Ўзбекистон янгиликлари

Аллома Тақий Усмоний: “Ўзбекистон яна илм марказига айланади”

Бугун, 19 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Покистон давлати муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ билан мулоқот ўтказдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистон заминига қилган ташрифлари қут-баракали бўлгани, зиёратлар ва суҳбатлардан мўмин-мусулмонлар беҳад мамнун бўлганларини билдирдилар.
Ислом фиқҳи, ҳадис илми, шунингдек, замонавий масалалар, хусусан, ислом иқтисоди ва банк масалаларида Тақий Усмоний жуда ҳам катта билим ва тажрибага бўлганлари сабабидан энг муҳим масалаларда яқиндан кўмак беришлари жуда ҳам яхши натижа беришини муфтий ҳазратлари изҳор қилдилар.
Ўз навбатида Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ўзбекистон заминига сафарлари ҳақида гапириб, шундай сўзларни айтдилар:
– Мен ушбу заминни зиёрат қилиш тавсия этилган уч муқаддас жойдан (Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий ва Ақсо масжиди) кейинги ўринга қўяман. Бу юртни кўриш орзу эди. Йигирма етти йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу гал Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент ерларидаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ташрифим билан бу сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон моддий ва маънавий жиҳатда юксалишларга эришган. Бунда юрт Раҳбари ва дин уламоларининг хизматлари беқиёс бўлган.
Маълумки, бу замин аҳолиси жуда кўп синовларни бошидан кечирди. Иттифоқ даврида динга бўлган салбий муносабат ҳаммага маълум. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, бу ерлик аҳолининг имон-эътиқоди бошқа халқлар имонига нисбатан тарихнинг оғир синовларида тобланган. Натижада, маҳаллий мўмин-мусулмонлар ўзларининг муборак динларини сақлаб қолишган. Бу, албатта, Аллоҳнинг фазли қолаверса, уламоларнинг чеккан заҳматлари натижасидир.
Ўтган 27 йил ичида юртингизга дин илмлари ривожлангани, ҳар бир гўшада масжид-мадрасалар фаолият юритаётгани ва ёшларнинг илм олишга бўлган муҳаббатлари янада зиёда бўлганига гувоҳ бўлдим. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон яна илм марказига айланади, иншо Аллоҳ.
Куни кеча бўлиб ўтган суҳбатда мутасадди кишиларнинг Ўзбекистонда Ислом банки фаолиятини йўлга қўйиш ва исломий молияни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари мени хурсанд қилди. Бу борада аввал кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қилиш керак. Покистонда ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлайдиган ўқув юртлари бор. Ёшларни ўқитиб беришимиз мумкин ёки мутахассисларимиз Ўзбекистонга келиб ўқувларни ташкил этишлари ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, бу заминдаги янгиланишларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Бошқа уламоларни ҳам ушбу заминга келишларга тарғиб этамиз. Биз Ўзбекистон Президентининг Ислом қадриятларини асраб-авайлаш йўлидаги меҳнатларини юксак қадрлаймиз ва у кишига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тақий Усмоний ҳазратларининг фикр-мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаб, ҳадис илми, ислом иқтисоди бўйича кадрларни тайёрлаш ва бошқа муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилиш жуда катта натижалар беришини алоҳида қайд этдилар.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Тошкент ислом институтида бўлиб, устоз ва талабалар билан ҳам маърифий суҳбат қурдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2270 times

Янгиликлар

Top