Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги “Сурдо-онлайн” маърузасини дунё эътироф этмоқда

Ўлкамизда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ва муаммоларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам бериш ишлари олиб борилмоқда.

2017 йил 1 августдаги Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида маърифий тадбирлар ҳар бир ҳудудда ўтказилиб келинмоқда.

Бу каби юксак эътибордан мамнун бўлган юртдошларимиз ташкил этилаётган тадбирлардан ўзлари учун илм-маърифат ва катта манфаат топаётганларини кўзда ёш ила изҳор қилмоқдалар.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин”, Тошкент вилоятидаги “Марказий” ва Самарқанд вилоятидаги “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидларида илк маротаба сурдо таржимони ёрдамида диний маърузаларни етказиш бўйича инновацион лойиҳа йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда бир неча мутасадди ташкилотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита яқиндан кўмак бермоқда.

Ушбу хайрли ташаббус нафақат МДҲ мамлакатлари доирасида, балки бутун мусулмон оламида ҳам ўзига хос янгилик, деб баҳоланиб, катта акс-садо бермоқда. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, жума маърузаларини сурдо тилига таржима қилиш амалиёти ҳақидаги хабар турли оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, хурсандчиликларга сабаб бўлди. Жумладан, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ушбу лойиҳага ижобий муносабат билдириб, хайрли ишларнинг бардавом бўлишига умид билдирмоқдалар.

Айниқса, маҳаллий uza.uz, kun.uz, daryo.uz, podrobno.uz, upl.uz, azon.uz, islom.uz сингари сайтлар ҳамда хориждаги islam-today.ru, mail.ru, golosislama.com, sputniknews.ru, mynamaz.ru, ansar.ru, time-namaz.ru, ru.iqnanews.ru, centralasian.org, aloqada.com, news.tj, utro.news каби хорижий веб сайтларда кенг ёритилди. Ҳатто ozodlik.org сайтида ҳам ижобий баҳоланди.

Жами бўлиб 25 та нуфузли интернет нашри Ўзбекистондаги мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Масалан, islam-today.ru сайтида “Проповеди с сурдопереводом впервые прошли в мечетях Узбекистана” номли мақола эълон қилинган бўлиб, унда жоме масжидларда сурдо таржимони ёрдамида диний маърузаларни етказиш бўйича инновацион лойиҳа йўлга қўйилганини батафсил ёритилган.

Маълумки, дунё миқёсида 650 миллион ногирон бўлса, уларнинг 320 миллион нафари заиф этишувчилар ва сўзлаш имкониятидан маҳрум шахслардир. Республикамизда эса 30 мингга яқин мана шундай фуқаролар истиқомат қилади. Шундай кишилар билан муттасил ишлаш икки йилдирки, Давлатимиз раҳбари сиёсатида устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда миллий имо-ишора тилини ривожлантириш жуда ҳам зарур. Эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишиларнинг маънавий оламини бойитиш учун диний-маърифий адабиётларни чоп этиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Жумладан, диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш, аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, шунингдек, мулоқот тадбирларини ўтказиш учун алоҳида бино ажратиш, диний телекўрсатувларга сурдо таржимонларини бириктириш ва алоҳида сайт ташкил қилиш бўйича хайрли ишлар режалаштирилгани барчани мамнун этмоқда.

Ушбу сурдо-онлайн инновацияон лойиҳаси орқали юзлаб диний-маърифатдан четда қолаётган кишиларга шодлик улашилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деб марҳамат қилганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Ҳа, шундай эзгуликлар орқали қанчадан‑қанча кўнгиллар обод бўлиб, маърифат зиёси билан зийнатланди, десак асло муболаға бўлмайди.
Хулоса, бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3224 times

Янгиликлар

Top