Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада Ислом молияси бўйича семинар ўтказилди

Бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган исломий молия ва савдо асослари Ўзбекистонда ҳам кенг ёйилиш арафасида турибди. Бу ишга халқаро ташкилотлар, жумладан, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро исломий савдо молия корпорациясининг яқиндан кўмаги ушбу йўналишдаги ишлар ташкил этилишига катта хизмат қилмоқда. Бу йўлда турли ҳамкорлик шартномалари, келишувлар, меморандумларнинг имзоланиши мўмин-мусулмонларнинг исломий банк хизматларидан фойдаланиш имконини беради.

Кеча, 15 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат фонди, Халқаро ислом академияси ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Исломий молия ва вақф ишлари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Халқаро молиявий ташкилотлар билан ишлаш департаменти, “Вақф” фонди ва Халқаро исломий савдо молия корпорацияси вакиллари мавзу доирасидаги долзарб маърузалари билан иштирок этдилар. Ушбу семинарда соҳа мутахассислари, диний ходимлар ва талаба-ёшлар қатнашдилар. Семинарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ушбу семинарда иштирок этган хорижлик мутахассислар инглиз ва рус тилларида исломий молий, савдо ва банк тизими ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бериб ўтдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3464 times

Янгиликлар

Top