Ўзбекистон янгиликлари

Бу қандай иймон!

Масжид қурилиши авжида. Барча усталар, ҳашарчилар ихлос билан ишламоқда. Ҳашарчи йигитлардан иккитаси ерга қозиқ қоқаётган эдилар. Йигитлардан бири қозиқни ушлаб турар, шериги эса, катта болғани зарб билан қозиқ устига урарди. Бир пайт болғани юқорига кўтарган йигит уни зарб билан қозиққа урмоқчи бўлганида, болға сирпаниб кетиб, қозиқни ушлаб турган йигитнинг қўлига бориб урилди. Қўлига болға урилган йигит қўлини дарҳол бағрига босди-да, «Алҳамдулиллаҳ» деди.

Эътибор берайлик, қўлига болға келиб урилганда, Аллоҳ таолога ҳамд айтяпти. Оғриқ билан оввора бўлиб, Роббисини унутмади. Аксинча, оғриқни унутиб, Роббисини эслади. Эслаганда ҳам Унга ҳамд айтиб эслади. Бу қандай иймон!

Ҳа, азизлар, танаси оғриқ, изтироб ичра турганда ҳам Аллоҳни эслаш, Унга ҳамд айтиш иймон қувватли эканидан далолат!

Мўмин одам хурсандчилик етса, Аллоҳга ҳамд айтади, Унга шукр қилади. Натижада, келган неъмат янада зиёда бўлади.

Мўмин одам мусибат, оғриқ етса ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб, Ундан савоб умидида ўша мусибатга сабр қилади. Натижада, Аллоҳ таоло унинг мусибатини аритиб, сабрига берадиган ажрни кўпайтириб ато қилади.

Энди ўзимизни йигитнинг ўрнига қўйиб кўрайлик! Шундай вазиятда биз қандай йўл тутган бўлардик?! Бундай пайтда тилимизга қайси сўз келган бўларди?!

Ҳар кимнинг жавоби ичида айланмоқда, тўғрими? Ҳар биримиз мазкур саволлларнинг жавобига қараб иймонимизнинг қувватини билиб, унинг нурини зиёда қилишга ҳаракат қилайлик!

Аллоҳ таоло барчамизнинг иймонимизни қувватли, нурини зиёда айлаб, Ўзининг ҳузурига иймон билан боришимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3180 times

Янгиликлар

Top