Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж” зиёратига бориш тартиби қандай?

“Ҳаж”га бориш учун фуқаро доимий яшаш жойидаги маҳалла йиғинига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этади.

“Ҳаж”га боришга номзодлар навбатга қўйилишидан аввал ҳар ойнинг 5 санасидан кеч бўлмаган муддатда суҳбатдан ўтказилади ва сараланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали хабар берди.

Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

- моддий ва жисмоний жиҳатдан Ҳажга қодир бўлиши;

- Ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;

- олдин Ҳажга бормаган бўлиши;

- вояга етган бўлиши;

- маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;

- оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;

- йўлдан адашганларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши;

- маҳалладаги хайрия тадбирларида иштирок этиши.

45 ёшгача бўлган аёлларнинг Ҳажга фақат маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.) билан бирга боришига йўл қўйилади.

Номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида эълон қилинади.

Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар Ҳажга жўнашдан камида бир ой олдин ёзма шаклда почта орқали хабардор қилинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3603 times

Янгиликлар

Top