Ўзбекистон янгиликлари

Энди ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчи ва олимлар Германияда малака оширади

Ўзбекистон билан Германияни 5 минг километрлик масофа ажратиб турган бўлса-да, икки халқнинг тинч ва фаровон ҳаётга интилиши, тараққиётга хизмат қиладиган муштарак ғоялари, меҳнаткаш ва олижаноб инсонлари ҳар қанча олис масофаларни яқин қилишга, бир қарашда мураккабдек туюлган вазифаларни ҳал этишга қодир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил январь ойида Германияга амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ишончли алоқаларни янада мустаҳкамлаб, уларни янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг исломшунос, шарқшунос олимларидан иборат делегация Германия пойтахти Берлин шаҳрида кўҳна қитъанинг нуфузли университетлари, илмий марказлари, музей ва қўлёзма фондларида учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда. Сафардан кўзланган мақсад икки мамлакатнинг исломшуносликка ихтисослашган таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, буюк аллома аждодларимизнинг Германияда сақланаётган нодир асарларини ўрганиш, ҳамкорликда конференциялар, илмий семинарлар ташкил этишдан иборат.

Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институтида ўтказилган учрашув ўзбекистонлик ва немис исломшунос олимлари ҳамкорлигига тамал тошини қўйди.

Таъкидлаш лозимки, Берлин эркин университети Германиянинг энг нуфузли 4 та олий ўқув юртидан бири ҳисобланади. Бу ерда 35 мингга яқин талаба ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлардан таҳсил олади. Германиянинг шуҳрати, обрў-эътиборини оширган Герхард Эртль, Герта Мюллер, Райнхард Зелтен сингари Нобель мукофоти совриндорлари, кўплаб таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари Германия эркин университетининг ўқитувчи ва талабаларидир.

Германиялик мутахассислар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг кўп асрлик диний қадриятлари, бой илмий меросини асраш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. “Ислом илмлари ривожида, айниқса, ҳадисшуносликнинг шаклланиши ва мукаммал фан соҳасига айланишида, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиё уламоларининг ўрни беқиёс. Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, бу ерда сақланаётган қадимий қўлёзмалар дунёнинг турли чеккаларидан шарқшунос олимларни ўзига чорлайди”, - дейди исломшунослик фанлари доктори, профессор Конрад Хиршлер.

Мулоқотда дунёнинг турли чеккаларида дин номидан содир этилаётган нохуш ҳолатлар, муросасизлик ва жаҳолатга қарши туришда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги лойиҳалар – Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрни ва аҳамияти юқори экани қайд этилди.

Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институти билан ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, германиялик исломшунос олимларни Ўзбекистонга жалб этиш, ўқувлар ташкил қилиш, махсус PhD дастурларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистонда малакали исломшунос олимлар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётган бугунги шароитда эришилган ушбу келишувлар муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2050 times

Янгиликлар

Top