Ўзбекистон янгиликлари

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг ўттизинчи, ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг

Хайрия карвони орқали самарқандликларга қувонч улашилди

Самарқанд шаҳридаги “Зилол Бахт” тўйхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги, "Вақф" хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳодимлари ва бошқа мутасадди шахслар билан биргаликда “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди. Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, улар орасидан 16 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди. Хайрия тадбири сўнгидан ташкилотчилар Самарқанд шаҳридаги "Саховат уйи" ҳамда Ургут туманидаги "Мурувват уйи" учун жами 5 дона ногиронлик аравачаси ҳадя этдилар. 

«Wilmotte & Associés» Ислом цивилизацияси марказини қуришда иштирок этади

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ўринбосари Ботир Зокиров бошчилигидаги делегация Париж шаҳрида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биносини қуриш бўйича «Wilmotte & Associés» компанияси билан музокаралар олиб борди. Француз компанияси билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази концепциясининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек бино лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу меъморий ансамблнинг ички дизайнини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Қирол Салмон бин Абдулазиз Президент Шавкат Мирзиёевни Саудия Арабистонига таклиф қилди

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Улуғбек Мақсудов Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ал Саудга ўз ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди. Ар-Риёз шаҳридаги ал-Ямама подшоҳлик саройидаги тантанали маросимдан сўнг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ал Сауд билан суҳбат бўлиб ўтди.Подшоҳ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг чуқур эҳтиромини етказиб қўйишни сўради ва мамлакатимиз раҳбарини ўзига қулай бўлган вақтда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Муфтий ҳазрат Хоразм вилоятидаги Янги масжид ҳамда мадрасага ташриф буюрди

 28 ноябрь куни 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий ҳазратлари вилоятга ташрифни янги «Ниёз Муҳаммад Охунд бобо» жоме масжиди билан танишишдан бошладилар. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинган. шундан сўнг муфтий ҳазрат Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб,  устоз ва талабалар билан яқиндан мулоқот қилдилар.

"Вақф" фонди бир кунда иккита хайрия лойиҳасини амалга оширди

Жорий йилнинг 28 ноябрь Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли олий таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш бўйича хайрия акциясининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир давомида республикадаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож  145 нафар талаба ёшларнинг 1 миллиард 244 миллион сўмга яқин тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилганини ҳақидаги сертификат Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Қаландаровга тантанали равишда топширилди. Шу куни Наманган вилоятида "Никоҳ тўйлари" акцияси доирасида икки никоҳ ҳамда 13 та ақиқа тўйлари ўтказиб берилади. Эслатиб ўтамиз “Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!

 

Қирғизистоннинг яна бир ҳудудида спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Ақчий туманида жойлашган Ақсу қишлоғида спиртли ичимликлар билан савдо қилиши тақиқланди. Маълум бўлишича, қишлоқдаги бешта дўкондан иккитасида спиртли ичимликлар савдоси анча олдин тўхтатилган. Маҳаллий аҳоли пул йиғиб қолган дўконлардаги ичимликларни сотиб олди ва йўқ қилди. Бунинг учун 100 минг сўм (1,4 минг АҚШ доллари) сарфланди. Айни пайтда қишлоқда яшовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, қишлоқдаги аксар муштлашувлар ва оилавий жанжаллар айнан ичкилик туфайли содир бўлаётгани таъкидланмоқда. Бундан аввал вилоятнинг бир нечта қишлоқларида ҳам спиртли ичимликлар савдоси тўхтатилган эди.

 

Германияда тўртинчи Ислом анжумани ўтказилади

Жорий йилнинг 28−29 ноябрь кунлари Германия Федератив Республикаси пойтахти Берлин шаҳрида тўртинчи бор Немис Ислом анжумани ўтказилади. ташкилотчиларнинг таъкидлашича бу сафар ўтказиладиган андуман бошқача шаклда ташкил этилади. анжуманда 240 нафар иштирокчи қатнашади. Тадбирни Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер очиб беради. Анжумандан кўзланган мақсад мусулмон мигрантларнинг немис жамиятига интеграциялашуви билан боғлиқ муаммоларга ечим топишдир.

 

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2593 times

Янгиликлар

Top