Ўзбекистон янгиликлари

«Wilmotte & Associés» Ислом цивилизацияси марказини қуришда иштирок этади

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ўринбосари Ботир Зокиров бошчилигидаги делегация Париж шаҳрида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биносини қуриш бўйича «Wilmotte & Associés» компанияси билан музокаралар олиб борди.
Француз компанияси билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази концепциясининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек бино лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу меъморий ансамблнинг ички дизайнини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, мажмуа кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.
«Wilmotte & Associates» компанияси бош директори Борина Андриунинг айтишича, Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказини яратиш бу халқаро миқёсдаги йирик ва аҳамиятли лойиҳа ҳисобланади.
“Ўзбекистонда бундай кенг миқёсли лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Айнан Ўзбекистонда буюк ислом олимлари ва уламолари яшашган ва ижод қилишган. Шунинг учун аҳоли ва халқаро жамоатчиликка исломий маърифатни ўргатиш, сизларнинг буюк аждодларингиз мероси билан хабардор қилишда катта аҳамият касб этадиган бундай лойиҳада иштирок этиш биз учун катта шарафдир”, – деди компания раҳбари.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Read 2376 times

Янгиликлар

Top