлар эй, Аллоҳнинг расули “ёмонликлари деганда нимани тушунамиз”, деб сўрадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) “ёмонликлари бу –– қўпол, дағал муомаласи ва зулму зўравонлиги”,- деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қўшнининг қўшни олдидаги ҳурмати ўз онасининг ҳурмати кабидир”, деб марҳамат қилганлар.

Юқорида мисол қилиб келтирилган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кишининг ўз яқинлари яъни ота-онаси, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари билан гўзал муомалада умргузаронлик қилиши Аллоҳнинг наздида энг улуғ савобли амаллардан экан.

Ҳасан Басрий (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в)дан қўшнининг ҳақлари ҳақида сўралганда ул зот: “Қарз сўраса бериб турасиз, агар сизни чақирса чақириғига жавоб бериб, борасиз, бемор бўлса ҳолидан хабар оласиз, ёрдам сўраса ёрдам берасиз, мусибат етса таъзия изҳор қиласиз, бирор хурсандчилик етса муборакбод этасиз, вафот этса у тўғрида гувоҳлик берасиз, агар бирор ерга кетса келгунига қадар оиласидан, бола-чақасидан хабар олиб турасиз, ҳовлингизда қозонда гўшт қовуриб унга озор бермайсиз, шундай қилган тақдирингизда унга ҳам таомингиздан улашасиз”. Бошқа бир ривоятда “иморатингизни томини унинг томидан баланд қилмайсиз, магар, розилик берса баланд қилишингиз мумкин”,- дедилар.

Ҳазрат Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в) “Эй, Абу Ҳурайра тақводор бўлинг инсонларнинг обидроғи бўласиз, қаноатли бўлинг инсонларнинг шукр қилувчироғи бўласиз, ўзингизга яхши кўрганингизни бошқа инсонларга ҳам яхши кўринг мўминлардан бўласиз, қўшниларингиз билан гўзал муомалада бўлинг мусулмон бўласиз, ҳуда беҳуда қулаверманг кўп кулгу қалбни ўлдиради”,- дедилар.

Ҳикматларда келтирилишича бир киши вафот этса, учта қўшниси ундан рози бўлса Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Бир ривоятда бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в) олдиларига қўшнисидан шикоят қилиб келади. Пайғамбаримиз (с.а.в) унга: “Унга озор беришдан тийилинг, унинг сизга берган озорларига сабр қилинг. Ажралмоқчи бўлсангиз ўлимнинг ўзи кифоя қилади”, дедилар. Ҳасан Басрий (р.а) айтадилар: “Қўшнига озор бермаслик гўзал қўшничилик эмас, ҳақиқий қўшничилик қўшнидан келаётган озорларга сабр қилишдир”.

Халқимизда “меҳр кўзда” деган нақл бор. Яъни киши ўз яқинлари билан тез-тез учрашиб, ҳол аҳвол сўраб турса, дарду қувончларига шерик бўлса, атрофидаги инсонлардан ёрдамини аямаса ва муносабатлар ҳеч бир ғаразсиз фақат Аллоҳ розилиги учун самимий бўлса, албатта, жамиятдаги барча инсонлар бир бирларига нисбатан меҳр оқибатли бўладилар. Бундай фазилатли одобу ахлоқ айнан ўзбек халқига хос бўлган хислатлардандир. Биз бу қадриятларимизни асраб авайлашимиз керак.

Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Ҳаёт суръатлари кундан кунга тезлашиб бормоқда. Дунё ахборот майдонида ғоялар кураши авж олмоқда. Четдан туриб бизнинг миллий маънавиятимизни обрўсизлантиришга бўлган ҳатти-ҳаракатлар, жумладан, миллий ва диний қадриятларимиз илдизларига болта уришга уринишлар авж олмоқда. Бундай ҳаракатлар индивидуализм ва ахлоқсизлик ғояларни тарқатиш билан ё бўлмаса бачкана кўринишдаги ахлоқсизликни юксак маданият деб тарғиб қилиш ҳолатлари ва бунинг замирида асл маданият ва маърифатга, неча минг йиллардан буён ривожланиб, халқнинг бирлигини, бирдамлигини, маънавиятини, юксак қадриятларини ифодалаб келган бой маънавий меросимизни обрўсизлантиришга, унга путр етказишга қаратилгани бугунги кунда ҳар бир ақли расо одамни ташвишлантирмай қўймайди. Мана шундай шароитда миллий ва диний қадриятларимизни мазмун моҳиятини теран англашимиз ва уларни асраб авайлашимиз, фарзандларимизни сарани пучагидан ажратадиган яъни аслни сохтадан ажрата оладиган даражада тарбия қилишимиз ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

 

Мансуржон Абдухолиқов

Пайариқ тумани

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазириги қатарлик зиёратчилар Қатарга тегишли бўлмаган ҳар қайси авиакомпания билан ҳажга келиши мумкинлигини маълум қилди, дея хабар бермоқда “Анадўлу” агентлиги.

Вазирлик 2018 йилги Ҳаж мавсуми учун тайёргарлик тугагани, жорий йилда дунёнинг турли мамлакатларидан 2 миллионга яқин зиёратчи келиши кутилаётганини билдирди.

Қатарлик зиёратчилар Қатарга тегишли бўлмаган ҳар қайси авиакомпания билан Жиддадаги Халқаро қирол Абдулазиз аэропортига келишлари мумкин, ҳаж амалларини бажариш учун эса онлайн тизимда рўйхатдан ўтишлари керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июнида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан дипломатик алоқаларни узган эди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top