muslim.uz

muslim.uz

Арабларнинг Рамазон ширинлиги – “Қатайиф” ҳақида биласизми?

Қатайиф шарқона ва араб ширинликларининг Рамазон ойида ейиладиган энг машҳуридир.

Қатайифни Ливан, Миср ва Тунисда кўпинча ифторликдан кейин, баъзилар ифтор пайтида, Фаластин аҳолиси эса ифтордан олдин истеъмол қилади.

Қатайифнинг келиб чиқиши тарихи Aббосийлар ва Уммавийлар даврига бориб тақалади. Уни Уммавийлар халифаси Сулаймон ибн Aбдулмалик биринчи бўлиб истеъмол қилган (98-ҳижрий сана).

Муборак ойнинг бошланиши билан Мисрнинг машҳур маҳаллалари Қатайиф тайёрлашни бошлайди.  У оқ доиралари иссиқ металл юзасида пиширилиб, тайёр ҳолда сотилади. Улар асосан қуёш ботишидан олдин ифторлик вақтида сотилади.

Мисрда одатда Қатайиф ёнғоқ ва майиз солинган ёғда қовурилади, сўнг тўғридан-тўғри сиропга (сорбет) солинади. Бир неча дақиқа дам олдирилиб, сўнг иссиқ ҳолда тортиқ қилинади. Кўпинча у  кўпиртирилган қаймоқ ва ёнғоқлар билан безатилади.

 

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

jeudi, 13 avril 2023 00:00

Ортга сурманг

Кейинга қолдириш шайтон қўллаган йўл ҳисобланиб, у бу билан мусулмонни йўлдан оздиришни мақсад қилади. Чунки шайтон мўминни диндан воз кечтиролмаслигини, унга намоз ва рўза каби амалларни тарк эттиролмаслигини яхши билиб, ўзининг кейинга қолдиришдек енгил, лекин хатарли услубини ишлатади. Энди мўминнинг қалбига бирор амални бажариш келганда шайтон ўша услуби бўйича ўйнаб, уни амалдан тўхтатади. Айтадики, бугун фалон ва фалон амалларни қилиб улгуришинг керак, бунисини эртага қилақол. Эртасига эса яна бошқа баҳоналар ўйлаб топади. Шу йўсинда ўша амални ҳали келмас эртагача қолдираверади.

Инсон ҳисоб-китоб куни тарозусининг яхши амаллар палласи оғир келишини хоҳлайди. Бунинг учун у нафл намоз ёки садақаларни кўпайтириб, Аллоҳга маҳбуб бўлиш кераклигини ўйлайди. Чунки киши фарзлар мукаммал бўлиши учун нафлларни ҳам бажариш кераклини жуда яхши билади. У шу ҳақида фикр юритиб, нафл ибодатлар ва зикр каби амаллар қилишга ўзида туртки топади. Айни пайтда шайтон келади-да, ҳар хил ҳийла найранглар ишлатиб, унга ўша амалларни кейинга қўйишга кўндиради. Ҳатто, унинг шу ишини оқлайди. Натижада вақтлари беҳуда нарсалар билан ўтиб, бора-бора соғлиги ҳам кетади. Энди эса хоҳласа ҳам, минг уринса ҳам, ўша амалларни бажаришга кучи етмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан бебаҳра қоладилар. Улар соғлик ва бўш вақтдир”, (Имом Бухорий ривояти) деган ҳадислари эса бирор амал хаёлимизга келса, уни бажаришга фурсат топишимиз биланоқ кечиктирмасдан дарров амалга ошириш кераклигини уқтиради. Чунки Аллоҳ таоло яхши амалга шошилишга буюради: “Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У (жаннат) тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир” (Оли Имрон сураси 133-оят).

Демак, яхши амалларга шошилиш керак, уларни кейинга қўймаслик лозим. Балки бундай ишлар учун дунё ишларида бўлгани каби мусобақалашиш яхшидир.

Воридни икром қилсанг, у яна келади

Шайхим раҳматли айтардилар: “Хаёлга келган бирор яхши амалга ворид (келувчи) дейилади. Агар қалбингиз эшигини бирор ворид қоқса ва сиз уни яхши кутиб олиб, ҳурмат изҳор қилсангиз, хоҳишига мос амал билан илтифот кўрсатсангиз, у яна қайта келаверади. Келиб, сизни бошқа яхши амалларга ҳам даъват этади. Аммо акси бўлса-чи? У жуда ориятли меҳмон. Ортига қайтиб кетади-да, ҳаргиз қайтмайди. Кейин эса қалбингизга яхши ва солиҳ амаллар хаёли ҳозир бўлмайдиган бўлиб қолади.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади

Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Марокашдаги қадимий Уқба бин Нафиъ масжиди ва унга туташ тарихий шаҳарни қайта тиклаши орқали пойтахт Aглобид ва Aфрикадаги Исломнинг биринчи пойтахтини ҳам тиклаш ҳаракатида.

Ҳижрий 50-йилда қурилган Уқба ибн Нафиъ масжиди маҳаллий мусулмон халқлар ҳаётида муҳим ўрин тутган. Унинг майдони 9700 квадрат метрни ташкил қилади. Бу ноёб меъморий дурдона дунёдаги энг нафис ислом ёдгорликларидан биридир.

Масжид энг қадимий миноралардан бири эга бўлиб, баландлиги 31,5 метр ва у 3 қаватдан иборат. Мутахассисларининг фикрича, масжидда терак ёғочидан ўйиб ясалган минбар мавжуд бўлиб, у ҳижрий 3-асрга тўғри келади. Шунингдек, масжиднинг ўзига хос қадимий безаклари ҳанузгача сақланиб қолинган. Масжиднинг ташқи кўриниши унинг қалин ва баланд деворлари туфайли улкан қалъага ўхшаб кетишидан далолат беради.

Бу диққатга сазовор Уқба бин Нафиъ масжиди деворларида ёриқлар борлиги туфайли бино хавфли ҳолатга келиб қолган.  Подшоҳ Салмон бин Aбдулазиз Ол Сауднинг қайта тиклаш лойиҳаси “Қейрван”  масжидининг олдинги жилоси ва ёрқинлигини қайта тиклашга қаратилган.

Бу лойиҳа 36 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ва 1988 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият бўйича "Юнеско" ташкилоти томонидан Жаҳон мероси сифатида рўйхатга олинган қадимий Қейрван шаҳрига эътибор қаратишни ўз ичига олади.

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тунисдаги элчиси доктор Aбдулазиз бин Aли ас-Сақар Саудия матбуот агентлигига берган баёнотида Уқба бин Нафиъ масжидини қайта тиклаш лойиҳаси Саудия ва Тунис халқалари орасини  ўзаро боғловчи биродарлик муносабатларининг тимсоли эканлигини таъкидлади.

Саудия Арабистони ҳукуматининг  тарихий масжид сифатида Ислом динида тутган ўрнининг юқорилиги туфайли Уқба бин Нафиъ масжидини қайта тиклаш лойиҳаси қадимий масжидларни таъмирлашдаги “Нигоҳ-2030” тараққиёт лойиҳасининг бир қисми саналади.

                                                            

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади

Ақийда масалаларида ҳам ҳаддан ошиб ғулувга кетган салафийлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган ва тарқатиб юришибди ҳам. Улар бу хоссослик билан ёндашишликни талаб қилувчи тушунчани масала далил ва ҳужжат билан тушунмаганлар ёки тушунсада танолмайдиганлардир. Бузғунчи, фитначи, ғаламис тўда, гуруҳ ва оқим вакиллари томонидан кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.

Ҳаким ибн Муовиядан, у киши ўз отасидан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Аҳли Суннат вал жамоа раддияси: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Олимлар бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар». Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.

Албатта, ҳижратга тегишли далиллар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги ҳукмни баён қилганлар.

"Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади."

Юртимизда бугунги кунда мусулмон халқимиз учун масжидларнинг ҳизмат қилиб турганлиги, Юртимиздаги ўғил ва қизлар учун ўрта-махсус ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом Университети, шунингдек, мамлакатимизда бунёд этилаётган ислом маданият ва маърифат марказлари, Юртимиз бўйлаб барча жойларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилаётганлиги, эътиқод эркинлигининг инсонни қувонтирадиган равишда кенг таъминланганлиги. Бузғунчи гуруҳ ва оқим вакилларининг ғаразли ва фитнали вайронкор ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатади.

Олимлар шундай дейдилар: Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш хатодир.

Акбарали Юсуфжонов
Учқўрғон туман Саидхон эшон жоме масжиди имом хатиби

Тиниқ ойна

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Абу Жаҳл келиб:

– Бани Ҳошим уруғидаги ҳеч бир одам кў­зимга сендан хунукроқ кўринмайди, – деди.

Расули акрам алайҳиссалом:

– Тўғри айтдинг, – дедилар.

Шу пайт ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу келиб қолди ва:

– Ё Расулуллоҳ, юзингиз қуёшдек ёрқин. Бу оламда сизнинг юзингиздан гўзалроқ юзни кўрмадим, – деди.

Сарвари коинот унга ҳам:

– Тўғри айтдинг, – деб жавоб қайтар­дилар.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламдан бу бир хил жавобнинг ҳикматини сўрашди. Шунда у зот:

– Мен Аллоҳ жилолаган бир ойнаман, менга қараган киши ўзини кўради, – деб жавоб бердилар.

Қалб ва гўзаллик

Ривоят қилишларича, бир подшоҳ Лайлининг унчалик ҳам гўзал эмаслигини кўриб, Қайс унинг нимасига бу қадар шайдо (Мажнун) бўлганига ҳайрон қолганида, вазири: “Шоҳим, сиз Лайлига Қайснинг кўзи билан қарай олмагансиз. Йўқса, бундай демаган бўлардингиз”, деб насиҳат қилади. Демак, гўзалликни кўра билиш учун кишининг қалби салим ва пок бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, ўзининг гуноҳлардан қорайган қалби­ни кўради, холос.

Нима билан машғулсиз?

Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кў­ришини қандай билса бўлади?

Баъзилар Аллоҳ таоло бандани суйи­шини унга берилган бойлик билан ўл­чайди. Баъзилар эса Аллоҳ фақирлар­ни яхши кўради, шу боис уларнинг ҳисо­бини осон қилиш учун кам мол-мулк берган, дейишади.

Уламолар айтадилар: “Нима билан машғул қилиб қўйилгансиз? Шунга қа­раб Аллоҳ сизни яхши кўрадими, йўқ­ми – билиб олаверасиз. Агар жамият­га фойдасиз ишлар билан овуниб юрган бўлсангиз, демак, Аллоҳдан узоқла­шибсиз. Аксинча, хайрли, савобли, икки оламда сиз ва бошқаларга фойдаси тегадиган ишларни қилиб юрган бўлсангиз, унда билингки, Аллоҳ сизни суюкли бандалари қаторига қўшибди.

Навбаҳор тумани “Арабхона катта”

жоме масжиди имом ноиби

Ҳазрат ИСМОИЛ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг

2023 йил 2-сонидан олинди

Янгиликлар

Top