Ўзбекистон янгиликлари

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳри яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди.

Ушбу қадамжо X-XVII асрларга мансуб мақбаралар мажмуасидир. Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган. 

 

 

Олимлар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эгадир.

Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

 

Шавкат Мирзиёев Ҳаким Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Юртимизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилинди.

 


 Манба: https://president.uz

Read 2643 times

Янгиликлар

Top