Ўзбекистон янгиликлари

Имом хатибларимиз Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва бошқа диққатга сазовор жойларга ташриф буюрдилар

Самарқанд бош имом хатиби З.Эшонқулов бошчилигида Самарқанд шаҳри ҳамда Самарқанд тумани имом-хатиблар вилоятимизнинг қатор диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдилар.

Дастлаб, “Имом Бухорий” мажмуаси зиёрат этилди. Кейин эса мажмуа ёнида қад кўтарган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишилди. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мазкур иншооатлар билан танишиб, ушбу маскан бизга буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, маънавият, маърифатни тарғиб этишини таъкидлаган ва бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукрулло Умаров давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ва ҳадис илми мактабининг яратилиш тарихи, бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг буюк аждодимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди.

Имом-хатибларга марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Марказ ёнида бунёд этилган Ҳадис илми мактабида тингловчилар учун яратилган шароит, бу ердаги ўқув жараёнларнинг замонавий ахборот технологияларига асосланганлиги имомларда катта таассурот қолдирди.

Шу куни “Махдуми Аъзам” ҳамда “Хўжа Донёр” зиёратгоҳларига ҳам ташриф буюрилди.

 

   

Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 2601 times

Янгиликлар

Top