Ўзбекистон янгиликлари

Қардош халқлар уламоларининг Арофатдаги тарихий учрашуви

20 август куни Саудия Арабистонининг энг табаррук жойларидан бири бўлган Маккаи мукарраманинг Арофат водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон мусулмонлари идоралари вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги консуллиги ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан мулоқот ўтказдилар. Уламолар бир-бирларини Қурбон ҳайити билан муборакбод этиб, энг яхши тилакларни изҳор қилдилар.


Ҳақиқатан, ушбу давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенг қулоч ёйиб бораётир. Айниқса, мазкур мамлакатлар диний идоралари билан алоқалар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш керак. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида самарали натижаларга эришилмоқда. Масалан, Рамазон ойи, икки ҳайит байрамларининг биринчи кунини белгилаш ва намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламоларнинг ҳамкорлиги мўмин-мусулмонларнинг аҳиллигини янда мустаҳкамлади. Шунингдек, ўтган йили Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари ҳамкорлигида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман фикримизни янада қўллаб-қувватлайди.


Арафотдаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган чодирдаги бўлиб ўтган ушбу мулоқотда ҳам мамлакатлар раҳбарлари томонидан бошлаб берилган кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларининг узвий давоми сифати мана шундай учрашувлар ташкил этилгани ҳам алоҳида таъкидланди. Мазкур учрашув тарихий экани ва диний соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиб бораётганини эътироф этилди.
Мулоқотда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, бугунги кундаги турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондиришда кенгашиб ишлаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилди.
Мулоқот якунида мана шундай ҳамкорликларнинг истиқболи ва равнақи йўлида хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3439 times
Tagged under

Янгиликлар

Top