Ўзбекистон янгиликлари

Катта тантанага катта тараддуд

Қувлашиб ўтаётган кунларимиз бизни борган сари Истиқлолимизнинг 27 йиллик тантанасига яқинлаштирмоқда. Бугун республикамизнинг барча қишлоқ ва шаҳарларида ушбу улуғ айёмга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда. Турли хайрия тадбирлари ўтказилиб, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга совға-салом ва моддий ёрдамлар улашилмоқда. Янги қурилган турар жойлар, турли ижтимоий бинолар ва бошқа қурилиш объектлари байрам олдидан фойдаланувчиларга топширишга тайёрланмоқда. Барча идора ва ташкилотларда, мактабларда ва маҳаллаларда байрам муносабати билан таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Доно халқимиз азалдан байрамлар олдидан ҳашар ўтказишни ўзига одат қилиб келган. Бу улкан иш ортида ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва энг асосийси эзгулик ётади.

Юртимиз бўйлаб амалга оширилган улкан ҳашарда Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, юртимиз ободончилигига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Ҳашарда 20 нафар талаба, 20 нафар ишчи-ходимлар иштирок этиб, билим юрти ички ва ташқи худудларини тозалаш билан бирга, билим юртига яқин худудлар: Урганч туман “Шаҳидлар бобо”, “Ҳазрати Шаҳобиддин бобо” масжид ва қабристонлари, Урганч шаҳар “Охун бобо”, “Кўзли ота” масжидларидаги тозалаш ва ободонлаштириш ишларига кўмаклашдилар.

Ҳашарда билим юрти олдидан оқиб ўтувчи захкашнинг икки тарафи тозаланиб, билим юрти ҳовлисидаги 50 дан зиёд мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, оқланди, ошхона, таҳоратхона, ётоқхона, ўқув хоналари тозаланиб, янги ўқув йилига тайёрланди.

О.Одилов

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2590 times

Янгиликлар

Top