Ўзбекистон янгиликлари

ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА

 Ўзбекистон «Ислом мамлакатларининг стандартлар Устави»ни ратификация қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари 27 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисда 3 та халқаро шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқдилар.

Хусусан, “Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истанбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставига киритилган тузатишни (Абиджан, 2017 йил 10-11 июль) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлари сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Аграга борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Агра шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон делегацияси аэропортда тантанали кутиб олинди.

Президентимиз бу ерда жаҳонга машҳур Тож маҳал обидасини бориб кўради.

 

Андижонда "Энг маърифатли имом" танлови ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғига асосан Андижон вилояти имом хатиблар ва имом ноиблари ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг шаҳар ва туман босқичи бўлиб ўтди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуни хулосасига кўра Андижон вилоятидаги барча шаҳар ва туманларидан ҳар биридан биттадан ғолиб аниқланди ва “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг Андижон вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.

Ушбу кўрик танловда вилоят бўйича жами 181 нафар имом хатиб ва 62 нафар имом ноиблари ўзаро беллашдилар. 

 

Мадинадаги Қуръон мусобақасида иштирок этувчи қориларимиз сафарга отланди

3 октябрь куни, соат 08:20да қориларимиз Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли мусобақада юртимиздан икки нафар иштирокчи ва бир нафар баҳоловчи ҳакам иштирок этади.

- Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси мудири катта устоз Жаҳонгир қори Неъматов (баҳоловчи ҳакам);

- Тошкент Ислом институти талабаси, «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов (30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси);

- Кўкалдош ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев (15 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси).

 

Таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов вафот этди

4-октябр куни, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов табаррук 70 ёшда вафот этди.

 

Сурхондарёда йирик исломий тадқиқот маркази қурилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Термиз шаҳрида Имом ат-Термизий номидаги илмий тадқиқот маркази, 2500 ўринга мўлжалланган масжид, 138 ўринли меҳмонхона ҳамда оталар чойхонаси, шунингдек,имомлар учун 5 та икки қаватли турар жойлар ва бошқа бир неча хизмат кўрсатиш иншоотлари бунёд этилмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.

 

"Туризм Ипак йўлида” халқаро туризм ярмаркаси ўтказилмоқда

Жаҳон халқаро майдонларида Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида, Тошкент шаҳрида 2018 йил 3-5 октябр кунлари ўтказилаётган “Туризм Ипак йўлида” 24-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Тошкент шаҳрининг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва жаҳон майдонида муносиб иштирок этиш учун «Tashkent City» стенди билан Тошкент шаҳар хокимияти иштирок этмоқда. 

 

Мадинада ўттиз йилда ёзилган Қуръон намойиш этилди

Мадинадаги Муқаддас Қуръон музейида Қуръони каримнинг ажойиб нусхаси намойиш этилди. Бу ҳақда IslamTodayга таяниб Azon интернет нашри хабар берди.

Покистон Ислом Республикасидан олиб келинган бу Қуръон китобининг ўзига хослиги шундаки, у тамомила матога тикиб ёзилган. Китобни 1987 йилда покистонлик Насим Ахтар “ёза” бошлаган ва ишни жорий йилдагина тамомлай олди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3309 times

Янгиликлар

Top