Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Азҳар университети билан ҳамкорлик ўрнатилади

Ўзбекистон ва Миср Президентларининг кенг доирадаги музокараларида савдо-сотиқ ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу мақсадда мамлакатларимиз имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича катта имконият ва заҳиралар борлигини таъкидлади. Ўзаро савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар ва хизматлар экспортини кенгайтириш бўйича истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон Миср бозорида талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишга тайёрлигини билдирди.

Миср Ўзбекистонга дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, мебеллар, нефть-кимё маҳсулотлари, мармар, тери ва пластик маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш имкониятларини таклиф қилди.

Бу борадаги лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилиш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ишини фаоллаштириш, Ўзбекистон – Миср ишбилармонлар кенгашини ташкил этишга келишиб олинди. Экспорт қилишда транспорт харажатларини камайтириш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Миср туризм соҳасида катта салоҳият ва тажрибага эга мамлакат. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу тармоқ жадал ривожланмоқда. Музокараларда бу соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Мисрдан келадиган сайёҳларни кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Музокараларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳадардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2570 times

Янгиликлар

Top