Ўзбекистон янгиликлари

Истиқлол муборак!

Ватанимиз мустақиллиги шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон кунлар, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади. 

Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан мана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди.

Мустақиллик! Ушбу биргина сўз замирида қанчадан-қанча аждодларимизнинг асрлар давомидаги орзу ва армонлари, курашлари, эртанги кунга умидлари мужассам. Дарҳақиқат, Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз такдирининг эгаси бўлиб, кадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёткечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Истиқлол йиллaридa жаҳон илм-фани, маданияти ривожига, инсоният маънавияти такомилига улкан ҳисса қўшган  буюк aждoдлaримизнинг бeбaҳo меросини ўрганиш, шу билан бирга, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, беназир кашфиётларининг жаҳоншумул  аҳамияти ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган  ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда.

Ҳозирги кунда ислом дини ва унинг тарихини ўрганишда жуда ноёб бўлган муҳим тарихий манбалар ва асарлар, жумладан, Қуръони карим, Имом Бухорий, Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро ҳикматлари, Марғиноний, Насафий каби алломаларнинг инсонни етукликка чорловчи диний, маърифий, маданий, фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий асарлари ўзбек тилида чоп этилмоқда.

Ҳар бир миллат, xалқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта баxт. Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга сир эмас. Биргина таълимни ривожлантириш учун давлат бюджети харажатларининг 35 фоиздан ортиғи шу соҳага йўналтирилаётгани келажагимиз бўлган ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир. 

Келажак тараққиёти бугунги ёш авлоднинг ақлий  тафаккури, билим тажрибаси ва касбий тайёргарлигига боғлиқ. Ёшларни ҳаётда ўз ўринларини топиши, ўз салоҳиятларини эркин намоён эта олишлари ва уларни иш билан таъминлаш давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.  

Бугун ким билан гаплашманг, суҳбат мавзуси ўз-ўзидан бунёдкорлик ишларига бориб тақалади. Бу табиий, албатта. Чунки сўнгги йилларда юртимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар, кенг ҳамда равон йўллар, мустаҳкам кўприкларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Миллий ва замонавий меъморчиликнинг энг юксак талаблари асосида қурилаётган бундай иншоотлардан биз қанчалик фахрланаётган бўлсак, хорижлик мехмонларнинг уларга ҳайрату ҳавас билан боқаётгани, ўзбек меъморлари маҳоратига тан бераётгани, таъбир жоиз бўлса, биздан ибрат олишга ҳаракат қилаётгани ҳам рост.

Ҳар биримиз ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, иқтисодий бўҳронлар, қирғинбарот жанглар, оломон маданиятининг салбий таъсирларига теран нигоҳ билан назар ташлаб, уларни юртимиздаги тинч-осойишта муҳит, улкан бунёдкорлик ишлари билан муқояса қилишимиз ҳамда шу замин, шу тупроқ, шу эркин ва обод Ватанда яшаётганимиздан бахтиёрлик туйғуларини ҳис этамиз. Орзу ва интилишлари қадр топган, келажагини яратиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган жамиятда умргузаронлик қилаётганимизга шукрона айтамиз.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 152-оятида: “Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”,  деб марҳамат қилган. Шунга кўра бизлар ўзимизда мавжуд бўлиб турган неъматларга шукрона келтиришни ёддан чиқмаслигимиз лозим бўлади. Зеро, ҳикматли сўзда: “Шукр қилиш борини боғлайди, йўғини чорлайди”, дейилган.

 

Раҳматилло УСМОНОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Read 3171 times

Янгиликлар

Top