Ўзбекистон янгиликлари

Умра зиёрати: Юртдошларимиз мамнунияти

Аввал хабар берганилганидек, Умра ибодатига борувчилар энди фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.

Жорий йилнинг 28 ноябрь санасида Фарғона вилояти зиёратчиларидан иборат бир гуруҳ юртдошларимиз Умра сафарига жўнаб кетган эдилар. Улар дастлаб, Мадинаи мунаввара шаҳридаги муқаддас жойларни зиёрат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак масжидларида ибодатларни адо этиш шарифига муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда гуруҳ раҳбари (Марғилон шаҳридаги «Зиё» масжиди имом-хатиби) Ҳасанбой Юсупалиев хабар берди.

– "Биз Мадинаи мунавварага етиб келдигу, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларига кўзимиз тушган заҳоти барчанинг кўзига ёш келди. У зотнинг равзаларида жам бўлган ҳолда салавот ва саломлар айтар эканмиз, қалбимиздаги ҳаяжон ва хурсандчиликни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Қолаверса, юртимиздан келган зиёратчилар учун ҳукуматимиз томонидан яратилган шароитлардан барча мамнун. Зиёратчиларимиз шундай шарт-шароитларни ҳозирлаган ҳамда бу борада тиним билмай хизмат қилаётган мутасаддилар, айниқса, Юртбошимиз ва юртимиз тинчлиги барқарор бўлишини сўраб дуо қилмоқдалар", - дейди гуруҳ раҳбари Ҳасанбой Юсупалиев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2408 times

Янгиликлар

Top