Ўзбекистон янгиликлари

Маънавий ипак йўли – ҳамжиҳатлик кўприги бўлсин!

Маънавий ипак йўли – ҳамжиҳатлик кўприги бўлсин!

Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف الخلق وسيد المرسلين سيدنا محمد الأمين وعلى آله الطيبين وأصحابه الطاهرين ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين، أما بعد:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Аввало, Сиз азиз қардош биродарларимизга ва муҳтарам меҳмонларга ўзбек халқининг самимий саломларини йўллайман. Мана шундай муҳташам кошонада сиз азиз, қадрдонларим билан “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли нуфузли халқаро анжуманда кўришиб турганимдан чексиз мамнунман.

Ушбу анжуман жуда мураккаб бир даврда, дунёда кескинлик ва қарама-қаршилик авж олган, умумжаҳон халқларини янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган таҳдидлар зўрайган бир паллада ўтказилаётгани унинг юксак амалий аҳамиятини кўрсатади.

Бугунги кунда мусулмон ҳамжамияти таҳликали таҳдидлар билан юзма-юз келмоқда. Муқаддас Ислом динини ёвуз кучлар томонидан фасод ва залолатга ниқоб қилиб унинг мусаффо шаънига путур етказиш ва ёшларни бузғунчи ғояларга эргаштириш йўлидаги уринишлар борган сари ортиб бормоқда.

Мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг ҳамжиҳатликда ишлашлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Оли Имрон сурасида барчани ҳамжиҳатликка чақириб бундай амр этади:

(وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَتَ اللهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا)

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг. Аллоҳнинг устингизга туширган неъматини эсланг! Бир-бирингизга душман бўлганингизда У дилларингизни бирлаштирди ва сизлар унинг неъмати билан биродарларга айландингиз”.

Маълумки, ояи каримадаги «Аллоҳнинг арқони» деган иборадан Қуръони карим тушунилишини муфассирлар баён қилишган. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ حَبْلُ اللهِ

«Дарҳақиқат, бу Қуръон Аллоҳнинг арқонидир». Ислом уммати нажот топиши учун барчаси бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни маҳкам тутишлари лозим. Қачонки бизлар Қуръони каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, шундагина сон-саноқсиз таҳдидлар, замонавий хатарларни енгиб ўтишимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ислом ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги масаласи нафақат мусулмон дунёси, балки бутун жаҳонда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда энг асосий вазифалардан бири бўлиб турибди.

Мусулмон уламоларининг ўзаро ҳамкорлиги ислом оламидаги юзага келаётган муаммолар, келишмовчиликлар ва қарама-қаршиликларни ечишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Муҳтарам йиғилиш қатнашчилари!

Марказий Осиё минтақасида ҳамжиҳатлик фазилатининг юксак даражада тарғиб қилинишини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳудуд тарихан тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик ва тотувлик ҳукм сурган ўлкадир. Шу сабабли бу ўлкадан буюк олимлар етишиб чиққани ва илм-маърифат тараққий этганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенг қулоч ёймоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш керак.

Ўтган Рамазон ойи, икки ҳайит байрамларининг вақтини белгилаш ва намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламолар ҳамкорлиги сўзимизга далил бўла олади. 2017 йили Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари ҳамкорлигида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман ва жорий йилдаги “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форум фикримизни янада қўллаб-қувватлайди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўтган ҳаж мавсумида арафа куни муқаддас Арафот водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон мусулмонлари идоралари вакиллари учрашиб, мулоқот ўтказдилар. Табаррук заминда уламолар бир-бирларини Қурбон ҳайити билан муборакбод этиб, энг яхши тилакларини изҳор қилдилар.

Ушбу мулоқот мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларининг узвий давоми сифатида майдонга келди. Мулоқотда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, бугунги кундаги турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Бундай ҳамкорликнинг истиқболи ва равнақи йўлида хайрли дуолар қилинди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси сиз-азизлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттиришга доим тайёр эканини билдирган ҳолда “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” мавзусидаги халқаро форум ишига улкан муваффақиятлар тилайман.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

 

 

Read 3237 times

Янгиликлар

Top