Ўзбекистон янгиликлари

Ёғаётган ёмғир-қор истисқо намози фазилатидан

Нимага эҳтиёжи бўлса Аллоҳ таолодан сўраган бандалар нақадар бахтиёр инсонлардир. Аммо Раббимизга ҳожатмандликнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари бор. Масалан, юртдан сув тортилиб кетса, истисқо намози ўқиб ёмғир-қор сўралади.
Истисқо намози инсониятнинг ўзи қадар қадимий дейилса, хато бўлмас. Чунки манбаларда Сулаймон алайҳиссаломнинг истисқо намози ўқишни ният қилиб, умматини далага эргаштириб бораётиб, йўлда чалқанча ётганча Аллоҳдан ёмғир ва барака сўраётган чумолини учратганлари, Мусо алайҳиссалом бани Исроил билан саҳрода адашиб қолганларида Аллоҳдан сув сўраб илтижо қилганлари ва бошқа шу каби ҳодисалар келтирилган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаҳатчиликдан шикоят қилишди. У зот намозгоҳга (Мадина ташқарисидаги ҳайит намози ўқиладиган ялангликка) минбар ўрнатишга буюрдилар, минбар ўрнатилди. Одамларни у ерга чиқишлари учун бир кунни белгиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш эндигина чиқа бошлаган пайт чиқиб бордилар. Минбарга ўтирдилар, сўнг Аллоҳ таолога такбир ва ҳамду сано айтдилар, сўнгра: «Сизлар менга ёмғир ўз вақтида ёғмаганлигидан ва қурғоқчиликдан шикоят қилдингизлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларни ўзига дуо қилишга буюрган ва қилган дуоларингизни ижобат қилишни ваъда берган» дедилар. Сўнгра: «Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (қиёмат) кунининг эгаси – подшоҳи бўлмиш ёлғиз Аллоҳ учундир. Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқдир. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. Эй Аллоҳ, ўзингдан бошқа ибодатга ҳақли илоҳ йўқ ва Сен бошқалардан беҳожатсан, биз эса ҳожатманд, муҳтож бандаларингмиз. Бизларга ёмғир ёғдир ва ёғдирганинг ёмғирни бизларга маълум муддатгача қувват ва дармон қилгин», дедилар. Сўнгра қўлларини баланд кўтариб дуо қилиб турдилар, ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди. Кейин одамларга орқаларини қилиб қибла тарафга томон бурилдилар, устларидаги ридоларини ўгирдилар ёки чаппасига қилиб кийиб, қўлларини кўтариб дуо қилдилар. Сўнгра одамларга юзландилар ва минбардан тушиб икки ракъат намоз ўқидилар. Аллоҳ таоло бир булутни пайдо қилди, момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб, Аллоҳнинг изни билан ёмғир ёғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига етиб улгурмасларидан ҳамма ёқ сел бўлиб оқди. Одамларнинг паналарга шошаётганларини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто тишлари кўринди, кейин: «Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир ва Мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман деб гувоҳлик бераман», дедилар.
Мусулмонлар ана шу ҳадиси шарифдан ўзини хору ҳақир, ночору нотавон тутган ҳолда ялангликка чиқиб,истисқо намозини ўқишлари ва намоз ортидан Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиб ёғингарчилик сўрашлари дуруст эканини ўрганиб олганлар.
Мавлид ойида ушбу ҳадиси шарифга амал қилган муфтий ҳазратлари шу ҳафта аввалида Қорақалпоғистон сафари давомида Мўйноқ туманининг энг олис ҳудудига бориб, ёмғир-қор ва серобчилик бўлишини сўраб, мўйсафид отахонлар билан истисқо намозини адо этган эдилар.
Парвардигоримизнинг марҳаматини қарангки, истисқо намози ўқилгандан бир неча кун ўтар-ўтмас бутун диёримиз бўйлаб, ёмғир-қор ёғди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилишнинг қанчалик фазилатли, манфаатли эканининг исботига дуолар қабул бўладиган мавлид ойида яна бир ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уламолар ўзларининг меросхўрлари эканини айтганлар. Шундай экан, Аллоҳ таолодан элу юртимизга тинчлик, хотиржамлик ва қут-барака сўраб берадиган олиму уламоларимизни ҳар қанча эъзозласак кам.
Парвардигоримиз ана шу ёғаётган ёмғир-қорларни барча мўмин-мусулмонлар, жамики юртимиз аҳлига; далаларимизга, чорвамизга бағоят манфаатли қилсин; муфтий ҳазратларининг илмларини янада бойитиб, фазилатларини бундан-да зиёда этсин!


Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 2906 times

Янгиликлар

Top