Ўзбекистон янгиликлари

Хайрия карвони орқали самарқандликларга қувонч улашилди

24 ноябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Самарқанд вилоятида  “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ташкил этилди.

Самарқанд шаҳридаги “Зилол Бахт” тўйхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги, "Вақф" хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳодимлари ва бошқа мутасадди шахслар билан биргаликда “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир алоҳида тайёргарликлар асосида олиб борилди. Дастлаб Қуръони карим тиловат қилинди. Йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига биноан ташкил этилган "Вақф" хайрия жамоат фонди фаолияти, мақсад ва вазифалари, ташкил этилган хайрия ишлари ҳақида маълумот берилди. 

Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, улар орасидан 16 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди. Тақдимот ишида вилоятдаги устоз домлалар яқиндан кўмак бердилар. Шунингдек, устоз домлалар ҳам фонднинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Тадбир давомида хизмат вазифаларини самарали ўтаб келаётган 285 нафар имом-хатибларга рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблар тақдим қилинди. Тадбир сўнгида иштирокчилар қилинган эҳсонлардан мамнун бўлишиб, дуои хайрлар қилишди.

Хайрия тадбири сўнгидан ташкилотчилар Самарқанд шаҳридаги "Саховат уйи" ҳамда Ургут туманидаги "Мурувват уйи" учун жами 5 дона ногиронлик аравачаси ҳадя этдилар.

Амалга оширилган хайрия тадбири учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фондига ўзимизнинг чуқур миннатдочилигимизни билдирамиз.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Read 2465 times

Янгиликлар

Top