Ўзбекистон янгиликлари

Ногиронлиги бўлган инсонларнинг кўнгли олинди

Жорий йилнинг 3 декабрь куни “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан имконияти чекланганлар (кўзи ожизлар, эшитиш ва гапириш қобилияти суст ва ногиронлар) учун “Кўҳинур” тўйхонасида тадбир ва байрам дастурхони ташкил қилинди. Тадбирда 400 яқин ногиронлиги бўлган инсонлар қатнашди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкаси ҳузуридаги Диний ишлар бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан очиб берди. Жамиятимизнинг ҳар бир қатлами Президентимизнинг эътиборларида эканлигини қайд қилиб, олиб борилаётган диний-маърифий тадбирларни бошқа вилоятлардаги имконияти чекланганларга ҳам ўтказиш зарурлиги айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шухрат Турдиқулов ногиронлиги бўлган инсонларга уй-жой билан таъминлаш масалаларида кўрсатилаётган ёрдам ҳақида маълумот бердилар.

“Ҳилол-нашр” нашриёти директори Исмоил Муҳаммад Юсуф имконияти чекланганларга юртимизда кўрсатилаётган ғамҳўрликни эътироф этиб, нашриёт томонидан чиқарилган эшитиш ва гапириш имконияти суст инсонлар учун “Поклик ва намоз” сурдо таржимонли диск ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Мўминнинг мерожи” китоби, кўзи ожизларимиз учун “Намоз ва поклик” аудиодиски ва ногиронлиги бўлганларга эса Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар”, “Васатия йўли”, “Имон” дисклари тақдим этилди.

Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида шу вақтга қадар имконияти чекланганларга 120 дан ортиқ диний-маърифий суҳбатлар ташкил қилинди, шунингдек “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан  ногиронлиги бўлган инсонлар кўнгли олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2189 times

Янгиликлар

Top