Ўзбекистон янгиликлари

Ҳашар – элга ярашар

“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади.

2018 йил 18-19 августь кунлари Қурбон ҳайити ва мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти биносида ҳам ҳашар ташкил этилди.

Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи хизматчилар ҳамда 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги узум ишкомлари тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди ҳамда ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари қайта жиҳозланиб, бўялди.

Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган аёл-қиз талабалари томонидан барча дераза ойналари артилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди.

Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ректор в.в.б У.Ходжаев

манба: islaminstitut.uz

Read 5165 times

Янгиликлар

Top