Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиб ташаббуси: имконияти чекланганлар учун ибодат ва зиёрат

Хабарингиз бор, ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони мавжуд кишилар учун диний-маърифий йўналишда алоҳида тизимли ишлар олиб бориляпти.

Самарқанд вилоятидаги “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжиди мазкур ҳудуддаги имконияти чекланган фуқаролар ташриф буюрадиган зиё масканига айланган. 

Улар ҳам энди мавъизадан баҳраманд бўляптилар

Масжидда жума намози вақтида мавъизанинг алоҳида сурдо таржимаси узатилади.  Хабарингиз бор, “Вақф” хайрия жамоат фонди кўмагида Surdo online лойиҳаси доирасида ҳозирда Ўзбекистондаги 11 та масжидда жума мавъизаларининг махсус сурдо таржималари мониторларда кўрсатилиб борилмоқда. “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидида ҳам жума намозидан сўнг намозхонлар масжид имом-хатиби Ёқубжон домла Мансуровга яратилаётган шарт-шароитлар учун кўпдан-кўп миннатдорчиликлар билдирадилар. Дин тўғрисидаги саволларини берадилар (таржимон ёрдамида албатта).

 

 

Якшанбани орзиқиб кутадилар

Ҳафтанинг ҳар Якшанба кунлари эса режага мувофиқ алоҳида мавзулар бўйича диний-маърифий суҳбатлар ўтказилади. Суҳбатларда ислом асослари: иймон, поклик, намоз арконлари, ижтимоий масалалар, оилада эр ва аёлнинг вазифалари, қўшничилик муносабатлари, илм олишнинг фазилатлари ва бошқа мавзуларда олиб борилади. Бунинг учун тажрибали имом-хатиблар жалб этилган.

 

 

Кўзлари маъно ва саботга тўла бу кишиларнинг  ҳали ҳеч қаердан англамаган ояти карима, ҳадиси шарифларни, салафи солиҳлар ҳаётидан гўзал ибратларни ўрганиб, ихлосу муҳаббатлари жўшиб кетади, ислом нури ҳаётларида, хулқларида ўзгаришлар содир қилади. Ва энг қизиғи эрталабдан бошланган суҳбатлар то пешин намозига қадар давом этади.

 

 

Зиёратга бориш таклифи

 Ўтган ҳафтадаги суҳбатлар вақтида тингловчилардан бири имом домлага бир таклифни берди: “Биз кўҳна Самарқандда яшасакда, бироқ бу маскандаги муқаддас қадамжоларга кам борганмиз. Чунки, бизга у ерни тарихини тушунтириб берадиган махсус таржимонлар йўқ эди. Энди эса бунинг имкони бор.  Агар мумкин бўлса сиз билан ҳаммамиз кейинги дарсларда зиёратга чиқсак”. Бу таклифга “Лаббай” деб жавоб берган Ёқубжон домла дарров зиёратни ташкил этишга киришди. Ноиблари ва бошқа ходимларини ишга солди. Чунки, зиёратга бориш истагини билдирган имконияти чекланганларнинг сони 100 дан ортиқ эди. “Вақф” фондининг вилоят филлиалига мазкур таклифни етказган эди дарров транспорт ва нонушта масалалари ҳал бўлди. 

 

 

25 март, Душанба куни баҳор қуёши чарақлаган кунларнинг бирида имконияти чекланган фуқаролардан 110 нафари Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Имом-хатиб Ёқубжон домла уларга қандай улуғ, мутафаккир зотнинг зиёратига келганликларини ҳазрати Имом Бухрий р.а. ни ибратга тўла ҳаёти ва ислом оламига қолдирган улуғ мерослари мисолида сўзлаб берди. Улуғ зотнинг ҳақларига тиловат ва дуо қилинди. 

 

 

Шундан сўнг зиёратчилар яқиндагина муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан қуриб битказилган Ҳадис илми мактабига ташриф буюрдилар. Айтиш лозимки, бинога киришингиз билан бу ерда сизни имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти тўлиқ қамраб олади. Қаршингизда тартиб билан ишланган бадиий суратлар воситасида муҳаддислар султонининг ҳаёт йўли  фильм тасмалари сингари кўз ўнгингиздан ўтади. Зиёратчилар бинонинг мафтункор меъморий услуби ҳамда ушбу олий мактабда толиби илмлар учун муҳайё қилинган шароитларни кўриб қувондилар.

 

 

Кўзларга ёш келтирган ҳолат 

Масжид имом ноиби Ислом Бобобековнинг айтишича, зиёратдан қайтишда автобусда бир ҳодисанинг гувоҳи бўлиб, ўзи ҳам жуда таъсирланиб кетган. Зиёратчилардан бири қўл телефонида видеочат орқали Жиззахдаги таниши билан суҳбатлашиб кетяпти. (Улар асосан Imo мессенджери орқали суҳбатлашишади) Бирдан суҳбатдошининг йиғлаётганига кўзи тушди. Таржимондан сўраб билсаки, зиёратчи жииззахлик танишига бугун масжид маъмурияти улар учун ана шундай гўзал масканларга зиёрат ташкил этиб беришганини, ҳозир шу жойдан қайтаётганликларини тўлқинланиб тушунтириб кетган. Бундан ҳаваси келган суҳбатдоши қани эди бизга ҳам шундай зиёратлар ташкил этилса деб, кўзига ёш олган....

Имом ноиби эса видео орқали суҳбатга қўшилиб айтибди: Сизлар ҳам иншааллоҳ албатта борасизлар. Биз хизматингиздамиз!

 

 

 Зоиржон Содиқов

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Read 2029 times

Янгиликлар

Top