Ўзбекистон янгиликлари

“Дин ва ҳаётга оид саволлар” онлайн расмий канал ишга тушди

Ислом – илм-маърифат дини. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони карим оятларида 811 маротаба илмга ундаш бор. Ҳадиси шарифда: “Илмни талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимига фарздир”, - деб таъкидланган (Ибн Можжа ривояти).

Инсон ўзи билмаган нарсасини уламолардан сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, – дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бир неча ойдан бери мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалаларига илмий ва асосли жавобларни туну кун “@SavollarMuslimUzBot” ва savollar.muslim.uz сайти орқали тақдим этиб келмоқда. Ҳар куни 110-120 дан, ҳафтасига 700-750 та, ойига эса 3500 тага яқин турли мавзудаги саволлар келиб тушмоқда. Саволларга кучли уламолардан иборат бўлган Фатво ҳайъати аъзолари томонидан жавоблар бериб келинмоқда.

Ҳаттоки, саволлар қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон фуқароларидан, шунингдек, АҚШ, Россия каби хорижий давлатларда меҳнат қилаётган ўзбек ватандошлар томонидан ҳам келиб тушмоқда.

Мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, Фатво ҳайъати тамонидан “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли расмий @diniysavollar телеграмм канали ишга тушди ва саволларга қулай услубда жавоб олиш имконияти йўлга қўйилди. Бунинг учун savollar.muslim.uz сайти ёки телеграмдаги “@SavollarMuslimUzBot”ига савол йўллаш кифоя қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3638 times

Янгиликлар

Top