Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат наманганлик намозхонлар билан учрашди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятида меҳнат қилаётган имом-хатиблар билан мулоқот ўтказиш, аҳоли билан яқиндан суҳбат қилиш ва намозхонлар билан самимий учрашувлар ўтказиш мақсадидаги хизмат сафарлари давом этмоқда.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоят жоме масжидларида намозхонлар билан бўлиб ўтган учрашувларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу бериб, мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари имом-домлалар билан мулоқотда, ҳар бир имом-хатиб ўз устида мунтазам ишлаши, замон билан ҳамнафас яшаши, ижобий ўзгаришлар ва дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, имом-хатиблар халқ билан ишлашда нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда имом-хатибларнинг вазифалари нималардан иборатлигини сўзлаб бердилар.
Учрашувларда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом дини таълимотларини кенг тарқатиш асосий мақсад эканини изоҳладилар. Бундан ташқари ҳудудлардаги муаммо ва камчиликларга катта эътибор қаратиш, ечими бўйича изланишлар олиб бориш, иш фаолиятларни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар бердилар.
Наманган вилояти сафари давомида Чуст, Косонсой ва Уйчи туманларидаги табаррук қадамжолар зиёрат қилинди. Ушбу масканларда Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби ўтганлар руҳига бахшида этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2940 times

Янгиликлар

Top