Ўзбекистон янгиликлари

Эртага жума намозида ҳадисда келган ёмғир ҳақидаги дуо ўқилади

Ислом динида ҳар бир ҳолат учун қилинадиган чора-тадбир белгилаб қўйилган. Масалан, ёмғир ёғмай қолса, уни сўраб ўқиладиган “Истисқо” намози ва махсус дуолар бор. Ёки ёмғир тинмай ёғиб, зарар кўриладиган бўлса, уни тўхтатиш учун ҳам алоҳида дуолар мўътабар манбаларда ривоят қилинган.

Ислом тарихидан маълумки, ёмғир тинимсиз ёғиб, талофатлар етган вақтда саҳобаи икромлар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога дуо қилишни сўраганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўлларини кўтариб:
اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا اللَّهُمَّ عَلَى الْآكَامِ وَالظِّرَابِ وَبُطُونِ الْأَوْدِيَةِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ
«Аллоҳумма ҳаваалайнаа ва лаа ъалайнаа. Аллоҳумма ъалал аакаами ваззирооби ва бутуунил авдияти ва манаабитиш шажари» – “Эй Раббим, атрофимизга ёғдир, устимиздан ёғдирма”, “Эй Раббим, уни тепаликларга, тоғларга, водийларга, дарахтзорларга ёғдир”, дедилар.

Шундан сўнг тинимсиз ёғаётган ёмғир тўхтаган, қуёш нур соча бошлаган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)


Ўтган кунлар мобайнида юртимизда узлуксиз ёғингарчиликлар давом этиб, бир қанча жойларда сув тошқинлари содир бўлди ва ноқулай ҳолатлар юзага келди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2019 йил 26 апрель куни юртимиздаги барча жоме масжидларда жума намозидан сўнг Қуръони карим тиловат қилиш, истиғфор айтишнинг фазилати ҳақида сўзлаш ва юқоридаги дуони ўқиш тавсия этилди.
Шундай экан, барча мўмин-мусулмонларни қуёшли кунлар бошланиб, офату балолардан сақланишини, деҳқончиликларимиз қут-баракали ва ризқимиз бутун бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилишга чақирамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2752 times

Янгиликлар

Top