Ўзбекистон янгиликлари

Бир кунда ҳам фармон, ҳам қарор чиқди

Ўтган ҳафтада халқимиз республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун ниҳоятда муҳим бўлган иккита муҳим янгилик билан танишди. Улар: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори бўлди. Ушбу иккита муҳим ҳужжат, халқимизни, зиёлиларимизни, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ноширларни жуда ҳам мамнун қилди.
Бу мамнуниятнинг сабаби шундаки, фармоннинг кириш қисмида айтилганидек, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим шаклланмаган.
Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган эди. Ваҳоланки, матбуот хизматларининг асосий вазифаси жамоатчилик билан ишлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишдан иборатдир. Бунинг сабаблари кўп ва улар ушбу фармон ва қарор асосида бартараф этилади деб умид қиламиз.
Хўш, ўша кўп дейилган сабаблар қайсилар? дерсиз. Биринчиси, давлат сирларига дахл қилиб қўйишдан чўчиш; иккинчиси, соҳа раҳбариятининг ошкораликка мойил эмаслиги; учинчиси, нотўғри гапни айтиб қўйиб, ишдан айрилиб қолишдан чўчиш, эҳтиёткорлик; тўртинчиси, лоқайдлик, ўзига ўзи чегара ўрнатиб олиши ва бошқалар.
Аммо Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов ва Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова фаол равишда ОАВ билан ишлагани, журналистлар берган саволларнинг барчасига баҳоли қудрат жавоб берганлари туфайли матбуот котиби сифатида ўзларини намоён эта олдилар. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз аҳолиси уларни матбуот котиби сифатида танийди.
Фармоннинг 2-бандида Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи, унинг номини Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежига ўзгартирган ҳамда амалдаги молиялаштириш тизимини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тасарруфига ўтказилиши айтилгани ҳам айни муддао бўлди. Негаки, бугунги кунга келиб матбаа-ноширлик соҳаси тобора ривожланиб бормоқда ва ёш кадрларга бўлган талаб ҳам шунга муносиб равишда юксалиб бораверади.
Фармоннинг 3-бандида Агентликнинг вазифалари ҳақида сўз борган ва биринчи бўлиб фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган.
Бинобарин, Бош қомусимизнинг 29-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга...” дейилган. Лекин айни чоқда айрим юртдошларимиз ушбу моддадан фойдаланган ҳолда ўзининг мустақил фикрини айтиш ва истаган ахборотни талаб қилиб олиш ҳуқуқидан фойдалана олмаётгани ҳам бор гап. Агентлик ана ўшандай фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаши демократик жараёнларнинг бундан-да жадаллашишига, халқ ҳокимиятининг янада тезроқ ўрнатилишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Зотан, Ислом таълимотига кўра, ҳар бир киши одоб-ахлоқ доирасида ўз фикрини тақдим қила олади. Бунга тарихда мисоллар жуда ҳам кўп. Айниқса, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, Ҳорун ар-Рашид, Маъмун кабилар, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур каби ҳукмдорлар ҳақида ўқиган китобларимизда уларнинг ҳар бирининг оддий халқ билан қанчалар самимий суҳбатлашгани, уларнинг насиҳатларига амал қилганларидан хабар топганмиз.

Ушбу бандда хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш масаласининг таъкидлангани хорижий тилларни биладиган ижодкорларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, чет эллардаги элчихоналаримизнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзбек ва ўша мамлакат (айтайлик, улар Олмония ёки Эрон ёхуд бошқа бирор мамлакат бўлиши мумкин) тилида оммабоп журналлар, электрон нашрлар ташкил этишни талаб қилади.
Шунингдек, Агентликка давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш вазифаси ҳам юклангани бу борадаги ишларнинг янада самарали бўлишини таъмин этади.
Президент қарорида босма маҳсулотлар ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи ташкилотлар рўйхатини қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда уларни тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилгани босма нашрлар раҳбарларининг кўнглидаги гап бўлди.Чунки кўплаб ташкилотларга босма нашрларни бепул тарқатиш баъзи нашрларга оғирлик қилиб қолганидан соҳа ходимлари яхши хабардор.
Юртбошимизнинг 2 февраль куни чиқарган фармони ва қарори замирида ҳам сўз ва ахборот эркинлигини янада такомиллаштириш асносида давлат ва халқ орасидаги масофани янада яқинлаштириш, мамлакатимизда чинакам халқ ҳокимиятини барпо этиш каби олийжаноб мақсад барқ уриб турибди.
Умид қиламизки, эзгу ниятлар билан ташкил этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Давлатимиз раҳбарининг ана шу орзулари амалга ошишига кўмакдош бўлади.


Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 2681 times

Янгиликлар

Top