Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: «Ислом - нур эканини одамлар тарбиясига сингдира олмадик. Фожиамиз шунда»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбараси ҳам зиёрат қилинган эди.

Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

«Қаерга боришимиздан қатъи назар, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий маркази, мана, Ҳадисшунослик мактабини очганимиз, бунинг тагида жуда катта илоҳий куч бор. Худди алифбога ўхшаб нолдан бошлаяпмиз.

Ислом цивилизация деганимиз - цивилизацияга асосланган нуқтаи назаридан, бу ҳақиқатдан буюк ерлигини асослаб бераётган манбаларни баралла айтишимиз керак. Араб тилини ҳам ўқита олмадик. Ҳозир араб давлатлари замонавий тилга ўтиб кетган. Иккинчидан, таржима қилиш нуқтаи назаридан, жуда катта қўлёзмаларимиз бор. Бироқ, уларнинг таржимасига ҳали қўл урмаганмиз.

Ёшларимизга, халқимизга, уларнинг онгига етадиган тилда, замонавий тилда айтишимиз керак. Мусулмон давлатларга борилса, уларда катта-катта кутубхоналар, марказлари бор, ҳавасинг келади. Улар 15-20 йилда анча олдинлаб кетди.

«Султон Саодат» мажмуаси, саййидлар сулоласи Пайғамбаримизнинг бешинчи авлодига тегишли. Очиқ айтсак, шу билимимизни, шу бойлигимизни, Ислом - нур эканини одамлар тарбиясига сингдира олмадик. Фожиамиз мана шунда», - деди Давлатимиз раҳбари.

«Ҳар йили ўнтагина мўмин-мусулмонни тарбия қилолсак, тасаввур қилинглар, муҳит қандай ўзгаради. Вақт-соати келди, саккиз юзинчи йилдан бошлаб мана шу тарихни тиклаб, одамларимизга ана шу илмий асосларни етказсак, бу ҳам маърифат бўлади. Бу ёшларимиз, халқимиз учун маърифат бўлади», - деб айтган Президентимиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2332 times

Янгиликлар

Top