Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди Ислом банки билан ҳамкорлик қилади

Бугун, Ислом тараққиёт банкининг исломий молиялаштириш бўйича департаменти директори Восим Абдулваҳҳоб жаноблари бошчилигидаги делегация Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонлар “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан мулоқот ўтказди.
Искандар Халилов “Вақф” фонди ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган хайрия тадбирлари ҳамда ташкилий ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Восим Абдулваҳҳоб жаноблари “Вақф” фонди томонидан олиб борилаётган ишларга катта баҳо бериб, Ўзбекистонда исломий молиялаштириш ва “Вақф” қонунчилигини ишлаб чиқишга яқинда кўмак беришларини алоҳида қайд этди. Шунингдек, меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Ҳақиқатан, жаҳон тажрибасида исломий тамойилларга асосланган молиялаштириш механизмлари, банк амалиёти ва вақф тизими изчиллик билан ривожланиб бормоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизимни илмий-амалий ўрганиш ва амалиётга тадбиқ қилиш бўйича жадал хатти-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ислом тараққиёт банки вакиллари, юртимиздаги банк ва молия мутахассислари, “Вақф” фонди раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мана шундай амалий ҳамкорлик ишлари, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2537 times

Янгиликлар

Top