Ўзбекистон янгиликлари

Умрага борувчилар диёримиз бўйлаб зиёратга чиқдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси маҳаллий фуқароларни юртимиздаги қадамжолар ва табаррук масканлар бўйлаб, кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишларини ташкил этиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрсида”ги қарорида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида ички туризмни ривожлантириш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун, 7 ноябрь куни “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги умра зиёратига отланган фуқароларимизни заминимиздаги азиз авлиёларнинг қадамжолари ва осори атиқаларига зиёратларини уюштирди. Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойларига зиёратлар ташкил этилди.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган нуроний отахонлар ва онахонлар энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган эҳтиромдан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди. Юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги бундан-да зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан тилаб дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонда 7300 дан ортиқ қадимий обидалар мавжуд, 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмасининг мана шундай эзгу ташаббуслари давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2455 times

Янгиликлар

Top