muslim.uz

muslim.uz

Биз ушбу мақолада қадр кечасини ибодат билан ўтказган киши оладиган савобнинг ҳажми ҳақида сўз юритамиз.

Қадр кечаси йил кечалари ичида энг улуғидир. Бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил бўлган. Бу кечанинг улуғлигини оширган сабаблардан бири Қуръон айнан шу кечада нозил бўла бошлаганидир.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси).

Ичимизда қадр кечасини умрида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам топишни орзу қилмаган одам топилмаса керак.

Юқоридаги сура, хусусан, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оят ҳақида ўйлаб кўрсак, бошқа минг ойда амал қилиб, қанча савоб олсак, бу кечада бир амал қилиб, ундан ҳам кўп савоб олишимизни англаб етамиз.

Фикримиз тушунарли ва тасаввур қилишимиз осон бўлиши учун бу кечада эришиладиган савоб миқдорини рақамларда ифода этишга уриниб кўрайлик!

Хўш, минг ойда нечта кеча бор?

Бу жуда осон савол. Агар бир ойда 30 (ўттиз) кеча борлигини эътиборга олсак, минг ойда 30000 (ўттиз минг) кеча борлиги маълум бўлади. Демак, қадр кечасида бир амал қилган худди бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг)та амал қилгандек бўлади.

Албатта, биз савобни рақамларда келтиришда тахминий хулоса қиламиз. Чунки, оятда минг ойга баробар дейилмаган, балки минг ойдан яхшироқ дейилган. Бу эса савобнинг аниқ миқдори қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди деганидир. Биз фақат минг ой ҳақида, амалларнинг минг ойга кўпайтирилиши борасида сўз юритамиз.

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқисак, бошқа кечаларда 30000 (ўттиз минг) ва ундан ҳам кўпроқ ҳарф ўқигандек бўламиз.

Энди яна бир оятга эътибор қаратсак:

مَن جَاء بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят).

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқиш бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ва ундан кўп ҳарф ўқишнинг савобига тенг дедик. Энди бу оятда айтилганидек, 30 000 (ўттиз минг)ни 10 (ўн)га кўпайтирамиз. Натижа 300 000 (уч юз минг) бўлади!

“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оятга биноан 1(бир) ҳарф учун 300 000 (уч юз минг)дан ҳам кўпроқ савоб бўлади.

Қуръони Каримдаги ҳарфларнинг сони 300 000 (уч юз минг)тадан кўпроқ бўлиб, қадр кечасида Қуръондан бир ҳарф ўқиган киши бошқа кечаларда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобига тенг савоб олар экан.

Агар биз “Ихлос” сурасини ўқисак, қанча савоб оламиз? Бу сура басмала билан бирга 66 (олтмиш олти)та ҳарфдан иборатдир. Демак, биз “Ихлос” сурасини басмала билан бирга (яъни 66 та ҳарфни) бир марта ўқисак, Қуръони Каримни 66 (олтмиш олти) марта тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобини оламиз.

Агар биз қадр кечасида бир марта дуо қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ дуо қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида бизга ёмонлик қилган 1 (бир) дона инсонни кечирсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) донадан ортиқ одамни,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) донадан кўпроқ кишини кечирганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) ракат намоз ўқисак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ракатдан ортиқ намоз ўқиган,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) ракатдан кўпроқ намоз ўқиганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) марта садақа қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) мартадан ортиқ садақа қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида қариндошимизга 1 (бир) марта силаи раҳм қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда қариндошларимизга 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ силаи раҳм қилганнинг савобига эга бўламиз.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилсин! Рамазон ойини ғанимат билиб, ҳар дақиқасидан фойдаланиб қолишга, хусусан, қадр кечасида солиҳ амалларни қилиб бедор бўлишга муяссар этсин!

 

 

islam.ahram.org сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркия давлатидан келган исломшунос олимлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда "kun.uz" нашри хабар берди.

Туркиянинг нуфузли олий ўқув юртлари 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари ўз юртларида Ислом динининг ўқитилиши ва фойдаланиладиган адабиётлар, манбаалар ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида Имом Бухорий илмий тадқиқот маркази ва Туркиянинг Истанбул университети илоҳиёт факультети, Ибн Холдун, Кастомоно ва Истанбул заин университетлари ўртасида илмий ҳамкорлик ва мутахассислар алмашинуви бўйича меморандум имзоланди.

Ушбу меморандум асосида келажакда ўзаро кадрлар алмашиш ва Туркия фондларида сақланаётган ноёб қўлёзма асарларини ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш ва халққа етказиш асосий мақсад қилинган. Бундан ташқари, буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганаётган тадқиқотчиларига туркиялик профессор-ўқитувчиларнинг раҳбарлик қилиши ва, аксинча, уларнинг илмий ишларига бизнинг олимлар раҳбарлик қилиши ҳам режалаштирилган.

Халқаро тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий халқаро стипендиясини таъсис этиб, буюк муҳаддис бобомизнинг илмий меросини ўрганаётган бошқа давлатлардаги ўрганувчиларни рағбатлантириб бориш ҳам назарда тутилган.



ЎМИ Матбуот хизмати

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Келинг, бугун ушбу фонд юзасидан фикр алмашсак. Фонднинг вазифаси нима, қандай қилиб молиялаштирилади, халқ учун қандай манфаатли томонлари бор каби саволларга соҳа вакили сифатида жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Вақф ўзи нима?

«Вақф» сўзи луғатларда «тутиб туриш», «тўхтатиш» маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. «Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир». Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Фонднинг асосий мулки вақфдан келган маблағларми?

Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Яъни 1. Хайрия бўлими; 2. Вақф бўлими; 3; Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими. Билишимиз керак-ки, ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Дейлик, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ закот бўлимига тушади. Шу билан биргаликда шариатда айтилган ўринларга сарф қилиниши айтилмоқда. Умумий қилиб айтганда фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас.

Фонднинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Фондга маблағлар қай тартибда йиғилади?

Биламизки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳеч бири мажбурий солиқ тўловларига кирмайди. Балки ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ёки саҳоват қилиш ўринларида ушбу маблағларни фондга ўтказиб беришлари мумкин. Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланмоқда. Шулардан бири Payme тўлов тизимидир. Аввалроқ фонднинг Payme тизимига улангани хабар берилди. Бу дегани сиз пластик карта орқали истасангиз закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин.

Нима қилсак, фонд ривожланади?

Биз қиладиган фақатгина бир иш қолди, у ҳам бўлса фондга ишониш ва молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга ошириш. Фонд нотижорат ташкилот. Бу дегани фондга келиб тушган ҳар қандай маблағ фақатгина хайрия қилинади. Шуни унутмаслик керак-ки, Президент Фармонида фондни ўта шаффоф бўлишлиги таъкидланган. Демак сизнинг маблағингиз шариатда кўрсатилган ўз ўрнига етказилиши фонд томонидан кафолатланади.

Хулоса қилиб айтганда фондни ривожланиши учун ҳисса қўшайлик. Бир вақтлар хаёл қилиш қийин бўлган ишлар бугун қўлимизда турибди. Ҳисса қўшишимиз бу молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга оширишимиздир.



Темурбек АДҲАМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси

Бугун 3 Июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 18-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 03.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги учта масжидда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

1. “Ислом ота” жоме масжиди. (Яшнобод тумани, Жўрабек маҳалласи Фарғона йўли кўчаси, 51 уй. Телефон: +99871 299 58 82, +90 985 75 77. Масжид веб сайти: islomota.uz)
Қорилар: Давлатов Авазбек Акбаралиевич, Зоитов Анвар Камолхонович

2. “Маҳкам ота” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Байроқ-Дурбек кўча, 14а-уй.  Тел.:+998 71 247 97 29, +93 540 23 82)
Қорилар: Абдураҳмонов Абдуқодир Собирович, Ғозиев Дилшод Абдулфаттоҳович

3. “Баланд” жоме масжиди.
(Шайхонтоҳур тумани, Қоратош маҳалласи, Бешёғоч кўчаси, 173-уй. Тел.: +998 90 941 55 59, +97 777 80 19.)
Қорилар: Мирзаев Насруллоҳ Салайдиновичч, Собитов Ҳабибуллоҳ Алижон ўғли

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.



ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати 

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум. Тунги соат 12дан кейин саҳарлик қилиб кейин ният қилиб ухласа бўладими

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Ҳа, жоиз. Лекин саҳарликни бомдод вақти киришига тақаб ёпиш суннат амаллардан ҳисобланади.

Савол: Ассалому алайкум! Рўзадор одам йўлда наушникда мусиқа эшитса тутган рўзаси очилиб кетмайдими. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Тутган рўзаси қабул ёки қабул эмаслигини Аллоҳ таоло билади. Лекин рўза пайтида нафақат ношаръий ишлар, ҳатто мубоҳ ишлардан ҳам сақланиш тавсия қилинади. Шундан хулоса чиқариб олинг.

Савол: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Саҳарлик ва ифтор вақтида ўқиладиган дуолар ўрнига ўзингдан дуо келтирса бўладими ё фақат шу калималарни айтиш жоизми? Жавоб учун олдиндан раҳмат

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Ҳа, мазкур пайтларда хоҳлаган дуоларни қилишингиз мумкин.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

 

Янгиликлар

Top