Ўзбекистон янгиликлари

Мадинадаги Қуръон мусобақасида иштирок этувчи қориларимиз сафарга отланди

Бугун, 3 октябрь куни, соат 08:20да қориларимиз Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.

Ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақада юртимиздан икки нафар иштирокчи ва бир нафар баҳоловчи ҳакам иштирок этади.

Улар:
- Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси мудири катта устоз Жаҳонгир қори Неъматов (баҳоловчи ҳакам);

- Тошкент Ислом институти талабаси, «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов (30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси);

- Кўкалдош ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев (15 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси).

Эслатиб ўтамиз, халқаро мусобақада 82 давлатдан 115 киши иштирок этади. Саудия расмий ОАВ берган маълумотга кўра, Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишлари бўйича қирол Абдул Азиз танлови 26 муҳаррамда (6 октябрь) бошланиб, сафар ойининг биринчи кунигача (11 октябрь) давом этади.

Вакилларимизнинг иштирок этиш санаси қуръа ташлаш йўли билан аниқланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3337 times

Янгиликлар

Top