Ўзбекистон янгиликлари

“Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидининг атрофини ободонлаштириш ишлари давом этмоқда
2017 йилнинг 26 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
 
Давлатимиз раҳбари “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни яна-да юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар.
 
Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар асосида бу ерда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
 
11.JPG
 
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган.
 
12.JPG
 
Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан эл 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошланди. 1998 йил бошида масжиднинг хонақоҳ қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади.
 
14.JPG
 
– Мустафоқул яъни Сузук ота падари бўлмиш Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – У кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш, обод қилиш учун туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ҳамда яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берган. Кенг оммага илм ва ҳунар ўргатган. Мазкур маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи, деб ҳам аташган. Кейинчалик бу маҳаллага кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота номи берилган. Ҳозир ҳам маҳалла аҳолиси ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик билан шуғулланади.
 
17.JPG
 
Таъкидланишича, мазкур маҳалла тор кўчалардан иборат маскан эди. Бу ерда Сузук отанинг мақбараси борлигини кўпчилик билмаган. Ҳозирги кунда Туркияда унинг муридлари яшайди. Мана шу маскан фойдаланишга топширилса, улар Сузук отани зиёрат қилгани келади. Нафақат Туркия балки бутун дунёдан зиёратчилар оқиб кела бошлайди.
 
20.JPG
 
“Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиб Аюбхон Суфиевнинг сўзларига кўра, Президентимиз топшириғи билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Унинг хонақоҳи 2 минг кишига мўлжалланган. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, бу ерда 30 та ҳунармандлар уйи ва улар учун устахоналар қурилди. Ҳозирда йўлларга асфальт ётқизилиб, автомобиль тураргоҳи тайёрланмоқда. Тез орада мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш ишлари якунланади.
 
23.JPG
 
30.JPG
 
35.JPG
 

 

Хуршид Қодиров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 3254 times

Янгиликлар

Top